Суриштирув: Шовотлик 19 ёшли келин осилган ҳолда топилгунига қадар қандай воқеалар содир бўлганди?

Марҳума вафотидан бир кун аввал онаси ва бувисига турмуш ўртоғи Муроджон мушти билан бир неча марта урганини, натижада танасининг ўнг тарафи бошидан оёғигача оғриётганини, оғриққа чидолмаётганини айтади ва уйга олиб кетишларини сўраб ёлворади. Аммо куёвнинг отаси «агар қизингизни олиб кетсангиз, қайтариб олиб келмайман ва 20 кун ичида ўғлимни бошқасига уйлантираман», дейди. Ноиложликдан Мухлиса куёвнинг уйида қолдирилади.

Хоразм вилояти, Шовот туманида туғилган, 19 ёшли Қадамбоева Мухлиса Зафар қизи 1 апрель куни келин бўлиб тушган уйида осилган ҳолда топилди.

Хоразм вилояти прокуратураси хабарига кўра, Мухлиса Қадамбоева 1 апрель куни эрталаб келинлик уйининг молхонасидаги ёғоч тўсинга осиғлиқ ҳолда топилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, унинг ўлимига механик асфикция сабаб бўлган. Марҳум аёл 2020 йил октябрь ойида Муроджон Янгибоев билан турмуш қуриб, тумандаги Катқалъа маҳалласида истиқомат қилиб келган. Ҳозирда Шовот туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мухлиса Қадамбоеванинг ўлими ижтимоий тармоқларда кучли акс-садо берди. Бу ҳақда бир неча хабарлар ва баёнотлар тарқалди. Вазиятга имкон қадар ойдинлик киритиш мақсадида, Kun.uz мухбири унинг оила-аъзолари билан учрашиб, фикр-мулоҳазаларини эшитди. Аммо қуда тараф суриштирув якунлангунга қадар, изоҳ беришдан тийилишини маъқул кўрди.

Мухлиса Қадамбоеванинг отаси Зафар Пиров воқеа юз берган пайтда Қозоғистонда бўлган. Қизининг ўлимидан хабар топгач, зудлик билан қайтиб келган. У воқеаларга қуйидагича изоҳ берди.

«29 март куни Қозоғистонга жўнаб кетиш учун Тошкент шаҳрига йўл олдим. Ўша куни қизим аммасининг туғилган кунига бориш учун уйидагилардан рухсат сўраган, аммо рухсат бермай ишга кетишган. Кейин қизим уйдагиларини кутиб ўтиради ва ҳеч ким келмагач, эшикни қулфлаб, калитни ойнанинг олдига қўйиб, рўпарадаги аёл қўшнисидан йўлкира учун 5 минг сўм қарз олиб, уйга келади. Кейин бувиси билан аммасининг туғилган кунига боришади.

Ўша куни дадам (Зафар Пировнинг отаси – таҳр.) менга қўнғироқ қилиб, «қизинг уйга келди, уйида озгина келишмовчилик юзага келибди», деди.

Кейин қизим билан гаплашдим. Суҳбат жараёнида у бўлган воқеани менга айтиб берди. Унга «уйда жанжал юз берган бўлса, бизникида қолавер», дедим. Қизим «ота, сиз кетгандан кейин оилам ўзгарди, олдинам 1-2 марта уйда жанжал бўлди. Сизни хавотир олмасин деб айтмаган эдим. Майли, онамникида қоламан ва эртага уйга кетаман», деди.

Кейин бувиси билан туғилган кунга бориб келишади. Орадан ярим соат ўтгач, уйга «Дамас» машинаси келади. Ундан қизимнинг қайнукаси тушиб келади ва «сизни олиб кетгани дўстим билан келдим, тез чиқинг, ҳаммаси жойида бўлади, уруш бўлмайди», деган.

Ўша пайт хотиним ичкарида бўлган ва шовқин овозини эшитиб, эшик олдига борса, қизим «Дамас»га чиқаётган бўлади. Унинг эшиги очилиши билан «Дамас» орқасида ўтирган одам уни қўллари билан тортиб олади. Хотинимнинг қичқиришига қарамай, машина тезлик билан маҳалладан чиқиб кетади.

31 март куни эрталаб онам ва хотиним қизимни кўриш учун боришади. У кўчада ўтирган бўлади ва «қайнонам эшикни қулфлаб, бозорга кетди, уйга киролмаяпман» дейди. Шунда хотиним қизимнинг юзи ўнг тарафи кўкарганини кўрган. У «Дамас»га миниб кетган пайтим ичида Муроджон (куёв) ҳам бор эди. Йўлда мушти билан зарба бериб борди. Ўнг тарафим бошимдан оёғимгача оғрияпти. Чидолмаяпман, уйга олиб кетинглар» деган.

Ўша пайт қайнонаси бозордан қайтиб келган. Кейин хотиним бундай аҳволга чидамаслигини ва қизни уйга олиб кетишини айтган. Шунда қайнотаси ҳам қайтиб келиб, «агар қизингизни олиб кетсангиз, қайтариб олиб келмайман ва 20 кун ичида ўғлимни бошқасига уйлантираман» деган. Шунда қизим йиғлаб, ичкарига кириб кетган.

1 апрель куни эрталаб қўшнилар телефон қилиб, «қизинг осилиб ўлибди», деган хабарни айтишди. Тезда самолётга чипта олиб, уйга қайтиб келдим.

Қизим ҳеч қандай руҳий хаста ёки бошқача касал бўлмаган. Бизнинг авлодимизда бундай одам ўтмаган. Қизим мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиган», дейди Зафар Пиров.

Мухлиса келин бўлиб тушган Янгибоевлар оиласининг адвокати Қувондиқ Садуллаев ҳозирги вақтда воқеага батафсил изоҳ бериш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди.

«Айни пайтда воқеа юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Суд-тиббий экспертизаси ўтказиляпти. Унинг хулосалари эса ҳали тайёр бўлмади. Шу сабабли, воқеага батафсил изоҳ бериш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман.

Шуни алоҳида таъкидлайманки, ижтимоий тармоқларда тарқалган турли баёнотлар, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Улар ичида уйдирма гаплар ҳам бор. Албатта бундай баёнотлар Янгибоевлар оиласига нисбатан катта босим келтириб чиқармоқда. Такрор айтаман, барча хулосалар тайёр бўлмагунча, Янгибоевлар оиласи ҳар қандай изоҳ беришдан тийилишини сўрайман. Барча ҳужжатларни, якуний хулосаларни олганимдан сўнг, батафсил баёнот берамиз», деди адвокат.

Мухлиса Қадамбоева яшаган Катқалъа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабой Нурметов юз берган воқеа барчани таажжубга солганини айтди.

«Янгибоевлар оиласидаги эркаклар устачилик қилиб, рўзғор тебратишади. Ҳаммаси меҳнаткаш йигитлар, куни бўйи ишда бўлишади. Бу оила ночор ёки нотинч эмас. Шу пайтгача бу оилада бирор келишмовчилик ёки жанжал чиққанини эшитмаганмиз. Бўлган воқеадан жуда ҳам таажжубдамиз», – деди Отабой Нурметов.

Ҳозирги вақтда ҳар иккала оила аза очиб, Мухлисанинг маъракасини ўтказмоқда.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Нурмуҳаммад Саид

 

https://kun.uz/news/2021/04/19/curishtiruv-shovotlik-19-yoshli-kelin-osilgan-holda-topilguniga-qadar-qanday-voqealar-sodir-bolgandi