Менинг исмим Ҳуснора, 32 ёшдаман.

Тошкентдан узоқда жойлашган кичик бир шаҳарчада ўсганман. Оилабоши қаттиққўл ота бўлган оилада ўсганман. Сингилларим ундан жуда қўрқишар ва мен дадамга хотиржамлик билан эътироз билдиришимга доим ҳайрон бўлишарди.

Биз ҳар куни уй ва боғда ишлардик: ёғоч полларни қўлда ювардик, бармоқларимиз доимо қавариб кетарди. Эрталаб мактаб олдидан мол боқиш учун кетардик, дарсдан кейин қафас ва катакларни тозалардик. Онам ҳар доим бизни отамизнинг қаттиққўллигидан ҳимоя қилишга ҳаракат қиларди, бизга раҳми келарди. Биз эса ҳамма нарсани қилардик, ҳар куни қандай иш қилаётганимизни ҳатто тушунмасдик.

Мен ўрта мактабни 3 баҳога тугатганман. Ўқиш учун сабаб кўрмасдим: нима учун ўқишим керак? Барибир, ҳар куни мол-сигир, катак, пол латта. Ўзимни бошқалардан ақлли деб ҳисобламадим ҳам, чунки атрофимдаги барча аёллар фақат уй юмушлари ва ғийбат билан банд эдилар. Ўзимни гўзал деб ҳам ҳисобламасдим. Юзим оддий юзга ўхшайди, танам ҳам шундай… Умуман олганда, ўзимнинг тинч, осойишта ҳаётимда яшар эдим.

Анварни 17 ёшимда учратганман. У катта шаҳардан келган: жуда замонавий, кўк кўйлакда, соқоли чиройли олинган. Баҳор фасли эди, боғлар гуллаб-яшнаб кетган вақт. Бизнинг ҳис-туйғуларимиз ҳам гуллаб-яшнади. У мендан катта эди ва қарама-қарши жинс вакиласи билан муомала қилишда анча тажрибали эди. Унинг гаплари мени осмонларга учирарди. Оқшомлари у билан учрашиш учун ошиқардим, у мени ўпарди ва қучоқларди. Мендаги ўзгаришларни онам биринчи бўлиб пайқаб, суриштира бошлади. Мен уларга ҳаммасини айтиб бердим. Онам отамни уятга қўймаслигим кераклигини айтди. Она нега бунча қўрқаётганини унчалик тушунмадим, лекин отам Анвардан хабар топганида ҳаммасини тушуниб етдим.

Отам узоқ вақт бақирди. Ўртамизда ҳеч нарса йўқлигига қасам ичдим. Кейинги ҳафта дадам Анварнинг қариндошлариникига борди, қайтиб келгач, яқинда тўй бўлиши ҳақида айтди.

Анварнинг олдига борар эканман юрагим қувончдан том маънода кўксимдан отилиб чиқаётгандек эди. Биз турмуш қурамиз, доимо бирга бўламиз, фақат мен ва у. Лекин….

Анвар хурсанд эмасди. У кузда шаҳарга қайтишни режалаштирган экан. Мени кўриб кўзлари ёнмас, менга бошимни айлантирувчи сўзларни айтишдан тўхтади. Кейинчалик у айтганидек, у ёзни яхши ўтказишни хоҳлаган экан ҳолос. Шундай қилиб, у мени йўлдан оздириб, соддалигимдан фойдаланмоқчи бўлган. Ҳаммаси бундай тус олишини кутмаган. Мени шаҳарга олиб кетишга мажбур бўлди.

Дадам менга яхши сарпа бердилар, ҳаяжон билан кўйлакларимни сумкаларга жойладим. Анвар ҳар доим уларни шаҳарда кийганимда жаҳли чиқарди, кўзгу олдида туриб ўзимга оро беришимга куларди. Гап айнан нимада эканини тушунмасдим ва бир куни бўяндим. Албатта, мен қандай бўянишни билмасдим ва бу жуда ғалати чиқди. Мен уни дўстлари билан зиёфатдан келишини кутдим, ҳаяжонландим. Ҳар вақт кўйлагим этагини тўғрилаб, гоҳ-гоҳ ойнага қараб қўярдим. Мен ўзимга ёқмадим, балки, у мени ёқтирар?

Эрим етиб келганида спиртли ичимлик ҳиди анқиб турарди. У менгя қаради ва унинг кўзларида шундай нигоҳ кўрдимки… Биласизми, пошнага ёпишган сақичга қандай қарашади? У шундай қарарди. Мен йиғлаб юбордим. Ва у ғазабланди.

Анвар юзимга тинмай урди. Йиқилганимда эса сочларимдан ушлаб деворга улоқтирди. Деворда лаб бўёғи ва менинг қоним изи бор эди.

Ўша кечаси, кейинг кунлар ҳам у мени зўрлади. Бу жуда оғриқли, уятли, жирканч эди. Мен жимгина йиғлардим, у бундан кўпроқ ғазаблангандек эди.

Эрталаб мен яна яхши хотин бўлишга ҳаракат қилардим. Уй ишлари, овқат тайёрлаш ва ҳоказо. Мен яхши эканлигимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Гўё «Мени севинг, мен жуда фойдалиман!» демоқчи бўлгандай.

У менга яхши муносабатда бўлган кунлар ҳам бўлди. Мазали овқат пиширсам мақтарди. Шундай пайтларда ҳаммасини кечиришга тайёр эдим. Аммо у бир томчи спиртли ичимлик ичса, унда гўё бошқа Анвар уйғонарди. Мен ўлимдан кўра шундан кўпроқ қўрққандим.

Икки йил шундай яшадик. Доимий стресс туфайли ҳайз кўришим йўқолди, сочларим тўкила бошлади. Қўшнимнинг маслаҳати билан Анвардан докторга бориб келишни илтимос қилдим, менга даволаниш буюрилди. Олти ой ўтгач, мен ҳомиладор бўлдим.

Бу хабар билан Анварнинг олдига шошдим, қалбимда икки туйғу кураш олиб борди: шодлик ва ёввойи қўрқув. Мен у хурсанд бўлишига умид қилгандим…

У мени икки соат давомида дўппослади. Қўлим билан юзимни эмас, қорнимни беркитиб, қонга бўғилиб қолдим. Ёрдам бермади. Бир ҳафта ўтгач, ҳомила тушганини билдим.

Маҳаллий шифокорга борганимда, у юзимдаги кўкарган жойларга қаради ва ҳеч нарса демади. Мен жуда уялдим, ер тагига киришга тайёр эдим.

Иккинчи марта ҳомиладор бўлганимда Анвар ҳайратланарли даражада хотиржам эди. Бутун ҳомиладорлигим давомида у менга деярли қўлини кўтармади ва агар кўтарса ҳам, бу унчалик қўрқинчли эмасди. Бунинг учун мен жуда миннатдор эдим.

Гўзал туғилганда унинг менга қанчалик ўхшашини кўрдим. Анвар ҳам буни кўрди. У менинг қизимни ёмон кўрарди. Уни ҳеч қачон кўтармаган ҳам. Мен уни тез-тез бағримга босардим ва «биз бу дунёда ёлғизмиз», дердим.

Нега уйга бормадим? Мен қўрқар эдим. Отамнинг кўзларига қарашга қўрқардим. Мен оиламни шарманда қилишимдан, дадам бошини кўтара олмай қолишидан қўрқдим. Қандай қилиб ўзимча пойтахтга жўнаб, энди калтакланган ва қўлимда бола билан келишим мумкин.

Онам ва сингилларимга қўнғироқ қилардим, шаҳар қанчалик яхши эканини, уйимиз ҳақида айтиб берардим. Биз кулиб, ҳазиллашардик. Улар мени жуда омадли деб ўйлашса керак, қўшниларим ҳам менга ҳавас қилишарди.

Гўзал бир ёшга тўлганда, оёқ босиши менга ёқмади. Бир куни Анвар дастурхон олдида ўтирганди, қизим унинг олдига келиб, тиззасидан қучоқлаб олди. У унга қаради ва тепиб юборди. Боламни, тасаввур қила оласизми? У йиқилиб, ўтириб қолди ва қаттиқ йиғлади. Анвар жаҳл билан ўрнидан турди ва уйдан чиқиб кетди. Шу билан бир неча кун йўқ бўлиб кетди.

Кейинчалик билсам, унинг бошқа аёли бор экан. Унда тез-тез нотаниш атирларнинг ҳидини сезардим ва у деярли ҳеч қачон уйда овқат емасди.

Шундай қилиб, биз яна бир йил шундай аҳволда яшадик. Қизим учун қўрқувга тўла азобли йил. Энди у мени уришидан қўрқмасдим, Гўзалга тегишидан қўрқардим. Анвар унга эътибор бермасликка ҳаракат қиларди. Ҳали ҳам уй юмушларини қилардим, унинг масҳараларига, безориликларига чидардим.

Бир куни у менга уйдан кетишим кераклигини айтди. Аввалига у нимани назарда тутганини тушунмадим. Гўзал билан унинг уйидан чиқиб кетишимиз кераклиги ҳақида айтиб, бақириб кетди. Мен йиғлай бошладим, у юзимга муштлади. Ҳар доим менинг кўз ёшларим унинг асабига тегарди. У мени қайта-қайта урар, қизим шовқинга югуриб чиқди ва қўрқувдан йиғлай бошлади. Мен уни қучоғимга олиб, бу уйдан қочиш учун унинг олдига югурдим, лекин улгурмадим. У мени орқамдан итариб юборди ва менинг бошим стол четига урилди.

Касалхонада кўзимни очдим. Қўшнилар милицияга қўнғироқ қилишган экан ва улар тез ёрдам чақиришган. Бу менинг ҳаётимни сақлаб қолгандир, балки. Анварни қамоққа олишди. Ҳозир ота-онамникига кетишим керак ёки қизим билан ўзимизга бундан ҳам ёмон бўлишини англадим.

Отам эрталабгача гапларимни эшитди. Онам йиғларди. Сингилларим чақалоқ билан овора эди. Отам айтганларимнинг ҳаммаси рост эканлигига ишонмасди. Анварга тегмасликни, уни умуман унутишини илтимос қилдим. Агар отам қамалса, менга осон бўлмаслигини тушунтирдим. Бу менга қандай қийинчилик билан келганини айтмайман, лекин отам бизни қабул қилди. Айтишим мумкинки, менинг умидим ҳам йўқ эди, мен кўпроқ ташвишланардим. Отам ўзини айбдор ҳис қилгандай туюлди ва мени ҳеч қачон қораламади.

Гўзал билан янги ҳаётимиз бошланди. Ҳа, қўшнилар ғийбат қилиб, бармоқлари билан бизга бигиз қиларди. Лекин мен мағрурлик билан бош кўтариб юрардим, гарчи ичимда уларнинг қарашларидан сиқилиб кетаётган бўлсам ҳам. Ҳали ҳам ёноғимда чандиқ бор, ўша кечадан эсдаликдай, ўша машъум кеча…

Мен ательега ишга жойлашдим, ҳозир кийим-кечакларнинг майда таъмири билан шуғулланаман. Моделлаштириш курсларида ўқимоқчиман – балки кийим тикишим ҳам мумкин. Гўзал ақлли ва чиройли қиз бўлиб улғаймоқда. У менинг тақдиримни такрорламаслиги учун қўлимдан келган ҳаммасини қиламан.