Блогер Дониёр Каюмов тазйиқ, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлагани ва тарқатгани учун жаримага тортилди

26 апрель куни Nemolchi.uz лойиҳаси блогер Дониёр Каримов томонидан саҳифасида жойлаштирилган видеони текшириш ва у қонунчиликни бузган бўлса, жазога тортиш ҳақида Бош прокуратурага мурожаатини эълон қилди. Шунингдек биз ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошган Яккасарой туман ИИВ ходимларининг ҳатти-ҳаракатларига баҳо беришни сўраганмиз.

Бош прокуратурада иш Тошкент шаҳар прокуратураси назоратида эканлиги маълум қилинди. Экспертиза мазкур ролик Ўзбекистон қонунчилигини бузганини аниқлади, текширув натижаларига кўра Дониёр Каюмовга нисбатан ЎзР МЖтК 189-1 моддаси (тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан маъмурий иш қўзғатилди ва иш судга оширилди.

Олий суд матбуот котибининг Nemolchi.uz лойиҳасига маълум қилишича, Д.Каюмов базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварида жаримага тортилди. Ваҳоланки мазкур модда бўйича тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шу жумладан уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Судья Д.Қаюмовнинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмагани, ўз айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилмишидан пушаймонлигини асос қилиб олди.

Ушбу видеони тайёрлашда иштирок этган бошқа шахслар нима учун жавобгарликка тортилмагани сирлигича қолмоқда. Эҳтимол, жазони юмшатиш ва барча иштирокчиларни жиноий жавобгарликка тортмаслик учундир? Зеро, бу нафақат Дониёр Қаюмовнинг, балки уни ишлаб чиқаришда иштирок этган бир гуруҳ одамларнинг маҳсулотидир.