Гендер стереотиплар аёллар ишига қандай таъсир ўтказади: шишали шифт нима ва унинг ҳукуматдаги аёлларга нима алоқаси бор?

Биз ёпишқоқ пол (https://t.me/SukutSaqlama/3058)ва аёллар ўз лавозимида маҳкам туриши нима учун қийинлигини ёзганмиз.

Гендер тенглик тадқиқотларидаги «шишали шифт» атамаси 1980 йилнинг бошида ошкора айтилмайдиган ва расмий тарзда ҳеч қандай қайд этилмаган ижтимоий тўсиқни (карьерадаги «шифт») ифодалаш учун киритилган. Ушбу тақиққа кўра, аёлларнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб кўтарилиб боришида уларнинг касбий малакаси билан боғлиқ бўлмаган тўсиқлар пайдо бўлади. Вақт ўтиб ушбу атама кенгайтирилиб, бошқа ижтимоий гуруҳларга нисбатан ҳам қўлланила бошланди.

Аёллар бугун ҳам ушбу кўринмас тақиққа учрамоқда. Масалан, АҚШнинг 500 та етакчи компаниялари ўрганилганда, гарчи уларнинг паст лавозимли ходимларининг аксарияти аёллар бўлса-да, топ менежерларининг 84 % и эркаклар эканлиги маълум бўлди (ушбу компанияларда директорлик лавозимларининг 88% и кучли жинс вакилларига тегишли). Ушбу тўсиқ камситиладиган ижтимоий гуруҳлар чуқур илдиз отган стереотиплар билан боғлиқдир (хусусан гендер масалалари).

Замонавий тадқиқотчиларнинг фикрича, аёлларнинг юқори ва масъулиятли лавозимлар сари йўлидаги асосий тўсиқларга корхоналарнинг анъанавий кадрлар сиёсати ва аёл киши лидер ролига тўғри келмайди, деган хурофотлари киради.

Ирқий, этник, диний ва бошқа ижтимоий гуруҳлар вакиллари ҳам шишали шифт қурбонларига айланиб туришади.
БМТ маълумотларига кўра (http://archive.ipu.org/wmn-e/classif.htm) ҳукуматда аёллар сони 20 % га тенг. Ўзбекистонда бир тарафдан Сенатда аёллар 32 % ташкил этса, лекин Вазирлар Маҳкамасининг аввалги ва бугунги таркибида атиги бир аёл бор эди. 2022 йилда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бўлса, бугунги кунда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. Қолган вазирлар ва идоралар раҳбарлари – эркаклар.
Демак, ҳукуматда фақат эркакларни кўриб, ҳокимият аёллар учун эмас, деган ақидани шакллантирамиз.

Нигина Худайбергенова