Қозоғистонда оилавий-маиший соҳада жазо кучайтирилди. Оилавий зўравонлар 10 йилгача қамалиши мумкин

Қонун маиший соҳадаги ҳуқуқбузарликлар, хусусан, баданга оғир ва ўртача шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтирди – Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 106 ва 107-моддалари. Ҳужжат жиноятчига моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан қилмишни содир этганлик учун квалификацияга аниқлик киритди, бунда оила аъзолари тушунилиши мумкин.

Илгари 106-моддага кўра 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жавобгарлик назарда тутилган бўлса, эндиликда 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бундан ташқари, маъмурий ёки жиноий иш жабрланувчининг аризасисиз ҳам очилиши мумкин. Яъни маъмурий ишлар жабрланувчининг аризасисиз ҳам қўзғатилиши мумкин экан.

Баённома расмийлаштириш учун энди қўшниларнинг кўрсатмалари, видеокузатув камералари ёки полиция ходимининг видеорегистраторидан олинган ёзувлар етарли бўлади. Томонларни қайта яраштириш имконияти ҳам истисно қилинмоқда. 2022 йилда маиший низолар бўйича судга 47 мингта маъмурий баённомалар юборилган, шундан 20 мингтаси ярашув туфайли тугатилган. Энди судда фақат бир марта ярашиш мумкин бўлади. Шу яраштирув тизимини бизда қайта кўриб чиқиш керак экан. Аёлини ҳадеб калтаклаб, кейин гўё «ярашиб» яшаб юрганлар қанча. Иш маъмурий баённомагача етиб бордими, эр-хотин ўтириб олиб оилани сақлаб қолиш ёки сақлаб қолмасликни ўзлари мустақил хал қилиб олишлари ва кейинчалик бундай низога қайта йўл қўймаслик керак.