Болаларни қадрсизлантирувчи жумлалар

Аввал қадрсизлантириш ҳақида ёзганмиз. Бугун эса ота-оналар қандай жумлалар билан болаларини қадрсизлантириши ҳақида ёзамиз.

 

  1. «Бефаҳмсан»

Бола хато қилса, кўплаб ота-оналар уларни мазах қилиб, турли ёрлиқлар билан сийлашади. Сиз боланинг ҳаракатларини танқид қилишингиз мумкин, лекин ўзини эмас. Уни асло ҳақоратламанг. Бундай сўзлардан кейин унинг ўзига ишончи буткул йўқолади ва иштиёқи сўнади.

Нима қилиш керак: Фарзандингизга ҳамма ҳам хато қилиши ва бунинг қўрқинчли жойи йўқлигини айтинг. Яхшиси вазиятни биргаликда тузатишни таклиф қилинг.

  1. «Хўш? Фаҳрланган нарсасини қаранглар!»

Агар ота-оналар ушбу иборани болага тез-тез такрорлашса, унда ўзидан доимий қониқмаслик ҳисси ривожланади. Эҳтимол, кейинчалик носоғлом мукаммалликка интилиш пайдо бўлиши ёки аксинча, бола умуман ҳеч нарсага қизиқмай қўйиши мумкин. Нима кераги бор? Шундоқ ҳам ота-она ундан норози бўлади, ҳаракат қилиб зарилми унга!

Нима қилиш керак: Бола нима қилса ҳам, уни мақташ учун баҳона топилади. Қўллаб-қувватловчи сўзларни болангиздан аяманг.

  1. «Яхшироқ қилсанг бўларди»

Бундай ибора болага унинг меҳнати ва ҳаракатлари беҳуда эканлигини кўрсатади. Ота-онаси унинг ишини қадрсизлантиради. У туртки бермайди, аксинча, бу жумлани эшитган бола ёпилади. Келажакда бундай бола ўзини ривожлантириш учун эмас, балки ҳамма учун нимагадир қодирлигини исботлаш учун бирон нарсага интилади.

Нима қилиш керак: боланинг ҳар қандай интилишларининг ўзи яхши натижа. Ҳеч нарса ўхшамаса-да, уни мақтанг. Йўл қўйилган хатоларни муҳокама қилишни таклиф қилинг. Шунда кейинги сафар уларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади.

  1. «Нолишни бас қил

Туйғуларга тақиқ жумласи. Агар сиз болангизга бу ҳақда тез-тез айтсангиз, у ҳис-туйғуларини кўрсатишни тўхтатади ва сиз учун ёпилади.

Нима қилиш керак: Фарзандингиз ҳис-туйғуларни таниб, уларни ҳис қилишни ўрганиши муҳимдир. Унга ҳис-туйғуларини енгишга ёрдам беринг.

  1. «Ҳали кичиксан, жим ўтир»

Боланинг ёши сабабли ўз фикрини билдириш ёки қарор беришни тақиқловчи жумла. Бунда бола ўзининг қадрли эканига шубҳаланади.

Нима қилиш керак: ота-онанинг вазифаси – болага катта бўлишда ёрдам бериш. Шунинг учун болаларнинг сўзлари ва истакларини тинглаш жуда муҳим.

  1. «Дўстингга қара, сендан кўпроғига эришган»

Негадир аксарият ота-оналар болани бошқалар билан таққослаганда уни илҳомлантирамиз, деб ўйлашади. Асло ундай эмас! Бундай таққослаш унинг ўзига баҳо беришига салбий таъсир кўрсатиб, бутун иштиёқини ўлдириб қўяди.

Нима қилиш керак: болани кераксиз рақобатда иштирок этишига ундаманг. Таққосласангиз, фақат ўзининг ўтмишдаги натижалари ва ютуқлари билан солиштиринг.