Ўзбекистонда эркак спортчи ва аёл спортчилар қандай тақдирланади

Ўзбекистонда эркак спортчилар ва аёл спортчиларни тақдирлашда фарқми, нима деб ўйлайсиз?

Эркак спортчиларга нима совға қилинади:

  1. 2020 йилда WBA ва IBF бўйича жаҳон чемпиони боксчи Муроджон Ахмадалиев президент совғаси – уч хонали квартира ва Tracker автомашинаси билан тақдирланди.

Уй ва машина калитини унга бош вазир Абдулла Арипов топширди.

  1. Ўзбек боксчиси Исроил Мадримовга Олмалиқ шаҳридаги янги қурилаётган уйлардан 3-хонали уй берилиши ҳақида сертификат топширилди.

Тошкент вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ташаббуси билан Олмалиқда ёшларнинг халқаро майдонда чиқиш қилаётган маҳаллий боксчилар – Исроил Мадримов ва Муроджон Ахмадалиев билан учрашув ўтказилди.

Тадбир якунида Исроил Мадримовга шаҳар маъмурияти номидан янги қурилган уйда жойлашган 3 хонали квартирани олиш тўғрисидаги сертификат топширилди.

  1. Ёш сузувчи Ислом Аслановга янги қурилаётган уйдан хонадон совға қилинди.

Спортчи сузиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлиб, жаҳон спорт ареналарида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда. 2019 йилда у коронавирус пандемияси сабабли қолдирилган Токио Олимпиадасида иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритган.

  1. Шахматчи Жавоҳир Синдаровга Тошкентда уй совға қилинди.

Жавоҳирга Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувохидов Сергели туманидан 3 хонали квартира калитини топширди

– У 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида иккинчи, Осиёда эса биринчи – энг ёш шахматчига айланди

Аёл спортчиларга нималар совға қилинади:

  1. Наманган ҳокими спортчи қизга тикув машинаси ва бир жуфт қўй совға қилди

Тўрақўрғон фарзанди Усмонжонова Мадина спортнинг эркин кураш йўналишида Қозоғистон Республикасида ўтказилган Осиё чемпионати кумуш медалини вилоят ҳокимига тантанали равишда тақдим қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

«Курашчи Мадина ҳозирда яна бир нуфузли кураш мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда. Вилоят ҳокими мулоқот асносида спортчи қизимизга тайёргарлик учун шароит яратиб бериш мақсадида ҳомийлик, тикув машинаси ва бир жуфт қўй совға қилди», дейилади хабарда.

  1. Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан 19 яшар Мушарраф Ибодуллаева Сербияда бўлиб ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Спортчи қиз Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида шартнома асосида таҳсил олган. Қашқадарёда президент билан ёшларнинг учрашувида Мушарраф контракт пулини тўлаш билан боғлиқ муаммоси ҳақида Президентга айтади. Президент эса ўз навбатида спортчига бундан буёғига университетда бюджет асосида ўқишини ваъда қилди.

Лекин баъзан қизларга ҳам тузук совғалар берилади. Масалан, автомобиль.

Ёшлар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган спортчи қиз Нигина Ўктамовага Nexia 3 совға қилинди.

Унинг фикрича, спорт, хусусан боксга қаратилаётган эътибор натижасида ғалабалар кўпайиб бормоқда.