Вербал зўравонлик нима ва у билан қандай курашиш керак

Зўравонлик деганда доимо ҳам калтаклаш ва жинсий зўрлаш тушунилмайди. Зўравонлик вербал (оғзаки) ҳам бўлиши мумкин. Фарқи шундаки, оғзаки зўравонлик баданда из қолдирмайди, уни қайд қилиб бўлмайди. Лекин бунда ҳам қурбон яхшигина эзилади. Энг муҳими, вербал зўравонлик инсон руҳиятига таъсир қилиб, унинг ўзига бўлган ишончини сусайтиради ва йўқ қилиши мумкин.

Вербал зўравонлик қандай кўринишга эга?

  1. Овоз кўтариш

Вербал зўравон асабини жиловлай олмайди. Нимадир у хоҳлагандай кетмаса овозини баландлатади. Вербал абьюзер билан суҳбатлашганда ўзингизни эркин тута олмайсиз, доимий қўрқувда бўласиз – нимадир нотўғри гапирсам-чи, унинг асабини бузиб қўйсам-чи ва ҳоказо.

  1. Гаплашмаслик

Сиз кимдир билан урушиб қолдингиз. Бироз вақт ўтгач, сиз суҳбатдошга савол билан мурожаат қиласиз. У эса менсимай юз ўгиради, ўзини хафа бўлганга солиб, юзи ёришмай, бир неча кун ёки ҳафта давомида сиз билан гаплашмасдан азоблайди.

  1. Қадрсизлантириш

Сиз яқинингизга ичингизни ёрасиз, ҳис-туйғуларингиз ҳақида гапирасиз, фикрларингиз билан ўртоқлашасиз. У эса барча ҳис-туйғуларингиз йўққа чиқаради. Ундан тахминан шундай ибораларни эшитасиз: «шуям муаммо бўлди-ю? Мана менда…»,»Менда сенинг муаммоларинг бўлганидами» ёки «пашшадан фил ясама».

  1. Ҳақоратлаш

Сизни доимо жинни, аҳмоқ, эпсиз, довдир, семиз, омадсиз ва ҳоказо сўзлар билан “сийлашади”. Сиз ёмон онасиз, негаки “яхши тайёрламайсиз”, “кўринишингиз аввалгидай эмас, хунуксиз” ва ҳоказо.

  1. Масхара қилиш

Ҳақоратлар хазиломуз бўлса ҳам улар барибир ҳақоратдир. Сизни мазаҳ қилишади, заиф томонларингиз устидан кулишади, сизга ҳақоратли ўйлаб топишади, исмингизни калака қилишади. Бунда сиз бас қилишни сўрасангиз “бу шунчаки хазил, ўзингга олма” дейишади.

  1. Танқид

Одам ҳар бир ҳаракатингизни танқид қилади. Ҳаммасини зўр қилсангиз ҳам “яхшироқ қилсанг бўларди” деган гапни эшитасиз. Бирон ишга қўл урмоқчи бўлсангиз, “тажриба орттириш кераклиги” уқтирилади. Вербал зўравон камдан-кам ҳолатда сизни мақтайди, шундай қилган тақдирда ҳам кошки мақтамаса эди дейсиз.

  1. Инкор қилиш

Зўравон ўзини жуда яхши тутади. Ҳаммасига сизнинг ҳиссиётларингиз ва беқарор руҳиятингиз сабаб. У буни назарда тутмаганди ва сиз ҳар доимгидек ҳаммасини нотўғри тушундингиз. Ва умуман олганда, ҳеч нарса бўлмади.

Вербал зўравон билан қандай мулоқот қилиш керак

 

  1. Ўз чегараларингизни ўрнатинг. Бу сизни ҳафа қилишини ва бас қилишини сўранг. Бундай оҳангни кўтара олмаслигингизни айтинг. Эҳтимол, суҳбатдошингиз ўз ҳатти-ҳаракатларига жавоб бера олмаётгандир.
  2. Яқинларингиз ёрдамига таянинг. Вербал абьюзерлар ўзларини яхши кўрсатиб, қурбонни айбдор қилишга уста. Яқинларингизда муаммоларингизни яширманг, йўқса зўравон сизни назорат қилиш осон бўлади.
  3. Партнёрингиз таҳқирловчи ҳатти-ҳаракатлари ўзингизга ишонч йўқолишига олиб келади. Ёдда тутинг, сиз айбдор эмассиз, муаммо зўравонда.
  4. Вербал абьюзер билан яхшиликча келишиш имконсиз бўлса, бундай одам билан мулоқотни узинг. Сизнинг руҳий ҳолатингиз биринчи ўринда туриши керак.