Ҳудуд муаммоларини ўрганмоқчи бўлсангиз аёлларнинг кўзларига қаранг

— Бизнинг бошлиғимиз Ирода Батировна доимо айтадилар: «Ҳудуд муаммоларини ўрганмоқчи бўлсангиз аёлларнинг кўзларига қаранг. Уларни тингланг ва гўё уларнинг ҳалоскори сифатида гаплашинг».

— Уларнинг кўзларида нима кўряпсиз?

— Умид. Катта умид.

Мен Фурқат билан гаплашяпман. У Хоразм вилояти мактабгача таълим бошқармаси таълим-тарбия сифатини таъминлаш ва методик хизматни ташкил этиш бўлимида ишлайди. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Қорақалпоғистонга уюштирган пресс-турида бир машинага ўтириб қолдик.

90-йилларнинг бошларида Хоразм вилоятида 700 га яқин давлат болалар боғчалари фаолият юритарди. 2017 йилда уларнинг сони 217 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда 339 та давлат ва 70 та хусусий боғчалар мавжуд. 900 дан ортиқ оилавий боғчалар фаолият кўрсатмоқда.

Оилавий болалар боғчаларини маҳаллада ижарага уй оладиган ёки уйининг бир қисмини ажратадиган одамлар очади. Давлат субсидиялари ҳисобидан иморатлар тартибга келтирилади, болалар овқатланишига ажратилади ва ҳоказо. Бу маҳаллий аҳоли учун жуда қулай: битта маҳалла болалари битта боғчага биргаликда боради. Ҳаммаси маҳалла ичида. Бурндай боғчаларда кўп билан 25 нафар бола тарбияланади. Бундан ташқари камида 17 нафари давлат боғчаси ставкалари бўйича қабул қилиниши лозим. Оила боғчаларида яна бир ижобий томони: аёллар иш билан таъминланади. Бир оилавий боғчада ўрта ҳисобда икки аёл ишлайди.

— Вақтимиз бемалол бўлганда мен сизларни Туркманистон билан чегарадош ҳудудга олиб борардим. У ерда чегараолди қишлоғида бир аёл оилавий боғча очган. Муножат ўтган йили қабул келиб, йиғлаб, ҳар қандай ишга киришга тайёрлигини айтади. Эри вафот этиб, иккита бола билан қолган. Қишлоқда эса иш йўқ. Ҳоким ҳузурига борса унга ободонлаштиришда ишлашни таклиф қилишди, иш ҳақи 800 минг сўм экан. Аёл бу пул иккита болани катта қилишга етмайди деб кўнмади. Бизнинг бошлиғимиз эса Муножатга болалар боғчаси очишни таклиф этади. “Бунинг учун жой керак, мен эплай олмайман”, дейди аёл. “Уйингиз борми?” – “Бор”. Мен ва ҳамкасбим дарҳол уйига бордик. Каттагина, фақат озроқ пардозлаш ишлари керак эди. Аёл уддалай олишига ишонмасди. Кўндиришга анча вақт кетди… Охири шартнома имзоланди, пул ажратилди, бир неча кунда ҳовли чиройли бўлиб қолди. Ҳозир бир ойда 3-4 миллион сўм фойда кўради. Унинг кўзларини кўрганингизда эди! У шунчалик ўзгардики. Энди боғчасини кенгайтирмоқчи, янги режа тайёрлаётган экан.

Қорақалпоғистон мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова хабар беришича, деярли барча оилавий болалар боғчалари аёллар томонидан очилади. Ва аёллар иш билан таъминланади. 100 та шундай боғча – 200 нафар аёл иш билан таъминланди дегани. 1000 та боғча – аёллар учун 2000 иш ўрни. Бундай болалар боғчасини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида очиш қийин эмас. Агар сиз бу масала бўйича қизиқсангиз, Мактабгача таълим вазирлигига қўнғироқ қилинг: +998 71 207 04 08 (ДХШ масалалари бўйича ички рақам – 2).