Мен эримга фақат виза ва пул учун керакман

Бакалаврни Узбекистонда Жаҳон тиллари университетида тамомлаб, магистратурани савдо алоқалари йўналишида ҳорижда тамомладим. Ҳаётда кучли бўлиб йиқилганимда ўзим тура оладиган бўламан, деб олдимга улкан мақсадлар қўйдим ва эришдим (Аллоҳга шукр). Ҳозирда чет эл компаниясида экспорт бўлимида менежер бўлиб ишлайман. Уйдагилар оила қуриш вақти келди, деб ҳолимга қўйишмади, лекин ўзимга мос инсон учратмаган эдим.

Онамнинг қистовлари билан яқинларим маслаҳати орқали бир йил олдин оила қурдим. Турмуш ўртоғим ҳам чет элда шартнома асосида ишчи визада келган эканлар ва визалари мени учратган пайтларида тугаган, улар эса яна қолиб ишлашни хоҳлаганлар, лекин Узбекистонга қайтадан шартнома орқали имтиҳон топшириб киришдан бошқа чора йўқ ҳолатда бўлганлар.

3 марта учрашгандан кейин жуда шошиб оила қурдик. Чет элда “яшаш учун гувоҳнома” олганим сабаб уйланмоқчи бўлганлар сони кўп эди. Доим ҳавотирда эдим. Ва, афсуски, шунақа бўлди. Бир-бирмизни ўрганайлик, 6 ой вақт ўтсин, деб жуда қаттиқ туриб олгандим, бошқа вилоятдан бўлганлари учун оиласи ҳақида малумот ҳам йўқ эди. Бир марта уйланиб бир фарзандли бўлиб ажрашган эканлар. Шундан бошқа маълумот билмадим.

Қиш ойи эди. Бошлиғим ёзда бориб тўй қилинглар, ҳозир иш кўп, деб рухсат бермади. Лекин улар билетларни шошиб югуриб ўзларини визалари тугайдиган кунга мослаб олиб бўлгандилар. Бошлиғим чорасиз 20 кун зўрға жавоб бердилар ва ўзлари ҳам Ўзбекистонга бориб туйда қатнашдилар. Тўйдан бир ҳафта ўтиб, қайта чет элга учдим ва ишимни давом эттирдим. Уларга таклифнома юбордим кириб келишлари учун. Олдинги оиласи алимент 18 ёшгача тўламасдан кетмаслиги учун запрет қилишибди. Шу баҳона билан 6 ой паспорт ололмадилар ва паспортни амаллаб олганларида элчихона COVID-19 сабаб ёпилди.

Бу орада доим телефон орқали алоқада бўлиб турдик. Аста-секин уларнинг оиласидаги муаммоларни билдим, қайнонам ўғлим билмасин деб пул сўрашни бошладилар, мен эса жўнатиб турдим. Чет элга ҳужжат қилиб ишга юбораман деб одамлардан пул олиб ҳовли, Тошкентдан дом олишган, ваъда берилган одамлар кета олмаган, пул олган одамлар эса элчихонадан ушланиб қамалиб кетишган. Пул берган одамлар судга бериб қайнонам қамаладиган бўлдилар ва Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлдила.

Ҳозирда фирибгарликда айбланиб қидирувда. Ҳовли ва домларини сотиб, ўғиллари чет элда ишлаган пуллар ҳам қарзни ёпиб олишмабди, бу воқеалар мени учратгунча бўлган. Буларни кейин билдим. Турмуш ўртоғим эса жуда оми инсон экан, афсуски, кимнинг пули бўлса шунга қараб муомала қиладилар, оналари пул топган пайтларда пул жуда катта бўлган, унча-мунча пулни менсимайдилар. Бир неча марталаб пул сўраганларига юбориб турдим. Бу ердан қайнонам ўғлидан сир тутиб мендан пул олса, бошқа томондан ўғиллари катта-катта пул сўрайдиган бўлишди.

«Ойлигингни ҳаммасини олмаганимга раҳмат дегин» деб урушадиган бўлдилар. Мен уларга фақат виза, пул учун керакдек эдим. Бирон яхши сўз эшитмадим. Отасиз ўсганман, вақтли оламдан ўтганлар. Онам, опам, акамдан бошқа яқин инсонларим йўқ. Акам ҳам чет элдалар, уларга ҳамма нарсани ҳам айтмайман, тўйга жуда норози бўлгандилар. Турмуш ўртоғим билан орамиз 6 ой ичида жуда ёмон бўлиб кетди. Ҳадеб асабийлашганимга яқинда юрагим санчганига шифокорга борсам, юрагимда томирларда қон бекилиб яхши ўтказмайдиган бўлиб қолди, деб айтди.

Энди 30 ёшга кирдим. Бир биримизни сева олмадик. Ҳозир умуман гаплашмаяпмиз. Иккаламиз буткул ҳар хил оламда яшаймиз. Асл воқеаларни гапириш учун шу мактубим камлик қилади. Ҳуллас ҳозирда 8 ой бўлди гаплашмаганимизга, яқинда элчихонадан визага “отказ” берилибди, тўйдан кейин дарров четга чиқиб кетганим учун, “фиктив” никоҳ деб ўйлашибди.

Ажрашишга топширмоқчиман, у эса пўписа қила бошлади, агар виза қилиб бермасанг ҳаётингда эсдан чиқармайдиган бир иш қиламан дейди. Мен фақат оиламдан, онам ва жиянларимдан ҳавотирдаман, улар ёлғиз Ўзбекистонда. Қамалиб кетишдан қўрқмайман дейди. Мени бошқа виза қилиб бериш ниятим йўқ, у билан қонунан ажрашмасдан виза қилиб берсам мени шахсий ҳаётим нима бўлади? У бирон қонун бузиб, нолегал чиқса, мен бутун умр қилган меҳнатимга куяман, чет элда қонунлар қаттиқ.

Сен тўй кўришинг керак деб Ўзбекистонга келдим, бўлмаса нолегал юриб пул ишлардим, дейди. Тўй пулларини қайтариб бер, деб бир неча марта гапирди. Шунақа қилмоқчи ҳам бўлдим, уларга берган пулим тўйни ярим ҳаражатига тўғри келса керак.

Энди сизлардан илтимосим, ўз оилам, яқинларимни ундан қандай ҳимоя қилсам бўлади, маслаҳатингизни аяманг.