Сталкинг нима ва ундан қандай ҳимояланиш мумкин

Сталкинг – таъқиб қилиш тури бўлиб, маълум одам томонидан сизга нисбатан исталмаган эътибор, таъқиб ва ​​кузатув шаклида ифодаланади. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам таъқиб қилувчи бўлиши мумкин.

Сталкинг қандай намоён бўлади:

«Мен ёнингдаман»

Сталкер гўёки ўзи билмаган ҳолда доим ёнингизда бўлиб қолади. Шу билан бирга, сиз уни шаҳарнинг турли жойларида учратишингиз мумкин, бунда фақат бир нарса ўзгармайди – бу кутилмаган «тасодифий учрашув» бўлади.

Яна бир вариант: унинг йўли доимо сизники билан бир хил. Сиз шаҳарнинг шимолида, у эса жанубда яшаши ҳам иккинчи даражали. У ҳақиқатан ҳам у ерга бориши керак бўлса-ку, майли, лекин у сизнинг маҳаллангизга бориш учун ғалати баҳоналар ўйлаб топиши мумкин “сизнинг маҳаллангизда нонни шундай мазали тайёрлашади-ки”, лекин бизнинг мамлакатда мазали нонни шаҳарнинг ҳар бир бурчагида топиш мумкин. Йўқ, айнан уйингиз ёнидаги нонвойхонада нони мазали эмиш.

«Алло, бу менман

Агар сизга яхши суҳбатдош билан ёзишиш ёки телефонда гаплашиш ёқса – бемалол. Лекин сиз бир неча бор бўлар-бўлмасга безовта қилмасликни сўрасангиз-у, суҳбатдошингиз эса буни тушунмай, сизни ўз қўнғироқлари билан таъқиб қилаётган бўлса, диққатли бўлинг.

«Бу кўйлакни танишган кунимизда ҳам кийгандинг»

Хотиранинг яхши бўлиши ёмон эмас, албатта. Аммо у сиз ҳақингизда майда деталларгача билиши – фалон куни қандай кийим ёки пойабзалда бўлганингиз, тирноқларингиздаги лак қайси рангда бўлгани, сочларингиз турмаги, қандай нафас олишингизгача билса, ишонинг, бу сизни эҳтиёткор бўлишга чорлашиш зарур.

«Сен ҳақингда ҳаммасини биламан»

Сталкер дўстларингиздан сиз ҳақингизда сўраши мумкин. Масалан, у сизнинг бир вақтлар фалончи билан ишлаганингизни билиб қолди – дарҳол собиқ ҳамкасбингиздан сиз ҳақингизда барча маълумотларни олишни бошлайди. Аввалги ишингизда нима қилгансиз, ким билан суҳбатлашдингиз, нима учун кетдингиз, ҳозир қаердасиз, қандай маош оласиз ва ҳоказо. Масалан, сиз телефон рақамингизни ўзгартирган бўлсангиз, собиқ ҳамкасбингиз орқали сталкер сизга ўзи ҳақида хабар бериши аниқ. У дўстингиздан сизга янги лойиҳада иш таклиф қилишини сўрайди, сиз билан жуда муҳим суҳбат қурганлигини ёки гўёки сизни ажаблантирмоқчи эканлигини айтади. Шу тарзда у сизнинг телефон рақамингизни олиши ёки янги иш жойингизни билиши мумкин.

«Қаердасан? Ким билан

Ҳар бир қадамингиз назорат қилинади. Йўқ, бу ғамхўрлик эмас – назорат. Ҳозир қаердасан? Ёнингда ким бор? Нега олдинги қўнғироқларимга жавоб бермадинг? Қаерга бормоқчисан? Кечқурун-чи? Эртага-чи?

«Сен учун лайкларни аямайман»

Сталкер саҳифаларингиз ва аккаунтларингизни диққат билан кузатади. Барча суратларингизга лайк қўяди, ҳатто бир неча йил аввал қўйиб, унутган суратларингиз ҳам унинг эътиборидан четда қолмайди. Бу ҳам барчаси эмас. У ҳамма постларингиз, шарҳларингизни ўқийди, сизнинг барча қариндош ва яқинларингизни аниқлаб олади. Яқин дўстларингизга “дўстлик” таклиф қилиши мумкин. Унга сиз билан боғлиқ барча нарса муҳим. Ва, албатта, ижтимоий тармоқларда сизга тинмай хабарлар юборади.

Сталкер – албатта севиб қолган “Фарҳод” ёки “Ширин” бўлмаслиги ҳам мумкин. Сизга жинсдош ҳам бўлиши мумкин. Масалан, аёл эрининг собиқ севгилисини таъқиб қилади.

Сталкердан қандай ҳимояланиш мумкин:

  1. Мулоқотни чекланг. Яхшиси, умуман гаплашманг.
  2. Дўстларингиз имкон борича ёнингизда бўлишларини илтимос қилинг.
  3. Сталкер билан ёлғиз қолмасликка ҳаракат қилинг.
  4. Сизга ҳаддан ташқари эътибор қилса, уни барча саҳифаларингизда блокланг. Телефонингизда ҳам “қора рўйхат”га киритинг.
  5. Маршрутларингизни тез-тез ўзгартиринг, негаки сталкер сиз юрадиган йўлларни яхши билади.
  6. Яқинларингиз сиз ҳақингизда ўша инсонга ҳеч нарса демасликка огоҳлантиринг.
  7. Ички ишлар органларига мурожаат қилинг. Ёзишмаларингизнинг скриншоштларини сақлаб қўйинг. Ҳатто гапларингизни ёзиб олишингиз мумкин.
  8. Ҳеч қайси баҳона билан сталкер билан учрашишга рози бўлманг. Агар шунда ҳам илтимосида туриб олса, ички ишлар органларига мурожаат қилиш ва умумий танишларингизга ҳаммаси ҳақида айтиб беришингиз билан қўрқитинг. Одатда сталкерлар ўз номига доғ тушишидан қўрқади.
  9. Ва энг муҳими, ўзингизни ҳафа қилдириб қўйманг!