Қизингизнинг бахтли ҳаёти сизга боғлиқ

Баъзан болаларнинг бахтли бўлиши учун уларга ўйинчоқлар ёки смартфонлар олиб берсак, бўлди деб ўйлаб қоламиз. Қизларнинг ота-оналари моддий қадриятларга эмас (гарчи улар ҳам муҳим), балки ҳаётини бахтли қуришга ёрдам беришлари керак.

Сизнингча, бу қийинми? Қўлингиздан келмайди деб ўйлайсизми? Аслида имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Қуйида қизингизга чинакам бахтли ҳаёт бахш этишда ёрдам берадиган баъзи кўрсатмаларни келтирамиз.

1.Унга болалик беринг

Ҳа, тўғри ўқидингиз. Бу ерда БОЛАЛИК деб ёзилган. Ҳақиқий болалик. Уни 5 ёшдан келинликка тайёрлаш, ҳар бир қадамида бўлажак келинлигини пеш қилиб қайнонага ёқиш кераклигини эслатмасдан, айнан болаларча болалик беринг. Қизингиз қўғирчоқ ўйнасин, эртаклар ўқисин, мультфильмлар кўрсин. Сиз кичиклигингиздан кир ювиб, уй ишларини қилганмисиз? Бу сизга ёқармиди? Ёки кўчада бошқа қизлар билан ўйнагингиз, қўғирчоқлар билан ўйнагингиз келармиди? Бу имкониятни қизингизга беринг. У кейин ўксимасин.

2. Уни қўллаб-қувватланг.

Қизингиз уй ишларига йўқ бўлса, нима бўлибди. Идишни билмасдан синдириб қўйдими – фожеа ясаш керакми. Бутун уйда бошингизга кўтариш ўрнига чуқур нафас олинг ва уни яхши кўришингизни айтинг. Булар эса оддий буюмлар ва асабингизни бузишга арзимайди.

3. Унинг фикри билан қизиқинг, саволлар беринг.

Ундан кийим услубидан тортиб қизиқишларигача бўлган барча нарсалар ҳақида фикрини сўранг. Сизнинг қизингиз қайси қўшиқларни севиши, унинг кумирлари кимлигини билиб олинг, энг яқин дўстлари ҳақида гапириб берсин – улар йиғилганда нималар қилишади, қандай фильмларни танлашади, нима ҳақида суҳбатлашадилар. Орангизда ишонч бўлсин, қизингиз сизнинг кичик дўстингизга айлансин.

4. Қизингизга таълим беринг.

Бир куни нуроний бир инсондан қуйидаги сўзларни эшитиб қолдим: “Таълимни аввало қизларга бериш керак, кейингина – ўғилларга. Негаки ўғиллар ўз қўллари, кучи билан иш топа олади, қизлар эса фақат билимларига таяниши керак”.

5. Қизингизга ишлаб карьера қилишига қўйиб беринг

Бугун кўплаб қизлар ишлашни афзал кўрган ҳолда кечроқ турмушга чиқмоқда. Уларга тўсқинлик қилманг. Қизининг икки-уч йил ишласа фожеа бўлиб қолмайди, осмон узилиб ерга тушмайди. Қизлар озроқ бўлса ҳам тажрибали бўлсин, бу уларга ортиқчалик қилмайди.

6. Қизларни мажбурлаб эрга берманг

Ислом ҳам қизларни мажбурлаб узатишни тақиқлайди. Унинг розилиги шарт.

Афсуски, кўплаб ота-оналар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларини унутишади. Ота-оналар ўз фарзандларидан воз кечиш билан қўрқитиб севилмаган одам билан ҳаётларини боғлашга мажбур қилишади. Фарзандингиз ўз ҳаётини ўзи қурсин. Фарзандини чинакам севадиган ота-оналар ҳеч қачон фарзандига ёмон бўлишини истамайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ўз фарзандингизга мажбуран уйланиш ёки уни турмушга бериш учун уни қанчалик ёмон кўришингиз керак?!

7. Қизингизнинг бахти қўшнилар фикридан муҳимроқ.

Жамиятимизда маҳалла ва қўшнилар фикри муҳим ўрин тутади. Аммо шуни тушунишингиз керакки, қўшнилар ҳар доим ғийбат қилишга мавзу топишади, шунинг учун бўлмағур гапларга эътибор қилманг. Қўшнилар сиз учун бегона, улар кўчиб кетиши мумкин, қизингиз эса сизнинг жигарингиз, уни бошқа одамга алмаштира олмайсиз.

8. Танқид қилманг

Энг муҳими: қизингизнинг ҳаёти қандай бўлишидан қатъи назар, уни танқид қилманг. Маслаҳатлар, тавсиялар – бемалол. Лекин танқид эмас. Ҳамма одамлар адашади, сизнинг қизингиз ҳам бундан мустасно эмас. Қизларингизни севинг ва уларга бахтли яшаш имкониятини беринг!