СОҒЛОМ ОИЛА МУҲИТИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Ўзини хавфсиз ҳис этиш, ёрдамга эга бўлиш, салоҳиятни кўра билиш, эркинроқ инсонга айланиш – бу росмана оилавий муносабатларга хос хусусиятлар. Улар шахсиятни йўқотмайди ва инсоннинг такомиллашувига хизмат қилади. Хўш, оила қуриб, биз нималарга эришамиз?
Яқин муносабатлар ўрнатиш, бу энг аввало таваккалчилик. Халқона тилда буни лотерея дейишади. Турмуш ўртоғинг яхши бўлса, лотереяда ютуқ чиқди дегани, акси бўлса, одам ютқазган бўлади. Сен жуфтинг учун очиласан, у эса қандай жавоб беради. Тушунадими ёки инкор этади? Буни ҳаёт кўрсатади. Умр йўллари давомида қайта-қайта тўқнашамиз, узоқлашамиз, бир ёқадан бош чиқарамиз ёки баҳслашамиз.
Ҳиссий яқинлик – бу турмушимизнинг асоси, у бизга қимматли хавфсизлик ҳиссини бағишлаши мумкин. Хавфсизлик ўз навбатида яқинликни таъминлайди. Инсон оилада ўзини хавфсиз сезса, демак жамиятда ҳам хотиржам ва дадил яшайди.

Очиламиз
Севимли инсонимиз бизга кўзгу бўлиб хизмат қилади, унда биз ўзимизни мутлақо бошқа томондан кашф этамиз: янада яхши, чиройли, ақлли. Турмуш ўртоғимиз бизга ишонса, бу бизга куч бағишлайди, руҳлантиради. Ёлғиз эмаслигимизни, қадрли ва ким учундир қизиқарли инсон эканимизни ҳис этсак, бошқа жабҳаларда ҳам муваффақият қозона оламиз. Тажриба қилишга қўрқмаймиз.

Танқидни қабул қилишимиз керак
Аммо “кўзгу” яхши томонларимиз билан бирга нуқсонларимизни ҳам кўрсатади, бунга тайёр туришимиз керак. Бу камчиликларни сезгимиз келмайди ёки шу пайтгача эътибор бермаганмиз. Танқидни қабул қилиш жуда қийин. Айниқса, у севимли инсонинг томонидан айтилса. Бир оилада яшаганингдан кейин танқиддан қочиб қутула олмайсан. Яқин инсонинг томондан айтилган танқидни қабул қилиб, ўзгара олсанг, марра сеники.

Аёл билан эркак орасидаги фарқни тан олиш
Қанчалик бир-биримизни севсакда, биз аёл ва эркакмиз. Шу тушунчанинг ўзи орамиздаги фарқни кўрсатиб туради. Шундай экан, ҳар биримизнинг алоҳида юмушимиз, қизиқишларимиз бўлиши табиий. Шахсий чегарани босиб ўтмаслик керак. Гоҳида жуфтингни дунёга бошқача назар билан қарашини қабул қилиш қийин бўлади. Шунда сабр билан иш тутасан. Шундай бўлиши керакки, муштарак жиҳатларимиз фарқли томонларимиздан кўпроқ бўлсин. Қолаверса, йиллар давомида жуфтимизда янги хислатларни пайдо қилайлик. Оила, бу кўр-кўрона севиш эмас, балки жуфтингни қандай бўлса шундай қабул қилиш ҳамда ўзлигини сақлаб қолишига ёрдам бериш.

Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/osmelitsya-na-blizost/