ФАРЗАНДИНГИЗ БОШҚА ТЕНГДОШЛАРИНИ ТАҲҚИРЛАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Бир қарашдан таҳқирлаш сабаблари сифатида ўсмирлик агрессияси, ҳисларни бошқара олмаслик ва тенгдошлари билан муносабатларни ўрнатишнинг мураккаблигини кўрсатиш мумкин. Аммо ёмон хулқ-атвор — биргина симптом холос. Аслида зўравон боланинг қалбида нима рўй беряпти, муаммонинг илдизи қаерда ва энг муҳими, асосий “зулмкор” инсон ўз фарзанди бўлган ота-оналар нима қилиши керак?
Зўравонлик, таҳқирлаш сўзларини эшитганда ҳар бир ота-она безовталик, хавотир ва ташвиш ҳиссини туяди. Биз фарзандларимизга гард юқтирмаймиз, шунинг учун уларнинг айбдор сифатида зуғум кўрсатувчи бўлишини тасаввур қилишимиз қийин. Лекин психологларнинг эътироф этишича, ҳар бир бола, ҳатто фариштадай кўринсада, буллингда иштирок этиши мумкин.
Нега болалар буллингга қўл уради?
Болангиз безорига айланса, буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Лекин аниқ ҳаракатларга ўтишдан олдин ундаги агрессия сабабини ўрганинг. Хўш, бола бу усулда қандай муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиляпти? Агрессор ролини танлаган бола қалбида нелар кечяпти? Оилавий психологлар бунинг икки сабабини кўрсатишади: «Биринчидан, тенгдошлари орасида обрў топган болалар буллингни атрофдагилар ишончини ушлаб туриш ва ўз таъсирини сақлаш мақсадида ишлатади. Иккинчидан, зўравонликни илгари ўзи шунга учраган болалар қасос олиш мақсадида амалга оширишади». Кўп ҳолларда хулқ-атвор хусусиятларга эътибор бериб, муаммо илдизини назардан четда қолдирамиз. Бола ўзини ҳимоясиз сезганда, бу камчиликни бировлар устидан ҳукмронлик ўрнатиш орқали йўқотгиси келади. Шунинг натижасида буллинг келиб чиқади. Шундай экан, азиз ота-оналар фарзандингизни кўпроқ қўллаб-қувватланг, уни асло ёлғизлатиб қўйманг. Баъзи бир болалар уйда беозор бўлишади, лекин мактабга келиб бор кучини кўрсатади. Улар меҳрга ташна бўлиб, катталарнинг эътирофини истайди, энг аввало ота-онасиникини. Қалбдаги хафалик ҳисси агрессия бўлиб синфдошларига қайтади.
Ота-оналар нима қилиши керак?
Фарзандга етарли эътибор берилиши, фикрлари эътиборсиз қолиб кетмаслиги, меҳр-муҳаббат изҳор этилиши, қўллаб-қувватлаш ва ҳимояга олиниши керак. Агар булар бўлмаса, бола ўзига ўхшаш агрессив тенгдошларидан дўст қидиради. Фарзандингизга ўз қадри борлигини тушунтиринг. Кимни хафа қилган бўлса, унинг ўрнига ўзингни қўйиб кўр, денг. Фарзандингиз бўйингиздан анча баландлаб кетган бўлсада, у барибир сизнинг ёрдамингизга муҳтож. Ота-оналарнинг вазифаси уларга шахсий ҳиссиётларни бошқаришга ўргатиш, муносабатларни агрессия ва зўравонликсиз ҳал қилишга йўналтиришдир. Истасангиз ўсмирлик ва болалигингизни эсланг. Сиз зўравонлик билан қандай курашгансиз. Жаҳл билан иш битириб бўлмайди, буни фарзандингизга ҳам исботлашга ҳаракат қилинг.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/groza-shkolyi-chto-delat-esli-vash-rebenok-izdevaetsya-nad-drugimi-detmi/