ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Устингиздан кулиш ҳолатлари бўлиб турадими, хўш бундай вазиятлардан қандай чиқиб кетиш мумкин?

Биз кўпинча атрофимиздаги зўравонликни сезмаймиз. Яхши оилаларда ёки ажойиб жуфтликларнинг орасида низо бўлмайди, дейсизми. Бу ахир тарихда қолиб кетган. Афсуски, кўп нарсалардан хабарсизлигимиз бизни адаштиради, қачонки, ўзимиз шу ҳолатга тушганимизда, илгари эшитмаганмиз, дея ёрдамга муҳтож бўлиб қоламиз, чорасиз ўтирамиз. Хўш, таҳқирлашнинг ташқи белгилари қандай бўлади? Унга қарши кураш борми?

Бундай савдолар менинг бошимга аниқ тушмайди, деб ўйлаб адашамиз. Фалончи хотинини урибди, устидан кулибди, ғайриоддий ҳаракатлар қилдирибди, деган хабарларни эшитиб қоламиз. Гоҳида эркаклар инсон қиёфасидан ҳам чиқиб кетади. Маълумотларга кўра, ривожланаётган давлатларда ҳар учинчи аёл эри томонидан зўравонликка (руҳий ва жисмоний) учрайди. Нимагадир аёллар психологик зўравонликка чидаб яшайверади, жисмонан таҳқирлаётгани йўқ-ку, дея фикр юритади. Аммо психологик зўравонлик барча балоларнинг боши бўлиши мумкин.

Муносабатлардаги зўравонлик дарров пайдо бўлиб қолмайди. У йиллар давомида шаклланади. Хўш, вақт ўтиб жуфтликлар орасида нима рўй беради? Нима учун севишган инсонларнинг бири маҳлуқ, иккинчиси эса асирга айланади? Зўравонликка асосланган энг оддий муносабатлар иложсизлик, ёрдамга муҳтожлик оқибатида юзага келади. Бунда эркак аёл устидан мутлақ ҳукмронлигини  ўрнатган бўлади, аёлнинг барча ҳислари йўқ қилинади, оилада хотиннинг ўрни йўқотилади, эркак мавқеи эса биринчи ўринга чиқади. Ушбу оилада эркакнинг обрўси қанчалик баланд бўлаверса, аёлники шунчалик тушиб кетаверади. Натижада иложсизлик, ёрдамга муҳтожлик шаклланади. Эркак киши ҳақорат қилиши, қаттиқ уришиши ёки бақириши шарт эмас, шундай оилалар борки, эркаклар махсус стратегия асосида аёлнинг қадрини тушириб юборади.

Аёл ҳаётини ўзи назорат қилиши учун, ўзига ишончни қайтариши керак

Юқоридаги вазиятда энг ёмони, аёл киши эркакка мутлақо қарам бўлиб қолса. Бунга моддий қарамликдан бошлаб, маънавий қарамликкача бўлган омиллар киради. Бу вазиятда эркак киши томонидан бирор ҳаракатни бажариш учун мажбурлаш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Масалан, ишдан кетиш, яқин қариндошлардан юз ўгириш, дугонасидан воз кечиш, ноқулай шароитли жойга кўчиб ўтиш каби. Оқибатда аёл бутунлай иродасиз қолиб кетиши мумкин, натижада айнан шуни кўзлаган эркак унинг ҳимоясизлигидан, пассивлигидан, чорасизлигидан фойдаланади. Аммо айтиш керак, бу каби муносабатлар чексиз давом этавермайди, орада нурли дамлар, ёруғ кунлар ҳам бўлб туради. Яъни хотинини қийнаётган эркак вақти-вақти билан севги изҳори қилиши, эътибор кўрсатиши, нимадир совға қилиши ҳам мумкин. Бунда аёл вазият яхши томонга ўзгаришига умид қила бошлайди, кайфияти ўзгаради, эрига нисбатан бироз кўнгли исийди ва ҳаёт мана шундан иборат экан-да, деб ўйлайди. Яъни муҳаббат мана шундай қийноқли бўлади, деган фикрда юради. Аммо буни асло муҳаббат деб аташ мумкин эмас. Аёл ишончини, иродасини, қатъиятини олиб қўйган эркак унга бахт ҳадя этолмайди.

Шундан келиб чиқиб, ёпиқ доирадан чиқиб кетиш йўлларини излаб кўрамиз. Кимгадир айтиш, ўз яқинига ошкор этиш ёки тўғридан-тўғри ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишнинг ўрнига, аёл ҳаммасига чидайди, бунинг сабаблари нимада? Аввало, кучсизлик. Ҳаётини назорат қилишни ўзига қайтариш учун, ишончни тиклаш керак. Бунинг учун аёл барча яхши фазилатларини санаб чиқсин, кучли томонларини эслаб кўрсин. Қоғозга тизилиб ёзилган яхши хислатлар рўйхати бояги чексиз доирадан олиб чиқишга ёрдам беради. Ҳар гал тушкунликка тушганда, ана шу қоғозга қараб туриш керак. Шунда аёл руҳиятида тикланиш жараёнига бўлган тайёргарлик сезилади. Бу даврда дугоналар, дўстлар, балки психолог ёрдами фойда беради. Ёрдамни сизга ва эркинлигингизга ишонадиган инсонлардан изланг. Масалан, ота-онангиз доимо “бир ишни ўзинг эплай олмайсан” дея таъна қилаверса, асло улардан ёрдам сўраманг. Улар билан ботқоққа ботиб кетиш ҳеч гап эмас. Балки ҳимоячи роли учун мард дугонангиз топилиб қолар. Фақат эхтиёт бўлинг, уни эрингизнинг асирига айлантириб қўйманг.

Агар сиз шунчалик ёмон бўлсангиз, нима учун ташлаб кетмади, нима учун жазолаш йўлини танлади?

Айбдорлик. Балки эрингиз барчасида ўзингизни айблагандир. Вазиятнинг шундай бўлиши, унинг таҳқирлашларига фақат ўзингиз айбдорсиз, деган фикрни миянгизга қуйган бўлиши мумкин. Натижада сиз ўзингизни айбдор ҳис қилиб яшайверасиз. Қарс икки қўлдан чиқади, деган мақолга амал қилиб, менда ҳам айб бордир-да, деб ўйларсиз? Балки эрингиздан бунинг учун кечирим сўраган вақтларингиз ҳам бўлгандир? Нима бўлишидан қатъий назар, аёлни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳеч қайси ҳаракатингиз зўравонликка сабаб бўлолмайди. Майли, шунчалик “ёмон” экансиз, сизни шунчаки тарк этиш мумкин эди-ку, аммо сиз жазога лойиқ кўрилдингиз.

Қўрқув. Аёл киши бирданига қарши ҳаракатларни амалга ошираётганини сезиб қолган зўравон назоратни қўлдан бой бераётганини кўриб, талвасага тушиб қолади. У бундан қўрқа бошлайди ва таҳдид йўлига ўтиб олади. Илгариги ҳокимиятни қайтариш учун ҳужум қилади. Бу таҳдидларга қулоқ солмаслик керак, агар қўрқмаётганингизни кўрсата олсангиз, қийноққа солувчи инсон бироз ортга чекинади. Агар таҳдидлари чиндан ҳам қўрқинчли бўлса, тегишли идорага мурожаат қилинг. Бўлмаса яқин инсонларингиз уйига яширининг, балки инқироз марказларига борарсиз, хуллас, мавжуд тўсиқларни енгиш йўлларини изланг.

Уят. Кўпчилик аёллар вазиятни ўзлари тўғрилай олмаганига яраша, бировга мурожаат қилишга ҳам уялади. Уйингдагини кўчага олиб чиқма, деган мақолга риоя қиладиган аёлларимиз афсуски, дардини ичида сақлаб, на қўшниси, на ҳамкасби, на бирор қариндошига сирини ошкор қилади. Тегишли идорага мурожаат қилсам, маҳаллада руҳан носоғлом деган ном оламан, деган хадикда юради. Қолаверса, кўпчилик аёллар қурбон деган номга эга бўлишни истамайди. Аммо ҳаётингиздаги вазиятдан халос бўлмас экансиз, барча жабҳада уялиб юраверасиз. Ўзингизни қурбон деб ўйламанг, аксинча, зўравонликка қарши курашишга бел боғлаган аёл кучли бўлади. Яхшиси, ўзингизни ғолиб деб билинг. Шунга интилинг. Кўнгил жароҳатини енгиш учун ўзингизни яхши кўринг, ўзингизни қабул қилинг, аёллик мартабангизни тикланг. Унутманг, сизга ким ёрдам беришидан қатъий назар, бу йўлни мустақил босиб ўтишингизга тўғри келади. Оиладаги муттасил зўравонлик вазиятини асло ўнглаб бўлмайди, бу ҳақиқий азобли ҳаёт ва ундан албатта, қутулиб чиқиш керак.