ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ. Бола тарбиясидаги хатоликлар: ота-онангиз сизга кучли таъсир ўтказса…

Агар яқинларингиз сизни бошқаришга уринса, нима қилиш керак

УЛҒАЙИШ ЖАРАЁНИДА ҲАММАМИЗГА КИМЛАРНИНГДИР ТАЪСИРИ БЎЛАДИ, нафақат ота-оналаримиз, балки ўқитувчилар, дўстлар, мураббийлар, қўшнилар ҳам ҳаётимизда ўрин тутади. Бежиз бир болага етти маҳалла ота-она, деб айтишмайди. Лекин энг катта ўринни барибир ота-оналаримиз эгаллайди. Бугун улар томонидан сизга таъсир қилиш жараёни бирданига пайдо бўлиб қолмаган, бу йиллар давомида берилаётган тарбия маҳсули.

Бир мисол келтирамиз. Дам олиш кунлари сиз фарзандингиз билан тоққа чиқмоқчисиз. Онангиз эса уни қишлоққа олиб кел, деяпти. Бу сизни бошқаришга кирмайди, онангиз неварасини соғинган. Агар унинг таклифини рад этсангиз, у сиздан хафа бўлади. Ота-оналарнинг ҳақиқий бошқарув истагини осонликча англаш қийин. Чунки улар тарбиянгиз билан қоришиб кетган. Уларга қарши кураш енгил бўлмайди. Аввалига сизни мудом асабийлаштирадиган бошқарув дастурларини аниқлаб олиш керак. Айнан шу усуллар ёрдамида сизни бошқаришади. Қуйида сизга турли вазиятларни мисол қилиб келтирамиз, балки бирида ўзингизни таниб қоларсиз.

Биринчисида, сиз мангу бола бўлиб қолгансиз ва ота-онангиз учун улғаймагансиз. Иккинчисида эса аксинча, сиз болаликдан маҳрум этилгансиз ва масъулият кичиклигингиздан бошингизга тушган. Биринчи дастур бўйича олдингизда ота-онангиз бўлмаса, иш қилолмайсиз: катталарнинг наздида сиз ҳали етарли ақл йиғиб олмагансиз, мустақил ва масъулиятли бўла олмайсиз ҳамда ноҳақсиз. Нима қилиш керак? Овоз бериш ҳуқуқини ўзингизга қайтариб, масъулиятни зиммангизга олишни ўрганишингиз керак. Чунки ота-онангизни ўзгартира олмайсиз. Улар сизни бошқаришда давом этаверади. Сиз ишончли қадамлар билан сизга ишониш мумкин эканлигини исботлашингиз керак. Фақат асло тез таслим бўлманг, хотиржамликни сақланг ва ўзингизга ишониб иш юритинг. Айнан ўзига ишонч ҳисси ўзгалар томонидан кучли бошқарув таъсирига тушиб қолмасликда ёрдам беради. Аммо шунда ҳам сизга таъсир қилишда давом этаверишса, демак, фаолроқ ҳаракат қилиш керак.

Иккинчи дастур, масъулиятли фарзанд. Гарчи муддатидан илгари улғайишга тўғри келган бўлса-да, сиз истакларингиз, орзуларингиз, қадриятларингизни тўлиқ англаб етмагансиз. Ўзгаларга ёрдам берсам бўлди, деган мақсадда яшайсиз. Ишларни бажарасиз, уй юмушларини тахт қиласиз, ота-онангиз эса хурсанд. Аммо ҳаёт фақат бундан иборат эмас. Хўш, нима қилиш керак? Ичингизда қолиб кетган болаликни топинг, уни даволанг. Буни уддалай олмас экансиз, кўп нарсани ўзгартиролмайсиз, охирги кучингиз қолгунча суперқаҳрамон бўлиб қолаверасиз. Ички овозингизга қулоқ тутишга ҳаракат қилинг, нимани истайсиз ўзи, шунга аниқлик киритинг.

Яна бир вазиятни таҳлил қилиб кўрамиз. Дугонанг Саида сендан яхшироқ ўқийди, Мадина эса ҳар доим онасига ёрдам беради, сен-чи? Бундай гаплар замирида айнан бошқаришга бўлган истак яширин: сиз ҳеч нарсани тушунмайсиз, яхши фарзанд эмассиз, шунинг учун ота-онангиз энг яхши “маслаҳатгўйларингиз”. Қаерда ишлайсиз, кимга турмушга чиқасиз буни сизнинг ўрнингизга ҳал қилишади. Бу дастурда сиз бировнинг ҳаёти билан яшайсиз, ўзингизники қолиб кетади, сиз ота-отанингиз орзусини амалга оширасиз, шахсий орзуларни юракка кўмасиз. Бундай вазиятда шахсий қадриятларни англаш, қизиқишларни кашф этиш жуда муҳим. Қарорларни қабул қилишда кўпроқ нимага суянасиз: ўз фикрларингизгами ёки атрофдагилар сингдирган ғояларга? Бу саволга жавоб бериш осон бўлмайди. Ўз йўлингизни топиш учун кўп ишлашга тўғри келади.

Сиз доимо хато қиласиз. Атрофингизда яхши инсонлар жуда кам. Ишда сизни меҳнатга кўмиб ташлашади. Бошқалар эса мазза қилиб юради. Сиз ўзингизни омадсиз ҳис қиласиз. Сезиларли натижага эришолмай, бир доира атрофида айланиб юраверасиз. Бундай ҳолат ҳам ота-она тарбиясидаги камчиликлар натижаси ҳисобланади. Мабодо буни англаб етган бўлсангиз, демак, яхши ўзгаришлар сари қадам ташланди.

Ҳақиқий ҳаётда ҳамма нарса қатъий дастурлар бўйича амалга ошмайди. Агар онангиз сизни кўп уришган ёки отангиз ортиқча эркалатган бўлса, бу тарбиянгизнинг бутунлай бузилганидан дарак бермайди. Қолаверса, барча хатоларингиз учун ҳам ота-онангиз айбдор бўлавермайди. Шундай экан, камчиликларингизни топинг, зарур бўлса мутахассисларга мурожаат қилинг, ўз фикрингизга эга бўлинг ва жамиятда мустақил инсонга айланинг.