“Зулфия” мукофоти билан фирибгарлик? Шаффоф текширилишини талаб қиламиз! #репост

Мен Алия Темурийзода – «НеМолчи.уз» лойиҳасида кўнгиллиман. Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2020 йилги тақдирланувчиларидан бири бўлганман. Лекин тақдирлашда йўл қўйилган адолатсизлик сабаб, исм-шарифим тақдирланувчилар сафидан тушиб қолиб, ўрнимга бошқа бир қиз мукофот совриндори бўлди.

Мен Халқаро адабий танлов ғолибаси, Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси аъзоси, Халқаро Китоб форумининг 6 карра финалисти, ижоди хорижий адабий тўплам ва нашрларда ёритиб келинаётган ижодкор, Ўзбекистон бегиси кўкрак нишони соҳибаси, қатор республика танловлари ғолибаси (вилоят ё туман босқичи ғолиби бўлиб, республика босқичи иштирокчиси мақомидан фарқли равишда!) сифатида Республика финал босқичида юқори баҳо тўплаган эдим. Тақдирланган қиз эса, асосан вилоят ва туман миқёсида ютуқларга эришган, шунингдек, Ҳиндистонда йога фестивалига бориб-келганини адабиёт оламидаги ютуқ деб ҳисоблайдиган бир қизча эди.

“Зулфия” мукофоти билан фирибгарлик? Шаффоф текширилишини талаб қиламиз! #репост “Зулфия” мукофоти билан фирибгарлик? Шаффоф текширилишини талаб қиламиз! #репост

Натижалар ҳақида хабар топгач, апелляция бериш мақсадида, ўша вақтда Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия раиси бўлган Эльмира Баситхоновага қўнғироқ қилдим ва муддаойимни айтдим. Баситханова менга ҳали ҳужжат эълон қилинмаганини, йўқ ҳужжатга апелляция бера олмаслигимни, Тошкентга борсам, Республика саралаш босқичи ёзиб олинган видеотасвирларни «кўтариши»ни, бу видеотасвирлар баҳоланган натижалар билан биргаликда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида сейфда сақланаётганини айтди.

Ҳужжат эълон қилингач, апелляция бериш учун Тошкентга бордим. Собиқ Хотин-қизлар қўмитаси жойлашган бинода 2020 йил 9 март куни Эльмира Баситханова билан учрашдим. Ўша даврада Гулжамол Асқарова ҳамда ҳакамлар сафида бўлган Қутлибека Раҳимбоева ҳам бор эди. Қутлибека Раҳимбоева Эльмира Баситхановага мен юқори баҳо олиб, тақдирланишга тавсия этилганимни, тақдирлашда хатоликка йўл қўйилиб, бошқа бир қиз тақдирланганини айтди. Эльмира Баситхонова «Агар шундай бўлса, баҳоларини кўринглар, хатоликка йўл қўйилган бўлса, апелляция аризасини ёзсин, 16 март куни келса, кўриб чиқамиз,» – деб айтди. Мен аризани ёздим ва кетдим.

2020 йил 11 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси таркибида ҳам, ҳакамлар сафида ҳам мавжуд бўлган Мунаввара Усмонова менга олган баҳоларимни кўрсатди. Адабиёт йўналишида 27 балл билан Республика бўйича 3-ўринда эдим, яъни, тақдирлашга тавсия этилгандим. Тақдирланган номзод қиз эса жуда паст баҳо олган, ҳакамларнинг айтишича, берилган саволларга ҳам жавоб бера олмаган экан. 16 март куни боришимни айтиб, кетдим. Баҳоларимни кўргач, кўнглим хотиржам бўлиб, бир-икки ҳафтада аризам кўриб чиқилиб, апелляция билан ишим ижобий томонга ҳал бўлишига ишонардим.

Лекин 16 март куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги биносига борганимда, мени ҳатто ичкарига ҳам киритишмади, бақир-чақир, жанжаллар бўлиб ўтди. Эртасига Вазирлар Маҳкамасининг юристи ишга аралашди, Эльмира Баситханованинг қабулига олиб киришди. Эльмира Баситханова юртимизда эпидемиологик вазият юзага келганлиги боис, карантин эълон қилинганини, вазият боришига қараб, узоғи бир-икки ҳафтада ишим ҳал бўлишини айтди. Шунингдек, менга 317 та номзод қизнинг ижодий ишлари ва ютуқларини Президентнинг шахсан ўзи чуқур ўрганиб чиқиб, тақдирланувчиларни ўзи танлаб олганини айтди! Ёрдамчиси (16 март куни мени ичкарига киритмаган аёл) апелляция ўтказилишидан 2 кун аввал хабар бериб, чақириб олишларини айтиб, кузатиб қўйди.

Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Сенатига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига адолатни тиклашда ёрдам сўраб, аризалар ёздим.

Шу билан кучайтирилган карантин бошланди. Мен бирор умид учқуни милт этиб кўзга ташланишини кутардим. Гап унинг мукофотлигида, олий таълим олиш имтиёзи борлигида эмас. Мен адолат истардим, шу оддийгина бир вазиятда ҳам йўл қўйилган адолатсизлик, ноҳақлик, кўзбўямачилик кўнглимни оғритарди.

Май ойида Зебо Нурманова исмли вазирлик ходимаси (Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия котиби) менга қўнғироқ қилди. Бу аёл ҳали аризабозлик қилиб юрган пайтларим (2020 йил март ойи ўрталарида) менга «Ҳакамлар қўйган баҳолар ҳеч нимани билдирмаслиги, номзодлар ҳакамларнинг қариндоши бўлиши ва бу ҳолат маҳаллийчиликка олиб бориши»ни айтган, тақдирланувчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилган ҳужжат ҳақида маълумот бермаслик пайида бўлган.

У менга телефон қилиб, аризаларим ўрганилаётганини айтди. Лекин матбуот котибининг телеграм каналида номзод қизларнинг эълон қилинган аннотация (эришган ютуқлар ҳақидаги маълумот)лари ичида нега менинг аннотациямдан эришган ютуқларим рўйхати қисқартириб ташланганини, Халқаро танлов ғолибаси, Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси аъзоси эканим каби жаҳон миқёсидаги ютуқларим нега буткул ўчириб ташланганини изоҳлаб беролмади. Мен мукофотга тақдим этган файл ва унинг қоғозга чиқарилган нусхаси буткул бошқа эди.

Шундан сўнг, шунча пайт бирор марта ҳеч қаерда тилга олинмаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясидаги қандайдир экспертлар гуруҳи 317 та номзоднинг ишини кўриб чиқиб, баҳолагани ҳақида гап топилиб қолди. Агар улар бизни баҳоласа, нега ёзувчи-шоирларни, яна баҳолаш жараёнини «шаффоф» деб оғиз кўпиртириб, видеотасвирга олишди? Талаб қилиб ҳам бирор марта кўролмадим шу видеотасвирларни, менга кўрсатишмади. Ҳолбуки, 2020 йил 15 февральдаги Зулфиячи қизлар форумида Эльмира Баситханова алоҳида урғу бериб, бу йилги баҳолаш шаффоф ўтгани, баҳолаш жараёни ҳаммаси видеотасвирга тушириб олингани такрор-такрор таъкидлаган эди. Қани, қаёққа кетди ўша гаплар, ўша шаффофлик? Қўлимда шунча далил туриб, ҳақлигимни исботлай олмаяпман-ку, яна қанақа шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин?!

Июнь ойида Зебо Нурманова бўшаб кетгани сабабли, шу иш билан шуғулланаётган бошқа бир ходима (Азиза Маҳмудова) билан боғланиб, апелляция тақдири билан қизиқдим. У тез фурсатларда маълумот беришини айтди. Лекин ҳанузгача бирорта ҳужжат, бирорта қоғоз қўлимга етиб келгани йўқ. Ваҳоланки, мурожаат шаклидан қатъи назар, у 15 иш куни ичида кўриб чиқилиб, жавоб берилиши шарт. Яна «сувга тушиб» кетишди. Ора-сирада Давлат органларига ёзган аризаларим уларга етиб борса, комиссия аризаларни туман ва вилоят комиссияларига йўналтириб, роса қўғирчоқ театри қўйишди. Ҳолбуки, аризаларимда муаммо юқори бўғин – Республика комиссиясида эканини, қуйи бўғин – туман ва вилоят комиссияларига эътирозим йўқлигини ёзганман.

Сентябрь ойида яна апелляция тақдири билан қизиқдим. Бу иш ёпилиб кетганини, такрорий ариза ёзишим кераклигини айтишди. Такрорий ариза ёздим. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири менинг вазиятим билан қизиқиб қолганини ва қабулига чақирганини айтишди. Ўша пайтда соғлиғим яхши бўлмагани сабаб (2-бор ковид хасталигидан даволанаётган эдим.) қабулга бора олмадим. Аризам етиб бориши ҳам ноябрь ойи охирига тўғри келди. Ҳеч қанақасига менга ёрдам беришни истамаётган комиссия ходимлари блогер Ақида Ҳанум аралашуви билан мени ёшим 30 га етганига қарамасдан, мукофотга ҳужжат топширишимни, туман ва вилоят саралаш босқичларидан синовсиз ўтказилишимни ва адолат тикланиб, 2021 йилги тақдирлашда тақдирланувчилар сафида менинг исм-шарифим ҳам бўлишини айтишди. Мукофот Низомида «14 ёшга етган ва 30 ёшдан ошмаган» деган шарт мавжуд. Маълумот учун, шу йил декабр ойида 31 ёшга кираман, яъни, ҳали 30 ёшдан ошган ҳисобланмайман. Энди ҳаммаси яхшилик билан якун топганига ишонгандим, йиртиққа ямоқ ҳолида бўлсаям, адолат тикланишига ишонгандим.

Лекин «қўзғолон» бироз тинчиганидан сўнг яна мукофот комиссиясидагилар ўз билганларича иш тутишни бошладилар – туман босқичи ўша пайт ўтиб кетган, ҳужжатларим вилоят комиссиясида бир ойдан кўпроқ чанг босиб ётди. Лекин негадир вилоят босқичидан хабар йўқ эди. Суриштирсам, бу йил вилоят босқичига номзодлар чақирилмай, фақат ҳужжатлари кўрилишини айтишди. 2021 йил февраль ойида роса суриштириб, аранг билганим шу бўлдики, Республика комиссиясидагилар мен 30 ёшга киришим муносабати билан ҳужжатларимни қайтариб беришни, мен қатнашмаслигимни амр этишибди!

Хуллас, шунақа гап (кўзбўямачилик)лар. Менга бировнинг ўрнига мукофот беришларини истамаган эдим, албатта. Лекин, ҳеч бўлмаса, апелляцияни ўткизиб беришсин, ҳақиқатни юзага чиқаришсин. Ҳеч ким кўрмаган ва эшитмаган ўша экспертлар гуруҳи нимага асосланиб у қизни тақдирлашганини кўрсатиб, ҳақликларини исбот қилиб беришсин? Апелляция ўтказиш мумкин эмас, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки, норозилик бўлса, видеотасвирлар кўриб чиқилиб, адолат тикланиши ҳақида кўп ва хўп бонг уриб бўлинди, Эльмира Баситханова ҳам апелляция ўтказилишини менга бир неча бор такрорлади, ваъда берди. Шундай экан, буни нега пайсалга солишади, ноҳақ бўлсам, шу апелляцияни ўтказиб, мени уялтириб чиқариб юборишсин қўлларидан келса?!

Яқинда яна менга етиб келмаган ҳужжатнинг электрон нусхасини ташлаб беришди. Унда ёзилишича, 2020 йилги тақдирлаш экспертларнинг яширин овоз бериш орқали қўйган баҳолари асосида бўлиб ўтган эмиш. Менга яширин баҳолаш натижалари деб кўрсатган ҳужжатлари нима эди унда? Эҳтимол, Баситхонова мени ҳам мукофот ололмаганидан норози бўлган ва паст баҳо олган номзод қизлардан бири, деб ўйлаган ва ўша ҳужжатни кўрсатишни буюрган бўлса керак.

Куни кеча тақдирланганлар рўйхати эълон қилинибди. Биргина ёрдам қўлини чўзиб,адолатли ҳукм бўлиши учун истисно киритиб, аввалги йилда йўл қўйилган хатоликни тўғирлашнинг иложи бор эди-ку? Бировнинг ҳақи билан қандай тинч ухлашади, қандай қўрқишмайди улар? Худо бор-ку?

Хуллас, бу ерда адолатни тиклаш учун фақат Президентнинг шахсан ўзига мурожаат қилишдан бошқа бирорта йўл топишнинг иложи йўқ экан. Мен таслим бўлмайман!

Мен барибир бу йўлнинг охиригача бораман. Адолат тикланиши учун ҳам охиригача бораман. Дуо қилинг, мукофот учун эмас, адолат тикланиши учун дуо қилинг!

Алия ТЕМУРИЙЗОДА

 

▶️Шаҳноза Эшмирзаева

1990 йил 12 декабрда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. У Алия, шунингдек, Алия Темурийзода тахаллуси билан ижод қилади. У ўзининг иқтидори ва истеъдоди билан нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки, халқаро кўрик-танловларда ҳам фаол иштирок этиб, фахрланарли натижаларни кўрсатмоқда, хорижий адабий майдонда ҳам ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда.

Шеърлари, ҳикоя ва қиссалари, мақолалари вилоят, республика ва хориж газета ва журналларида, жумладан, Сурхондарёнинг «Жануб вақти», «Термиз оқшоми», «Ташриф» газеталари; республикамизнинг «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Қайнона», «Келинчак» журналлари, «Ҳуррият», «Халқ сўзи» «Афросиёб», «Ҳуқуқ оламида», «Жамият», «Дийдор азиз», «Диёр», «Эрудит», «Кўнгил кўчалари», «7х7», «Бекажон» (пайшанба ва жума нашрлари), «Даракчи», «Парвона», «Ҳамроз» газеталари; хорижда – Қозоғистоннинг «Жамият ва маърифат – Сайрам сабоси» (қўшма газета), «Робита» ва «Адабиёт ва санъат» газеталари, Тожикистоннинг «Суғд ҳақиқати» газетасида эълон қилинган.

Эшмирзаева Шаҳнозанинг Алия тахаллуси билан 2015 йилда «Наврўз» нашриёти томонидан «Оқ қушлар қўшиғи» номли илк бадиий-шеърий китоби, шу йилда «Тафаккур» нашриёти томонидан «Осмон бир дунё» номли ҳикоялар ва бадиалардан иборат иккинчи китоби, 2018 йилда «Ҳилол медиа» нашриёти томонидан биратўла иккита китоби – «Қалбимдаги само» номли ҳикоялар ва бадиалардан иборат учинчи, «Мактуб» номли шеърлардан иборат тўртинчи китоби нашрдан чиққан.

2011 йилдан юртимиз ва хориж матбуотида эркин ижодкор-журналист сифатида мақола ва ҳикоялари, шеърлари эълон қилиб келинади.

2014 йилда Қозоғистон Республикаси нашри – «Жамият ва маърифат» газетасида Алия Темурийзода тахаллуси билан «Ҳур қиз мактублари» номли туркум ҳикоялари ҳамда «Икки ўт орасида…» номли қиссаси эълон қилинди.

2015 йил 30 июнда Республика Маънавият ва Маърифат Кенгаши Маънавият тарғибот Маркази томонидан ташкил этилган «Юксак маънавиятли авлод» фестивали Республика финал босқичида наср йўналишида биринчи ўринни эгаллаб, диплом ва сертификат билан тақдирланди.

2015 йил 14 августда «Камолот» ЁИҲ ва Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги томонидан ташкил этилган «Юрт келажаги»  иқтидорли ёшлар танловининг Республика финал босқичида наср йўналишида биринчи ўринни эгаллаб, диплом ва сертификат билан тақдирланди.

2015 йил 8 ноябрда «Open EuroAsia&Central Asia Book Forum&Literature Festival» IV Халқаро Китоб форуми танлови ва Адабиёт фестивалининг бадиий ижод йўналиши бўйича финал босқичида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланди.

2015 йил 25 ноябрда Республика Маънавият ва Маърифат Кенгаши Маънавият тарғибот Маркази томонидан ташкил этилган «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» кўрик-танловининг республика финал босқичида иштирок этиб, «Энг ёш тарғиботчи» номинацияси сертификати билан тақдирланди.

2016 йил март ойида «Сарлавҳа» номли ҳикояси «Open EuroAsia&Central Asia Book Forum&Literature Festival» IV Халқаро Китоб форуми танлови ва Адабиёт фестивали ғолиблари ва финалистларининг ушбу танловга тақдим этган ижодий ишларидан тузилган «Творческое содружество» адабий альманах (тўплам)идан жой олди.

2016 йилда «Оилали аёл» ва «Ой маликаси» номли қиссалари, 2017 йилда «Болалар уйининг боласи» ва «Мужоҳидлар» номли қиссалари «Қозоғистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинди.

2017 йил 18 ноябрда «Open EuroAsia&Central Asia Book Forum&Literature Festival» VI Халқаро Китоб форуми танлови ва Адабиёт фестивалининг бадиий ижод ва видеофильм йўналиши бўйича финал босқичида иштирок этиб, ушбу икки йўналиш бўйича сертификат билан тақдирланди.

2017 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндори бўлди.

2017 йил декабр ойида Қозоғистон-Ўзбекистон адабий алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида кўрсатган хизматлари учун Қозоғистоннинг «Истеъдод» адабий бирлашмаси ва «Қозоғистон адабиёти ва санъати» газетасининг дипломи билан ҳамда Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари «Дўстлик» ассоциациясининг №134-рақам билан рўйхатга олинган фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ижодкорлари ҳамдўстлиги рамзи сифатида нашр этилган «Меҳригиё» номли адабий тўпламда, шунингдек, Ўзбекистоннинг катта авлод ижодкорлари ҳамда ёш қаламкашларининг кичик насрий ижодий ишлари жамланган «Митти ҳикоялар: кеча ва бугун» адабий тўпламида ижодий ишлари эълон қилинди. Бундан ташқари, Сурхондарёлик ёш қаламкашларнинг ижодий ишларидан тузилган «Кенглик оҳанглари» номли адабий тўпламида ижодий ишлари эълон қилинди.

2018 йил феврал ойида Тожикистоннинг «Суғд ҳақиқати» газетасида шеърлари эълон қилинди.

2018 йил сентябр ойида Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси аъзолигига қабул қилинди (бир йиллик муддатга).

2018 йил октябрда «Open EuroAsia&Central Asia Book Forum&Literature Festival» VII Халқаро Китоб форуми танлови ва Адабиёт фестивалининг адабий асар (кичик наср) йўналиши бўйича финал босқичида иштирок этиб, ушбу йўналиш бўйича сертификат билан тақдирланди.

2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ва Халқ Депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган «Сўз қадри» адабий танловида «Наср» йўналиши бўйича ғолиб бўлиб, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номидаги мукофот билан тақдирланган.

2019 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими томонидан ўтказилган I Ижодкор ёшлар анжуманида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланган. Ушбу семинар асосида кўрсатувлар суратга олиниб, Ўзбекистон 24, Ишонч ва Сурхондарё телеканаллари орқали намойиш этилган, вилоятнинг «Янги аср» радиосида унинг ижодига бағишланган радиоэшиттириш эфирга узатилган.

2019 йилда Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси ва «Hertfordshire Press» нашриёти томонидан ташкил этилган «Open EuroAsia&Central Asia Book Forum&Literature Festival» VIII Халқаро Китоб форуми танлови ва Адабиёт фестивалининг Адабий асар (кичик наср номинацияси) йўналиши бўйича финал босқичига чиқди, Иллюстрация йўналиши бўйича фахрли 3-ўринни эгаллади.

Ҳозирги кунда фильм ва сериалларга сценарий ёзиш билан банд.