ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Қандай қилиб ҳайз олди синдромини енгиш мумкин?

Гоҳо йиғлоқи бўлиб қоламиз, гоҳо уришқоқ. Бундай ҳолат ойда бир келса-да, барибир аёлни бироз чарчатади. Энг ёмони, бу пайтда биз ўзимизни бошқара олмай қоламиз. Қанчалик истамайлик, буни уддалаш қўлимиздан келмайди. Ҳайз олди синдромини (ҲОС) енгилроқ ўтказишнинг йўли борми, иложи борича атрофдагиларга зарар етказмасдан юриш мумкинмикан?

Аёллар ҳимоясига ўтган бир қатор психологлар ҲОС қисқартмасини бекор қилиш тарафдори. Уларнинг фикрича, бу сўзнинг ўзи аёлга нисбатан ҳақоратдай туюлади, ваҳоланки, унинг организмида гормонлар жўш ургани учун, аёл айбдор эмас-ку. Яна бир тоифа эркаклар эса ҲОС борлигига ҳатто ишонмайди. Аммо ҳайздан олдинги белгиларга шикоят қилувчи аёллар сони чексиз. Энг жиддий вазиятлар учун эса алоҳида ташхис мавжуд, яъни ҳайз олди дисфорик ўзгариш. Бу ҳолатда тушкунлик сезилади, психомотор фаолиятда қисқа тўхташ юз беради, жиддий клиник тушкунлик натижасида ҳатто суицидга оид фикрлар пайдо бўлади. Бундай вазиятлар албатта, даволаниши керак. Бугун эътиборингизга унча жиддий бўлмаган, аммо энг кўп учрайдиган ҲОС ҳолатлари ва уларга қарши кураш йўлларини тақдим этамиз.

Севимли инсонингиз телефонда яхши гаплашмагани учун, хафа бўлдингиз, сочларингиз жаҳлингизни чиқарди, атрофдагиларга чунонам бақирдингизки, бундан ўзингиз ҳам ҳайрон қолдингиз. Мана шу ҳолатлар учун эстроген ва прогестерон гормонлари айбдор, чунки организмда уларнинг мутаносиблиги ўзгарган. Ҳайз циклининг лютеин фазасида, яъни овуляция содир бўлиб, организм ҳали ҳомиладор бўлишдан умидини узмаганда, эстроген гормони миқдори пасайиб, серотонин миқдори камаяди. Серотонин ҳам нейромедиатор (асаб тизимида импульс узатилишини таъминловчи модда), ҳам гормон ҳисобланади. Мазкур ҳолатда эса бизни унинг иккинчи функцияси қизиқтиради. Чунки серотонин миқдорининг камайиши кайфиятни ёмонлаштиради, уйқусизликни чақиради, асабийлик, ширинликка ўчликка сабаб бўлади.

Баъзи ширинликлар ҳақиқатдан ҳам ёрдам беради: бир нечта маҳсулотлар таркибида серотонинни ҳосил қилувчи триптофан аминокислотасига эга. Триптофанли маҳсулотлар серотонин миқдорини оширади ва дардни енгиллаштиради. Буларга: хурмо меваси, банан, қора шоколад, олхўри, анжир, сут ва соя киради. Аммо иштаҳангиз карнай бўлса ва семиришни истамасангиз, жисмоний машқлар ҳам ёрдам беради. Гап шундаки, машғулот вақтида бета-эндорфин миқдори кўтарилади, у кайфиятнинг яхшиланишига сабаб бўлади. Шу тариқа икки қуённи бир ўқ билан уришга имкон туғилади: руҳий ҳолатни меъёрлаштириш ва жисмонан тетиклашиш. Ҳайз олди даврида албатта, машқлар қаттиқ чарчатадиган бўлмаслиги керак, чунки гормонал ўзгаришлар куч-қувватнинг заифлашишига олиб келади. Баъзи аёллар ҲОСни кофе ичиш билан енгишга ҳаракат қилади. Аммо бу нотўғри. Сабаби кофеин ва таурин моддасининг ортиғи хавотир ва асабийликни оширади. Ваҳоланки, айнан шу хусусиятларга қарши курашишимиз керак.

Стресс даражасини камайтириш ҳам аҳволни енгиллаштиради. Шунинг учун ҲОС рўй беришидан олдин, стрессни енгадиган усулларни тайёрлаб қўйинг. Масалан, йога, медитация, дугонангиз билан учрашув каби. Севимли инсонларингиздан аввалдан узр сўраб қўйинг ва нозик даврда сизни ортиқча асабийлаштирмасликларини илтимос қилинг. ҲОС келганини сездингизми, буни хаёлдан чиқарманг. Шунда тинчланишга, бироз босиқроқ бўлишга ўзингизни ундаб туришингиз осон бўлади.