ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Ота-она олдида айбдорлик ҳиссини енгиллатиш йўллари

Улғайдингиз, мустақил ҳаёт кечиряпсиз, ота-она қарамоғидан чиққансиз. Балки улардан алоҳида яшаётгандирсиз. Аммо неча ёшга кирмайлик, ота-онамиз учун ҳар доим бола бўлиб қоламиз ва улар биз ҳақимизда қайғуришдан тўхтамайди. Баъзиларимиз катта ҳаётни осонлик билан бошлаб оламиз ва ортимизда ота-онамизнинг дуоси борлигини ҳис қилиб, муваффақиятларга эришамиз. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, мустақил ҳаётга ўтгиси келмайди, ота-онасидан йироқлашаётгани учун ўзини айбдордай ҳис қилади.

Оилада муносабатлар қанчалик соғлом бўлса, ота-она боласини мустақил ҳаётга шунчалик осон кузатади. Бундай муносабатларда ота-она боласини мустақил шахс сифатида тарбиялайди. Зеро, ҳар қандай ота-она фарзандига бутун умр устун бўла олмаслигини тушуниб етиши керак. Агар акси бўлса, бола ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди ва ўзига шончи мустаҳкам бўлмайди. У оила қурганида ҳам, ўз муаммолари билан ота-онасини безовта қилаверади. Ўзига ишонмайдиган ота-оналар ҳам боласини мустақил ҳаёт оқимига қўйиб юборишни истамайди. Улар учун ҳамма нарсани назорат қилиш биринчи ўринга чиқади. Гўёки меҳр-муҳаббат кучлидай кўринади, лекин бунинг замирида катталарнинг ўзига ишонмаслиги, фарзандларини фақат ўзига ёрдамчи сифатида катта қилиш истаги яширин бўлади. Тўғри, фарзанд наслнинг давомчиси, ота-она тиргаги, кўмакчиси ҳисобланади. Аммо унутмаслик керак, фарзанднинг ҳам ўз ҳаёти бор. Айниқса, улар улғайганда фақат сиз чизган чизиқ бўйлаб юрмаслиги мумкин, шундай экан, ота-оналар фарзандининг мустақил фикрларини ҳурмат қилиши керак.

Ота-оналар қаттиқ назорат қилиш орқали, фарзандини бало-қазолардан сақлаб қоламиз деб ўйлайди. Аслида эса ҳаммаси тақдир измида, инсонни минг ўраб-чирмаб авайламанг, агар тақдир истаса, уни турли йўлларга солиши мумкин. Шунинг учун фарзандлар бир неча муҳим қоидаларни доимо ёдда тутиши керак. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёти бор ва сизнинг ҳаётингиз бу фақат сизга тегишли масъулият. Буни худбинлик, деб ўйламанг. Ота-онам мен ҳақимда қайғуряпти экан, деб фикрлаб, бутун оғирлигингизни уларга солманг. Бу билан уларнинг хавотирини оширасиз. Сиз мустақил қарор қабул қилишингизни исботлашингиз керак. Бунинг учун ота-онангиз билан муносабатларингизни бироз ўзгартириб кўринг. Яъни ташаббусни ўз қўлингизга олинг. Ҳар қандай вазиятда «улғайганингизни» ҳис этинг. Ота-онангизнинг барча ташвишларини сокинлик билан қабул қилинг, ваҳима кўтарманг. Ёши ўтиб бораётган ота-онангиз ичида меҳр-муҳаббатга муҳтож кичкина бола яшайди, шундай экан, шу меҳрни кўпроқ сиз беринг.

Ота-онангиз қўнғироқ қилишини кутманг, ўзингиз сим қоқинг, чақиришидан олдин боринг. Шу тариқа сиз улардаги хавотирни камайтирасиз ва “боламиз катта бўлиб, биз ҳақимизда қайғуряпти” деган фикрларни пайдо қиласиз. Агар сизга нотўғри маслаҳатлар беришаётганини сезиб қолсангиз, дарров аччиқланманг, аввалига қулоқ солинг, кейин секингина ўз фикрингизни ҳам қўшиб қўйинг.

Энг яқин дўстларингиз – ота-онангиздир. Уларни авайланг, ҳурмат қилинг, хизматида бўлинг. Лекин шуни ҳам унутманг-ки, улар учун боқиманда фарзандга айланманг. Аксинча, ташаббусни ўз қўлингизга олиб, ота-онани ортиқча ташвишлардан халос қилинг. Илгари сиз уларнинг ёрдамига муҳтож бўлгансиз, энди эса навбат уларники. Сабр, меҳр, тўғри фикр билан фарзандлик бурчингизни адо қилинг!