Отам ёки онам ҳиёнат қиляпти. Нима қилишим керак?

Ота-онанинг ҳиёнат қилиши бола учун ёқимсиз ҳолат. Аксарият фарзандлар буни сотқинлик деб қабул қилади. Юрагига яқин олади. Аслида бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Ким айбдор? Ота-онами ёки фарзанд? Ҳар қандай ёшдаги бола қалбдаги оғриқ, хафалик ҳиссини осонликча енга олмайди.
Муштарийларимиздан бири бошидан ўтказган воқеани шундай сўзлаб беради:
“Мактабда ўқирдим. Дадамнинг иши хизмат сафарлари билан боғлиқ эди. Ўн кун, баъзида икки ҳафталаб уйга келмасди. Онам негадир бундай шароитга ўрганиб кетганди. Бир куни уй телефонимиз жиринглади. Телефон аппаратларимиз иккита бўлиб, параллел равишда ишларди. Гўшакни дадам кўтарди. Болалигим тутиб, иккинчи телефонни мен олдим ва эшита бошладим. Гўшакнинг нариги томонида бир аёлнинг сизни соғиндим, қачон келасиз, деган гаплари қулоғимга чалинди. Дадам тез кунларда боришини айтди. Ростини айтсам, ўша пайт ичим ёниб кетди. Хиёнатларни турли сериалларда, киноларда кўрардиму, айнан бизнинг оилада бўлишини тасаввур қилолмагандим. Орадан бир ҳафталарча вақт ўтди. Кунлар, тунлар қандай ўтганини билмайман. Қаттиқ сиқилдим. Охири ҳаммасини йиғлай-йиғлай онамга айтиб бердим. Оиламиз тарқалиб кетмади, балки онам дадам билан гаплашиб олгандир, буни билмайман. Лекин ўсмирлик туйғуларимда дадамга нисбатан нафрат пайдо бўлди. Кейинчалик ҳам унчалик исий олмади.”
Орамизда мана шундай ўсмирлар йўқ эмас. Бугун уларга тасалли бериш баробарида тўғри йўл тутиш йўлларини кўрсатамиз.
Аввало ўзингизни қўлга олинг
Кўпчилик фарзандлар бу каби вазиятларда карахт аҳволга тушиб қолади, узоқ вақт давомида ўзига келолмайди. Хиёнат қилган ота ёки онасини ёмон кўра бошлайди, ўзини айбдор ҳис қилади. Бу туйғуларнинг бари боланинг ички оламида рўй беради. Аммо дардни ичга ютиш керак эмас. Уларни ташқарига чиқаришга ҳаракат қилинг. Агар кимгадир айтишдан уялсангиз, дафтарга ёзинг. Қоғозлар суҳбатдошингиз бўлсин.
Хиёнат қилган отангиз ёки онангиз билан очиқ гаплашинг
Шубҳа-гумонлар гирдобида юргандан кўра очиқчасига гаплашинг. Вазиятга ойдинлик киритасиз ва шу билан бирга, ота-онангизга хушёрлик бағишлайсиз. Сизга оғриқ келтиришдими, энди уларнинг вазифаси сиздаги стресс ҳолатини аритиш. Ичингизда бор ҳисларни тўкиб солинг.
Ота-онангиз тан олиши учун вақт беринг
Сиз учун ота ҳам, она ҳам қадрли. Кимдир хиёнат кўчасига кирсада, фарзандига бўлган муносабати ўзгармаган бўлиши мумкин. Шундай экан, яқин инсонингизга бироз вақт беринг. Оиланинг тақдири сизнинг қўлингизда эмас. Ота-онангиз бирга қолишадими ёки йўқ, буни уларнинг ўзлари ҳал қилишади. Сиз асло ўзингизни бунда айбламанг.
Агар дадангизнинг иккинчи оиласи ва фарзандлари бўлса…
Ўша фарзандлар билан мулоқот қилишни истамасангиз, ўзингизни зўрламанг. Энг муҳими, ота-онангиз билан яхши муносабатларни сақлаб қолинг. Бошқа оилага кетган дадангизнинг меҳри барча фарзандлари учун бир хил, унутманг.
Хиёнаткор ота-онани кечириш мумкинми?
Ҳақиқат мулоқотда яралади. Улар билан кўпроқ гаплашинг. Унутманг, улар вояга етган инсонлар ва ҳар бири бахтли бўлишга ҳақли. Уларни тез кечиришингиз шарт эмас. Балки бунга вақт керак бўлар.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.