Нима учун токсик муносабатлардан чиқиб кетиш қийин

Боши берк кўчага кириб қолган бўлсангизда, муносабатларни давом эттиришга куч томолмасангиз ҳам, ҳал қилувчи қарор чиқариш гоҳида жуда мураккаб бўлиб қолади, олдинга қадам ташлай олмай иккиланасиз. Балки сизни очиқчасига хафа қилишмас, лекин зиддият, зўравонлик, психологик босим қийнаб бораверади. Натижада мана шу доира ичида айланиб юраверасиз. Энг ёмони, соғлиғингиз кетаётганини сезмай қоласиз ҳам.
1. Соғлом муносабатлар қандай бўлишини унутиб қўйгансиз
Токсик муносабатда яшаб ўрганган, уни меъёр деб ҳисоблайдиган ва илгари бундай муносабатларга умуман дуч келмаган инсонлар соғлом муносабатга интилмайди. Агар таққослашга мисолингиз бўлмаса, унинг устига атрофдагиларингиз қадрингизга етмаса, носоғлом муносабатларни англашингиз жуда қийин бўлади.
2. Умид билан яшаш
Кўпчилик одамлар эртанги яхши кунга умид билан яшайди. Эртага яхши булиб қолар, вазият ўзгарар деб ишонади. Гарчи хавотирли белгилар мудом қийнаб турсада, умид охирги бўлиб сўнади. Айниқса, яқинларингизнинг “ҳаммаси ўтиб кетади, эр-хотин уруши дока-рўмол қуриши” дея тинчлаштиришлари сизни дадиллик сари қадам қўйишдан қайтаради.
3. Фақат яхшиликка ишониш
Жуфтимиз яхши бўлиб қолар, камчиликлари тўғриланар, меҳр берсам, ўзгарар. Бу сўзлар ҳамма нарсадан яхшилик излаб яшовчиларнинг фикрлари. Лекин баъзи дақиқларда танқидий ёндашув ҳам талаб этилади. Балки айнан мана шу йўл, сизнинг чорасизлигингизга жавоб бўлиши мумкин.
4. Яширин бошқарув
Токсик турмуш ўртоқлар жуда яхши бошқарувчи бўлади. Энг ёмони, бу иллат яширин бўлса. Чунки сиз буни очиқчасига сеза олмайсиз, лекин ҳаётингизга салбий таъсир қилаверади. Энг ёмони, бундай шерик сизни осонликча қўйиб юбормайди.
5. Ўзига паст баҳо бериш
Балки олдиндан ўзингизга берадиган баҳоингиз унчалик юқори бўлмагандир. Жуфтингиз эса доим шундан фойдаланар. Айтганча, ўзига юқори баҳо бериб юборадиганлар ҳам кўнгилдагидай муносабат қура олмайди. Демак, бу борада олтин ўрталиқни топиш керак.
6. Уялиш
Токсик муносабатлардан азият чекиш ҳолати йиллаб давом этсада, буни яшириб юрадиган инсонлар ҳам бор. Чунки бировга айтишга андиша қилишади. Турмуш ўртоғим ёмон дейишга бир уялсак, мана шундай инсонга йиллаб чидаб юрганимизни айтишга икки уяламиз. Яхшиси, сукут сақлашни афзал кўрамиз.
Ечим қаерда?
Бироз жасорат топиш, атрофдагиларга ёрдам, маслаҳат учун мурожаат қилиш, режа тузиш, ҳаётни ўзгартириш. Иккиланишнинг кераги йўқ. Ўзингиз учун атрофингизда хавфсиз муҳитни яратишингиз керак. Акс ҳолда хароб бўлишингиз ҳеч гап эмас.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди