НИМА УЧУН ЁРДАМ СЎРАШ ҚИЙИН?

Баъзида оддий нарсаларни ҳам амалга ошириш иложсиз бўлиб қолади. Масалан, бировдан ёрдам сўраш гоҳида хавотир ва қўрқувга сабаб бўлади. Аммо кўмак ҳар биримизга зарур. Кимдир “ёрдам бер” дея олади, бошқалар учун эса бу уддалаб бўлмас вазифа. Бундай одамлар иложи борича ёрдам сўраладиган вазиятлардан қочиб юради. Бунинг сабаби улар мустақил бўлишга интилиб, кимгадир ишонч билдиришни ноқулайлик деб билади.

Қизиғи бу одат бора-бора фобияга айланиб қолиши мумкин. Қарабсизки, ундан чиқа олмай қолган одам ўз қобиғида ўралиб яшайверади, ўсолмайди ва ривожлана олмайди. Хўш, бу одат яна қандай салбий оқибатларга олиб келади?
1. Қолганлар ёрдам олиб юрган вақтда, биз бундай имкониятдан маҳрум бўламиз. Шу тариқа мағлубият поғонасида жойлашамиз.
2. Бошқалардан яккаланиб қоламиз, ўзимизни ёлғиз ҳис этамиз.
3. Ўзгалар билан муносабатларимизга ҳалақит қилади. Зеро инсонлар орасидаги тўлақонли, чуқур муносабатлар фақат ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда ишонч асосида шаклланади. Хўш, нима учун бунчалик мустақил бўлишни истаймиз ва ўзгаларга суянишдан қўрқиб қолганмиз?
Бу муаммонинг асл илдизи болаликка бориб тақалади. Болалар бировдан ёрдам сўраш орқали, ўша инсон ишончини қозона олмайман, деган қўрқув билан юриши мумкин. Қолаверса, улар заиф бўлиб кўринишни исташмайди.

Ёрдам сўраш учун ёрдам берадиган ва ортиқча қўрқувлардан ҳалос қиладиган 4 қадам.
1. Қўрқувингизни тан олинг ва у сизга фақат салбий томондан таъсир қилаётганини англаб етинг. У туфайли сиз ҳаётда энг керакли ёрдамни олмаяпсиз.
2. Шахсий эҳтиёжларингизни шундайлигича қабул қилинг. Бу мутлақо табиий ҳолат. Ҳамманинг ҳам ўз талаблари, эҳтиёжлари бор. Бу ҳақда унутманг ва уларни аҳамиятсиз деб ўйламанг.
3. Сиз кимгадир бефарқ эмассиз ва улар сизга ёрдам беришга тайёр, яқин инсонларингизга ишонинг. Рад жавобини беришингиз ёки ёрдам сўрамаслигингиз уларни ранжитади.
4. Атайлаб ёрдам сўрашга ҳаракат қилинг. Ўзгаларга ҳам ишонишни ўрганинг.

Қўрқмасдан ёрдам сўранг, қарздор бўлиб қолмайсиз. Аслида инсонлар бир-бирига кўмаклашиш учун ҳам яратилган. Зеро, жамиятдаги оқибат ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлаш натижасида пайдо бўлади.

Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/pochemu-nekotoryim-lyudyam-tak-trudno-prosit-o-pomoschi/