БИРОВГА ҚАРАМ БЎЛИБ ЯШАШ ОСОНМИ?

Эмоционал қарамлик — инсонни ташвишга соладиган оғриқли ва оғир хулқ-атвор тури. Нима қилиш керак? Аввало ўз ҳолатини назорат қилишни ўрганиш лозим. Кимгадир қаттиқ суяниб қолган инсон учун унинг ота-онаси, ака-ука, опа-синглиси, севимли инсони ёки дўсти жуда катта аҳамиятга эга. Қарам одам ўз яқинларига бутун ишончини бағишлаган бўлади, ҳатто ҳаётини топшириб, тўлиқ назорат қилишларига қўйиб беради.
Қарам инсоннинг бутун кайфияти фақат атрофдагиларга боғлиқ. Агар боғланиб қолган одами яхши муносабат кўрсатса ўзини баҳтли ҳис этади, мабодо инкор этса тушкунликка тушади. Ҳатто оддий ҳаракатсизлиги ҳам уни қийнаб қўяди. Ҳиссиётга берилувчан одамлар айниқса, кўп азият чекади. Қарамлик оламини улар ўзгача қабул қилади. «Нима учун менга бундай қиляпсиз? Бунчалик бефарқсиз! Мен билан ишингиз йўқ! Ташлаб кетманг, чидай олмайман!» — бу ўта қарам инсонларнинг одатий мурожаатларидир. Энг ёмони, ҳиссий қарам инсонларнинг ички ҳолати юрак ҳуружлари, психозлар, руҳий бузилишлар ва ҳатто суицидгача олиб бориши мумкин. Турмуш ўртоғига қаттиқ боғланиб қолган аёл ёки эркаклар жуфтининг ўлимидан кейин кўп яшамайдиган ҳолатлар ҳам учрайди. Улар учун яқинининг вафоти ҳаёт мазмунини ҳам олиб кетади. Жамиятда қарам инсонлар гоҳида ачинишга сабаб бўлса, баъзида нафратга ҳам учраб туради. Чунки гоҳида уларнинг ҳаракатларидан бутунлай маъно кетиб қолади, улар нима қилаётганларини ўзлари англай олмайди. Гоҳида атрофдагилар бунга чидай олмасдан, ҳатто муносабатларга ҳам чек қўяди. Қарамликдан азият чекадиган инсонлар учун бир нечта тавсияларни бериб ўтамиз.
1. Масъулият
Яқинингиз бирор чора кўришини кутиб ўтирманг. У сизнинг аҳволингизни енгиллата олмаслиги мумкин. Ундан кўра ўзингизга эътибор қаратиб, ҳракатларингизни тартибга солинг.
2. Хомхаёл қилишни тўхтатинг
Ичингиздаги қўрқувларингиз ва хавотирларингиз сизни енгишига йўл қўйманг. Вазиятга соғлом назар билан қаранг. Ўзингизча тасаввурлар қуришдан сақланинг.
3. Бугун ва ҳозир яшанг
Атрофга қаранг. Қаердаман, аҳволим қандай, деган савол бериб кўринг. Сиз ўтмишда ёки келажакда яшамаяпсиз, сиз ҳозир ва шу ерда ҳаёт кечиришингиз керак.
4. Ички кузатувчи
Ичингизда қулай жой топиб, ички кузатувчингизни унга солиб қўйинг. Барча салбий ҳиссиётларингизни йиғиб, саватчага тўкиб туринг. Қолган ҳаммаси яхши, дея ҳаётингизни янги ҳодисаларга тўлдиринг.
5. Оёқлар ерда бўлсин
Осмонларда учиб юришни йиғиштиринг, ерга яқинроқ юрсангиз, моҳиятга яқинлашасиз.
6. Ўзингизга хат ёзинг
Жамики ҳисларингизни қоғозга тўкинг ва ўзингизга йўлланг. Сўзларни аяманг, истасангиз ўзингизни уришинг. Энг муҳими салбий ҳиссиётларни қолдирманг. Шунда сал енгиллашасиз.
7. Қадрингизни билинг
Қарамлик сабабларидан бири, қадрингиз тушиб кетган. Бунинг ўрнини атрофдан тўлдиришга ҳаракат қиласиз. Ортиқ кутиб ўтирманг, ундан кўра ўзингизни севинг, сийланг, аянг ва раҳм қилинг.
8. Таҳлил
Тинчланиб олгач, ана энди ҳаммасини бир четдан таҳлил қилинг. Ечим изланг.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/emotsionalnaya-zavisimost-kogda-vash-bog-molchit/