ТАҚИҚЛАМАНГ ВА ОЛИБ ҚЎЙМАНГ: ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ТЕЛЕФОННИ БОЛАЛАР УЧУН ФОЙДАЛИ МАНБАГА АЙЛАНТИРИШ МУМКИН?

Смартфонни икки мақсадда ишлатиш мумкин. Ёки унга қарам бўлиб, бутун бўш вақтимиздан айриламиз ёки муҳим масалаларни ҳал қилишда катта ёрдамчига айлантирамиз. Бугун болалар учун телефоннинг зарарини камайтириб, фойдасини ошириш бўйича маслаҳатлар берамиз.
Телефон билан муносабатимиз одатда икки хил бўлади: соғлом ва носоғлом. Биринчи вазиятда ундан қўнғироқлар қиламиз, чипталар сотиб оламиз, суратга туширамиз, янгиликлардан хабардор бўламиз. Иккинчи ҳолатда эса унга кучли боғланамиз. Шунчалик кучлики, кайфиятимиз экрандаги тасвирларга боғлиқ равишда ўзгариб бораверади. Бугунги кунда телефонга нисбатан қарамлик янгилик бўлмай қолди. Ҳатто бунинг учун махсус номофобия (телефонсиз қолиб кетиш қўрқуви) деган атама ўйлаб топилди. 2019 йилги тадқиқотларга кўра, АҚШнинг 66% катта ёшли аҳолиси уяли телефонларсиз бир кун ҳам яшай олмаслигини тан олган. Катталар шундай деб турган пайтда болалардан нимани кутиш мумкин. Демак, фарзандларимизни тақиқлар билан қўрқитмасдан, яхшиси ундан тўғри фойдаланишни ўргатган маъқул.
1. Фойдали иловаларни юклаб олинг
Камалак қандай пайдо бўлади? Ҳавола бўйича ўтинг. Қандай қилиб совға ясаш мумкин? Видеоқўлланмани томоша қилинг. Кўпгина саволларга телефондан жавоб топиш мумкин. Аммо қидирув тизимида маълумотлар жуда кўп ва болалар бу ахборот уммонида қийналиб қолади. Ушбу муаммони махсус иловалар ёрдамида ҳал этса бўлади. Улар қизиқишларни ривожлантириши, ўқишда қўл келиши, фойдали маслаҳатларни бериши мумкин.
Иловалар орасида санъат ва маданият соҳалари, аудиокитоблар тинглаш, фотосуратларни сайқаллаш, осмон жисмларини ўрганиш ва шунга ўхшаш кўплаб машғулотлар таклиф этилади. Масалан, Skysmart онлайн мактабида янги замонавий технологиялар фаол қўлланади. Таълим интерактив платформада олиб борилади, уй вазифаси эса айнан телефонда бажарилади ва шу заҳоти натижани ҳам билиб олиш мумкин.
2. Ишчи столни тартибга келтиринг
Телефондаги иш столини кераксиз иловалар, ҳужжатлардан тозалаб, уларни гуруҳлаб чиқинг:
Мусиқа
Ўйинлар
Транспорт
Пуллар
Таълим
Ижтимоий тармоқлар
Фото ва видео
Савдо
Биринчидан, телефондан фойдаланиш анча осонлашади. Иккинчидан, аниқ бир вазифани танлашда қўл келади. Гуруҳлар ёрдамида бола вақтини тежайди, ортиқча нарсаларга чалғимайди. Истасангиз, кўнгилочар дастурлар учун таймер ёки пароль ўрнатиш мумкин. Иложи бўлса, ўқишга кетаётган бола учун телефондаги ижтимоий тармоқлар дастурларини бутунлай ўчириб қўйиш керак. Уйга келгач яна ёқиб бераверасиз. Мактабда янги билимга эга бўлсин.
3. Билдиргиларни созлаб қўйинг
Билдиргиларни кўрган заҳотимиз ҳамма ишларимизни ташлаб, телефонни қўлга олишга ҳаракат қиламиз. Бу туйғу кичик болаларда кучлироқ намоён бўлади. Шунинг учун бола таълим олишга кўпроқ эътибор қаратишини ўйлаган ҳолда, телефондаги жами билдиргиларни ўчириб қўйинг. Балки бошида фарзандингиз бунга қаршилик билдирар. Лекин кейинчалик уларсиз ҳам телефондан бемалол фойдаланиш мумкин эканлигини англаб етади. Яна бир фойдали дастур бу эслатмалар. Шеърни қайтариб олиш ёки 10 та янги инглиз сўзини такрорлаш зарурияти ҳақида эслатиб турса нимаси ёмон.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/ne-otbirat-i-ne-zapreschat-kak-sdelat-telefon-istochnikom-znaniy-dlya-rebenka/