НАРЦИС ИНСОН БИЛАН ЯШАШ ОСОНМИ?

Нарцисслар ким ўзи? Уларни кўпинча атрофдагиларнинг куч-қувватини олиб қўювчи вампирларга ўхшатишади. Нарциссларга яқин юрадиган одамлар қурбонга айланиб қолади. Бундай муносабатлар нафақат оилада, балки ишда, кўчада, жамоада, исталган ерда учраши мумкин.

Нарцисслар худбин одамлар
Худбинлар ҳеч қачон атрофдагиларнинг фойдасига иш кўрмайди, балки ўз истаклари йўлида яқинларини бўйсунтиришга ҳаракат қилади. Баъзида нарцисслар ҳаётидаги янги одамни ўз измига солиш учун аввалига ёлғон сўзлардан фойдаланади. Мақсади ишонтириш орқали, бировнинг ишончига кириб олиш ҳамда кейин бемалол бошқариш. Шундай эркаклар борки, уйланишдан олдин бўлғуси рафиқасига асл юзини кўрсатмайди. Ич-ичидан худбин бўлса ҳам, буни яширишга ҳаракат қилади. Тўй ўтгач эса, бутун умрлик қурбонига айланган аёлига ҳақиқий феъл-атворини намоён қилади. Энг ёмони, нарцисс одамнинг истакларини олдиндан билиш жуда қийин. Уларнинг нишони бизларнинг миямиз. Шиори эса, йиқилган одамнинг устидан босиб ўтиш.

Айтганини бажармасангиз, асабийлашади
Кўп йиллар давомида нарцисслар билан яшаган инсонлар бу муносабатдан қуриб битганини айтиб шикоят қилади. Афсуски энди кеч, йилларни ортга қайтариб бўлмайди. Психологлар нарциссларни шундай тавсифлайди: улар доим эътирофни талаб қилади ва унга эришиш учун ҳамма нарсага қодир бўлади. Мабодо бунга эриша олмаса, жуда асабийлашади, атрофдагиларга заҳрини соча бошлайди. У ёнидаги инсонларни бемалол тушкунликка сола олади.

Руҳиятни жароҳатлайди
Нарцисс эркак билан яшаган аёллар сўзларига қулоқ тутамиз.
«Мен фақат унинг дунёсида яшардим. Ҳар қандай ҳолатда унга мос яшаяпманмикан, деган савол қийнарди. Озгина эътиборидан хурсанд бўлиб кетардим. Лекин бунга ҳар доим эриша олмасдим. Худди итга ўхшаб, вафодор кўппак бўлиб қолгандим».
«Нарцисс турмуш ўртоғим мендаги ҳамма яхши хислатларни йўқ қилди. У токи ўзимни унутмагунингимча ҳаракат қилаверади. Босим ўтказавериб, охири қарам инсонга айлантирди. Ҳаётда чуқур тушкунликка тушиб қолдим».
«Эрим менга ёмонлик тиламаса-да, лекин устимдан кулишни яхши куради. Кейин камситади. Айниқса бировларнинг олдида барча айбларимни айтиб, устимдан кулади. Қадримни пасайтириб, мени бошқаришни ёқтиради».

Улар рост гапирмайди
Нарцисслар ҳақиқий муттахам ва ёлғончи бўлади. Акс ҳолда улар мақсадига эриша олмайди. Бировларни ёмонлашни канда қилмайди. Уларнинг наздида ҳамма ёмон, якка ўзи яхши. Нарцисслар ҳар қандай ҳолатда алдайди, ҳатто ростгўйлик ягона қутқарув йўли бўлса ҳам.

Худбинлардан узоқлашинг
Улар сизнинг ҳаётингизга айланиб, уни барбод қилади. Шундай экан, нарцисс хусусиятли инсонлардан узоқроқ юрганингиз маъқул. Агар унинг қармоғига тушиб қолган бўлсангиз, қутулиш чораларини излашингизга тўғри келади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди