«Мен кўп нарсани йўқотдим. Қамоқдалигимда онам вафот этдилар. Ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлган аёлларни бунчалик қаттиқ жазолашар экан, минг афсус»

8 йил аввал содир бўлган мудҳиш ходиса Камиланинг (исми ўзгартирилди) хаётини иккига бўлиб қўяди – аввал ва кейин.
Турмуш ўртоғи билан болалигидан бирга катта бўлишган.

«Биз Руслан билан бир-биримизни болалигимиздан танирдик, уйларимиз яқин жойлашган эди. Кейин оилам бошқа туманга кўчиб, биз бошқа кўришмадик. Йиллар ўтиб, 19-20 ёшларга етган пайтимиз, тасодифан умумий дўстларимизни байрамида кўришиб қолдик. Телефон рақамларимиз билан алмашиб яна гаплашиб турадиган бўлдик. Биз кўришиб ҳам турардик. Кейинчалик Руслан турмушга чиқиш таклифини берди. Ва мен унинг таклифини ўйлаб кўриш учун вақт кераклигини айтгандим».

Янги йилга Руслан Камилани меҳмонга таклиф қилди. Қиз у ерга синглиси ва унинг турмуш ўртоғи билан боради. Шунда Камила бўлажак қайнонаси билан ҳам танишади.

Ўша куни у менга: «Бошқа сенинг жавобингни кутиш ниятим йўқ, биз турмуш қурамиз ва сен меникида яшайсан, ота-оналаримиз ҳам рози», деб айтади. Бир неча ҳафтадан кейин ЗАГСга ҳужжатларни топширдик.
Ёшлар алоҳида яшашни бошлайди. Бошида ҳаммаси яхши эди, деб эслайди Камила. Кейинчалик у турмуш ўртоғи тез-тез спиртли ичимлик истеъмол қилаётганини пайқади.

«Мен содда, аввал у шунчаки байрамларда, тадбирларда хамма сингари ичади деб ўзимни ишонтирдим. Аммо кейинчалик барчаси жиддий эканини тушундим».

Камила бир неча маротаба турмуш ўртоғига бу яхшилик билан тугамайдиган одатни ташлашини сўрайди. Вақти-вақти билан у ичмасди. Ишга кирарди, бироқ кечалари жуда маст ҳолатда келар эди. Табиийки, уни ишдан тез-тез бўшатишарди.
Неча марта Камила турмуш ўртоғидан кетмоқчи бўлган, лекин у Камилага қўл кўтарар, ўзимни ўлдираман ва ўлимим бўйнингда бўлади, деб қўрқитарди. Шунингдек Руслан хар гал узр сўрашни канда қилмасди ва Камила “бу сўнггиси бўлса-чи” деган умид билан ҳар гал эрини кечирарди. Уйда доим маблағ етишмас, турмуш ўртоғи деярли ишламасди. Камиланинг сўзларига қараганда вақти-вақти билан қайнонаси келиб, уйдаги вазиятни биларди. Камила қайнонасининг олдида ҳам турмуш ўртоғига “Ўзгармасангиз кетаман” деб бир неча маротаба айтган, бироқ хеч нима унга таъсир қилмасди.

Руслан мунтазам равишда аёлига қўл кўтарарди
«Бир кун Руслан ишдан уйга келмаган. Кеч бўлиб қолган, қўнғироқларимга ҳам жавоб ҳам бермаган. Ҳавотир олиб ташқаридан, дўстларидан қидира бошладим, лекин у ҳеч қаерда йўқ эди. Сўнгра уни подъездимиз олдидаги ўриндиқда ётганини кўриб қолдим. Уйда у мени шунчаки уни излаганим учун урди. Кейин кечирим сўради ва мен уни яна кечирдим. Еган калтакларимни экспертиза қилдирмаганим ва ички ишларга унинг устидан ариза ёзмаганимга афсусланаман».

Мудҳиш кун
Ўша мудҳиш кунда ҳаммаси бошқача бўлиши керак эди, деб эслайди Камила.
«Байрам куни эди. Русланнинг онаси келди. Учовлашиб бозорга рўзғорлик учун бордик. Қайтишда Русланнинг дўстини кўриб қолдик ва у бизни байрамни бирга нишонлаш учун уйига таклиф этди. Қайнонам таклифни рад этмаслигимизни ва ҳозирча у ўз уйига кетиб, кечқурун эса бизникига келишини айтди».

Дўстининг уйида Руслан ичиб олиб, ўзини қўпол ва асабий тута бошлади. Камила қўрқиб, кетиш пайига тушди ва таниш такси ҳайдовчисига қўнғироқ қилиб уларни уйларига олиб бориб қўйишни сўради.
«Турмуш ўртоғим негадир доим мени шу хайдовчидан рашк қиларди, ваҳоланки у ёши катта амаки эди. Уйгача мени сўкиб борди”.
Уйда Руслан аёлига яна қўл кўтарди, сочидан судраб, ҳақоратларди. Камила ўз хавфсизлиги учун қўрқиб, кийимларини йиғиштира бошлади. Турмуш ўртоғи Камила кетмоқчилигини кўриб янада асабийлашиб, уни диванга ётқизиб бўға бошлади. Камила қайсидир вақтда ҳаттоки хушидан кетаётганини хис қилди.

«Ўзимни ҳимоя қилиш учун атрофдан нимани бўлса ҳам қидира бошладим ва қўлимга пичоқ илинди. Уни қўрқитиш учун пичоқни силкита бошладим, қандай қилиб пичоқни унга санчганимни ҳам билмай қолдим. Бирданига нафаси секинлашаётганини сездим ва у менга «Сени севардим, мен ўляпман…» деди. Мен шокка тушиб қолдим.
“Ўзимга келиб, нима бўлганини тушунганимда майкасини кўтариб қаерга пичоқ санчилганини қидира бошладим».
Камила содир бўлганларни тушунганда, подъездга чиқиб қўшнисидан тез ёрдам чақиришини илтимос қилди. Тез ёрдам ўлим ҳолатини тасдиқлади. Кейин нималар бўлганини аёл деярли эслолмайди.

«Мен ҳаттоки унинг онаси келганини ҳам сезмабман. Унга яқинда ҳаммаси ҳақида билишини айтдим. Мени маҳкамага олиб кетишди. Терговчи жиноятни тан олиб ариза ёзиб беришимни талаб қилди. Мен ўзимда эмасдим. Ҳаттоки нима ёзиб берганимни тушунмасдим. Экпертизага мени тўрттинчи кун юборишди. Рухий- психиатрик экпертизаси ҳулосасига кўпа мен аффект – кучли ҳаяжон таъсирида бўлганман.
Кейин суд мажлиси бўлди, жами 4 та мажлис бўлиб ўтди. Камилага 97-модда бўйича суд қарори чиқди.
«Прокурор 15 йил беришни талаб қилди. Адвокат мени ҳолатим, Руслан менга кўп маротаба қўл кўтаргани, аёл киши ўзига 2 баробар келадиган ва кучли эркакка қаршилик қила олмаслигини хисобга олишни сўради. Аммо судья мен ўзимни маст эркакдан химоя қила олишга қодир бўлганимда туриб олган. Ўзимни ҳимоя қилишга-да кучим йўқ эди. Апелляцияга ҳам бермаганман».

Камила 8 йилдан буён қамоқ жазосини ўтамоқда.
«Мен қамоқдалигимда жуда кўп нарсани йўқотдим. Онам мени чиқишимни кутмадилар, улар бу хаётдан кўз юмдилар. Мен хаётимда кўп нарсани қўлдан бой бердим, хозир буларни тушуниб етдим ва пушаймонман. Билмайман, хаётни тоза қоғоздан бошлаш имкони бормикан. Мен буни жуда хоҳлайман. Афсус, ўзини ҳимоя қилган аёлни шу даражада қаттиқ жазолашар экан …»