Муҳаббатнинг 10 ёлғон кўриниши

«Сени ҳеч ким мендай яхши кўрмайди!», «Сен учун қадрли бўлсам, айтганимни бажарасан!» деган мурожаатлар сизга ҳам танишми? Баъзиларимиз жанжал вақтида турмуш ўртоғимиздан мана шундай шартларни эшитамиз. Аммо бу шартларни қўяётган инсон сизни чиндан ҳам яхши кўрармикан, бошқача айтганда, унинг севгиси чинми?

Психолог билан ишлаш вақтида Нозима омадсиз никоҳи қандай оқибатларга олиб келганини кўп ўйлади. Эрим билан ажралиб ниҳоят, ўзимни эркин ҳис қиламан, деб ўйлаганди, лекин ўй-хаёли илгариги ҳаётида эди. Эри ҳар доим қўполлик қиларди: «Сен ҳеч ким эмассан!», «Қўлингдан ҳеч нарса келмайди!», «Одам бўлмайсан» деган ҳақоратларга чидашига тўғри келарди. Энди Нозиманинг муҳаббат ҳақидаги тасаввурлари ҳам ўзгарди. Муҳаббат деганда, унинг миясига азоб, оғриқ, қўрқув ҳисси келадиган бўлди. Аммо қайси аёл севиб севилиб яшагиси келмайди?! Нозима болалигида ҳам кўп азоб чекди. Ўгай онасидан меҳр излаб чарчади, кейин бу меҳрни атрофдан излашга тушди. Аммо меҳрибон инсонларни топа олмади. Балки шунинг учун ҳам эрининг зуғумига чидаб яшагандир.

Афсуски, оғир болалик ва омадсиз никоҳ натижасида Нозима меҳр-муҳаббат фақат дард келтирадиган туйғу эканлигига ишонч ҳосил қилди. Психолог ёрдамида у муҳаббат ҳақидаги хато фикрларни йиғиб, рўйхат тузди. Рўйхатдаги ҳолатлар унинг эри билан ҳаётига нуқта қўйган эди.

  1. «Айтганимни бажарсанг, сени яхши кўраман»

Муҳаббатда шарт қўйилиши ёлғон. Севган инсон жуфтини баҳоламайди, унда яхши хислатларни топишга ҳаракат қилади, иллатларига кўз юмишга интилади. Аммо бу ҳар қандай ҳақоратли муносабатга чидаш керак, дегани эмас. Хавфсизлик учун шахсий чегараларни ўрнатиш ва шартсиз муҳаббатни масофадан туриб изҳор этиш керак.

  1. «Сени яхши кўрмаганимда, бунчалик жаҳлим чиқмасди»

Севги шафқатсиз бўлмайди. Ҳақиқатни юмшоқлик билан, инсонни хафа қилмасдан, қўрқитмасдан, қадрини туширмасдан ҳам ифодалаш мумкин. Айниқса, севимли инсонимизни асраб-авайлашимиз, меҳр билан муносабат кўрсатишимиз лозим.

  1. «Мени севсанг, ҳозироқ айтганимни қиласан»

Муҳаббат сабрсиз бўлмайди. Зудлик билан талабни бажаришни сўраш менсимасликка, ўз жуфтининг имкониятларини инобатга олмасликка киради. Сабрсизлик муҳаббат эмас. Ҳар бир инсоннинг ўз тезлиги бўлади. Севишганлар эса бир-бирининг тезлик имкониятларини ҳурмат қилишлари керак.

  1. «Болаларимизни мендан кўпроқ яхши кўрасан!»

Фарзандлардан рашк қилиш нотўғри. Кимни кўпроқ севасан, дейиш ноўрин. Фарзандга бўлган меҳрни эса бошқа ҳеч қайси инсонга бўлган ҳисларга тенглаштириб бўлмайди. Ҳар қандай муҳаббатнинг ўз аҳамияти бор. Севимли бўлиш — бу муҳаббатни борлигича қабул қилишдир.

  1. «Сен севгингни исботласанг, кейин мен ҳам қандай севишимни кўрсатаман»

Муҳаббатда ҳисоб-китоб бўлмайди. Жуфтингизнинг яхши ва ёмон хислатларини ҳисоблаб ўтирсангиз, бу муҳаббатга кирмайди, балки ҳисобчининг рўйхатига ўхшаб қолади. Бундай вазиятда мудом ўз қадрингизни исботлаб туришингизга тўғри келади. Бу куч-қувватни йўқотади ва муносабатларга путур етказади.

  1. «Севгимни ҳис қиласанми, йўқми, менга барибир. Муҳими, менинг ҳисларим»

Муҳаббат худбин бўлмайди. Кўп ҳолларда муносабатимиздан нималарга эга бўлишимиз ҳақида ўйлаймиз. Ўзимиз нима беришимиз эса ёдимиздан кўтарилади. Бу эса муҳаббатнинг намоён бўлишига тўсқинлик қилади.

  1. «Сен мени яхши кўришга МАЖБУРСАН!»

Муҳаббатда мажбурлаш йўқ. Кимдир бошқани севишга мажбур эмас. Севги эркин танлов бўлиши керак, асло мажбурият эмас. «Мажбурият бўйича муҳаббат қўйиш» узоққа бормайди, у хавфли қуролга айланади ва бутун умрга чандиқ қолдиради.

  1. «Сени ҳеч ким севолмайди менингдай»

Чин севги мақтанишни билмайди. Мақтанганлар эса ўз ҳиссиётига ишонмайди. Бу ўз жуфтини бўйсунтиришга бўлган ҳаракат. Ҳақиқатдан ҳам кўнгил қўйган инсон бу билан мақтанмайди, унинг ҳаракатлари ҳар қандай ортиқча сўзлардан устун.

  1. 9. «Шу қилиғингдан кейин сени ким яхши кўради»

Севги-муҳаббатда хафа бўлиш йўқ. Баъзи муаммолар муносабатларга путур етказиши мумкин, аммо ҳар қандай шароитда тинчлик билан алоқани узиш мумкин. Агар айрилиқ ҳақида гап кетмаса, хафалик ва жаҳлдан халос бўлиш йўлини топса бўлади. Муроса қилиш керак.

  1. «Мени яхши кўрмайсан, кетиб қоламан»

Юрагида муҳаббат бўлган инсон осонликча таслим бўлмайди. Ҳақиқий севги бу умид, дегани.