Одамлар сиздан фойдаланаётганини билдирувчи белгилар

Қандай қилиб ҳимояланиш лозим

СИЗНИНГ ЕЛКАНГИЗГА КЎПИНЧА БИРОВНИНГ ИШИНИ ЮКЛАШАДИМИ? Илтимосларга йўқ, дея олмайсиз, ҳатто сизга энг ноқулай ва ғалати вазиятларда ҳам? Ҳуқуқингизни талаб қилиш сиз учун уятли, бундай инсон наздингизда «жанжалкаш» ва ёқимсизми? Демак, атрофдагилар сиздан фойдаланишлари аниқ. Биз эса буни аниқлаш ва эхтиёт чораларини кўриш йўлларини ўргатамиз.

  1. Сизга айбдорлик ҳиссини сингдиришади

Айбдорлик ҳиссини бошқариш, дунёда энг кўп учрайдиган ҳодиса бўлса керак. Унинг умумий маъноси бундай: одамлар сизга агар илтимосини бажармасангиз, «ёмон инсон» бўлишингизни уқтиришади. Яъни сизнинг рад этиш ҳуқуқингиз рад этилади, яна шахсий мавқе ва ўзини-ўзи баҳолаш бобида жиддий оқибатлар билан қўрқитишади.

Хушомад орқали ўйлаб топиладиган найранглар ҳам бор («Мен умуман тушунмайман, сен мендан яхшироқ уддалайсан-да!»), аммо бизнинг жамиятда айбдор қилиш ва қўрқитиш усуллари кўпроқ учрайди. Масалан, бадавлат одамдан ҳар доим пул сўрайдиган найрангбоз ўзини қамбағал қилиб кўрсатади. Сизга соатлаб мени эшитиб ўтиришга мажбурсан, деган тушунчани сингдириш мумкин, чунки сизнинг жиддий муаммоларингиз кам, ҳаётда кўпроқ омадингиз чопган (бунинг учун сиз худди қарздордай). Бирор-бир лойиҳада хайрия тарзида кўнгилли бўлиб ишлаш керак, агар бу эзгу ишни инкор қилса, демак, одам худбин бўлади.

Қўрқитиш қуйидаги маънони беради: «Рад этиб кўр-чи, ўзингга ёмон бўлади». Масалан, ҳамкасбингиз ишининг бир қисмини сизга қилдиради, чунки бунга ҳеч вақти йўқ, лойиҳа омадсиз чиқиб қолса, сиз ҳам айбдор бўласиз. Сизга аслида бировнинг жавобгарлигини юклашади ва салбий оқибатлари билан қўрқитишади.

  1. Рад жавобини бера олмайсиз

Розилик бермаслик ва илтимосларни рад этиш лозим бўлган бир талай сабаблар бор, аммо сиз тўғридан-тўғри ўзингизга тегишли бўлмаган ва ҳатто бошлиғингиз бўлмаган инсонга ҳам йўқ, дея олмайсиз. Яъни назарияда тенг ҳуқуқли бўла туриб, амалиётда бундай эмас.

Бу вазиятда тенг ҳуқуқлилик аслида хомхаёл. Унга қараб иш тутишингиз эса, сиздан фойдаланишаётганини билдиради. Бу ерда айбдорлик ҳисси, сўровчи одамнинг мавқеи, учинчи одамларнинг обрўси сабаб қилиб кўрсатилади. Ахир илтимос арзимас бўлса, бажариб қўя қолинг, дейишади. Сиз-чи, нима қиласиз?

Мана шу дақиқани ушлаб қолиш муҳим: бир сония олдин сиз тинчгина четда ўтиргандингиз, бир неча сониядан кейин эса кимгадир қарздорсиз. Аммо бундай эмас. Катталар ўз ҳаёти ва кун тартибини ўзи назорат қилиш ҳуқуқига эга. Сизда ҳам режалар, келишувлар ва мажбуриятлар бор. Қолаверса, дам олишга ёки шунчаки ишсиз ўтиришга ҳаққингиз бор! Кутилмаганда «сиз учун» иш чиқиб қолганда, биринчидан, зудлик билан жавоб беришингиз шарт эмас, иккинчидан, бу ишни секингина четга олиб қўйишингиз ёки инкор қилишингиз ҳам мумкин. Сизга босим ўтказишса, яхшиси шу заҳоти рад этинг. Рад жавобингизни асосламоқчи бўлсангиз, оқловлар ёки тушунтиришлар ўрнига шунчаки вазиятингизни айтинг ёки шахсий фикрингизни бемалол билдиринг: «Менга босим ўтказма, бу менга ёқмаяпти» дея.

  1. Сизга берилиши шарт бўлган нарсани талаб қила олмайсиз

Салонда жуда ёмон маникюр қилишди, ресторанда овқатингизни олиб келишмади, меҳмонхонада бошқа хонани беришди. Мансабдор шахс ишини бажаришни истамайди ва сизга мустақил кўчириб олиб, маълумотномани тўлдиришни таклиф қиляпти, буни қандай амалга оширишни эса интернетдан ўзингиз излаб топишингиз керак (интернетдаги намунани йиллаб ҳеч ким янгиламаган).

Буни билиб туриб, фикрингиз ичингизда қолиб кетади, чунки андиша қиласиз ва кўникасиз, натижада бировнинг ишини бажариш учун пулингиз, вақтингиз кетади. Гарчи бу сизга ёқмаса-да, ўзингизни ноқулай сезсангиз, хафа бўлсангиз ҳам, индамай қўяверасиз. Сабаби — ўз қадрингизни билмайсиз ва ҳуқуқингизни талаб қилолмайсиз. Худди иккинчи томон ўз мажбуриятларини бажариш ёки бажармаслик ҳуқуқига эга-ю, сиз эса керагини талаб қилолмайсиз ва бунга ажабланишга ҳаққингиз йўқдай.

  1. Сиз учун зиддият билан жанжал орасида фарқ йўқ

Зиддиятли, ноқулай инсон — бу албатта, ёқимсиз «жанжалкаш» одам, шундай эмасми? Аммо ҳар доим ҳам бундай эмас, шунчаки кундалик нутқимизда «ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» иборасидан фойдаланилади. Кўпинча «ҳуқуқни талаб қилиш» дейишади, бу ибора салбий маънода тушунилади. Лекин ўз ҳуқуқини талаб қилиш, бу меъёр. «Жанжалкаш», «ҳуқуқини талаб қилувчи инсон» бўлиб қолишдан қўрқадиган одамни бошқариш осон. Унга умумий ишга садоқат қилмайсизми, худбинсиз, майда гапсиз, дейишингиз ҳамон, у сизнинг қулингизга айланади.

Аслида зиддият жанжал дегани эмас. Бу биринчи навбатда манфаатлар тўқнашуви. Уни тинчлик йўли билан ҳал этиш икки томонга боғлиқ, асабийликдан бошлаш ёки жанжал кўтариш шарт эмас. Сиз ўз нуқтаи назарингизни билдиришдан бошлашингиз мумкин: «Менимча, бу нотўғри», «Менимча, бунинг учун мен жавобгар эмасман», «Афсуски, илтимосингизни бажара олмайман, бандман».

  1. Чарчайсиз, ғазабланасиз ва ҳаммадан яшириниб юрасиз

Ҳаммани ўз устига “ортиб олган” инсон жуда банд бўлади. Унинг устига шахсий ишларига вақт тополмайди, чунки ўзгаларнинг иши етиб ортади. У доимо уялиб юради: рад жавоб бера олмайди, ваъда беради ва вазифаларни ўз вақтида бажаролмайди, кейин бунинг учун узр сўрайди, қўнғироқлар ва смс хабарлардан қочади. Чунки ҳар қандай янги хабарда илтимос, ноқулай таклиф ёки шунга ўхшаш бошқариш усули бўлиши мумкин, улардан чарчаб кетган бўлсангиз-да, рад этолмайсиз, яхшиси жавоб бермаганингиз маъқулдай.

Афсуски, бу ҳимоя яхши ишламайди. Биринчидан, сиз нотўғри жойда уяласиз, натижада сизни бошқарувчи инсон учун қулай имконият пайдо бўлади. Иккинчидан, сиз ҳамон рад жавобини беришга кучингиз етмайди. Тажрибасиз ушбу қимматли кўникмага эга бўлиш қийин, андиша қиладиган одамларни бошқаришдан осони борми.

Буларнинг ҳаммаси чарчоқ ва асабийликни чақиради. Энг ёмони, сиз доимо ноқулай ҳолатда юрасиз, маълум бир инсонлардан жаҳлингиз чиқади (афсуски, улар кўп ҳолларда яқинларингиз, оила аъзоларингиз, қариндошларингиз, дўстларингиз бўлиши мумкин). Ҳар қандай ҳолатда муносабатларингизни таҳлил қилиш керак. Ёрдам, учрашув, суҳбат учун рад жавобини беришга ҳуқуқингиз борми? Агар бунга жазм қилсангиз, сизни айбдор қилишадими?

  1. Сиз муносабатларда тенг ҳуқуқли бўлмайсиз

Дугонангиздаги муаммолар жуда таъсирли, аммо сизга келганда, сизники аҳамиятли эмас. Жуфтингиз ишда қийналса, соатлаб тинглаб ўтирасиз, сизга келганда эса: «Сен ўзинг уддалайсан» деган жавобни эшитасиз, шу билан ёрдам ўз ниҳоясига етади. Дўстларингизга кўмак зарур бўлса, шошилинч ҳаракатга тушасиз, акси бўлса, кутиб туришга мажбурсиз.

Бу ерда сизнинг ҳуқуқларингиз поймол этилади. Мукаммал муносабатларда бундай бўлмайди: ҳамкорлар орасида мувозанат бор ва муаммолар кичик қийинчиликлар асабийликсиз, ноҳақликсиз ҳал бўлади. Агар сизни хафа қилишса, демак, нимадир бўляпти. Чунки жаҳлланиш ҳисси кейин келиши мумкин: сиз ҳурмат қиладиган инсонингиз олдида ҳиссиётларингизни билдира олмайсиз ва бунга ҳуқуқингиз йўқ деб биласиз. Аммо учрашувдан кейин таҳлил қиласиз ва иш нотўғри бўлганини, нимага вақтида гапира олмаганингизни ўйлаб сиқиласиз, аммо энди кеч.

Шунинг учун эҳтиёжларингиз ҳақида яқинларингизга айтиб туринг: «Менга қўлловингиз керак, мени эшитинг. Маслаҳат беринг», «Кўчганимда ёрдам бермаганингиздан хафа бўлдим. Сизга қанча ёрдамим теккан, сиздан ҳам шуни кутгандим» дея.

  1. Кун тартибингиздан ҳаммасини билиб олса бўлади

Агар ҳалиям шубҳа қилаётган бўлсангиз, ҳаммасини видеотасмага тушириб бир таҳлил қилиб кўринг. Кейин ҳисобланг: ишингиз, хоббингиз, қизиқишларингиз, дам олишингиз қанча вақтни олади? Бировга ёрдам беришингизга-чи: телефонда дугонангизни овутиш, таниш учун мессенжер орқали бепул маслаҳат бериш, мураккаб ҳужжат бобида эрингизга ёрдам беришингиз (ахир бу сиз учун осон-ку)?

Албатта, бундай ҳисоб-китоб нисбий, шунчаки фикр юритиш учун. Масалан, бир кунда 20% бировнинг ишида банд бўлсангиз, демак, сиз тўрт кунлик иш ҳафтасида бир кунни тўлиқ бегоналарнинг юмушларига сарфлайсиз. Бу ишингиз ёки дам олишингизда қандай акс этишини тасаввур қилиб кўринг. Мабодо бояги кўрсаткич 30–50 %га яқинлашса, бонг уриш вақти келибди: ҳаётингизни ўзгалар бошқармоқда.

Нима қилиш керак

Наҳотки фаровон яшаш учун ҳеч кимга ёрдам бермаслик, кўнгилли бўлмаслик, яқинларни қўлламаслик керак? Албатта, йўқ. Аммо ёрдам — бу ихтиёрий ҳаракат ва бошқалар билан муносабатда шахсий кучларни ҳисобга олиш зарур бўлади (биз сизга бевосита қарам бўлган инсонлар ҳақида гапирмаяпмиз, масалан, фарзандлар билан вазият бошқачароқ бўлади). Сиз атрофдагиларга бағишлашингиз мумкин бўлган вақтингиз бор. Пулингиз бор, ёрдам қўлини чўза оласиз. Ёмон аҳволга тушган инсонни овутиш ва тинглашга кучингиз етарли. Аммо кучингиз аранг ўзингизга етиб турган пайтда ўзгалар келиб, сиздан кўмак талаб қилса, бу таҳдидли ўғриликдан бошқаси эмас. Бу вазиятда сизни эмас, босим ўтказаётган кимсаларни айблаш керак.

Босим остида бўладиганлар кўпинча ўз қадрини билмайди. Улар бошқалар муҳимроқ, ўзгаларнинг эҳтиёжи биринчи ўринда, деб фикр қилади. Бу масалани терапия давомида кўриб чиқиш керак: «мен муҳим эмасман, қадрли инсонмасман» деган ҳиссиёт ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир ўтказади.

Амалий маслаҳатга келсак, босим ва назорат вазиятида бир нечта оддий қоидалар мавжуд. Биринчидан, нима учун? деган очиқ ва оддий савол бериш керак. Босим ўтказувчи инсонда ҳокимият кучлироқ. Саволлар бериш орқали, сиз мувозанатни тиклайсиз. Сизни рози қилиш осон эмас — сизга қўшимча маълумотлар зарур: «Бу шаклни ўзингиз тўлдиринг» — «Нимага?» «Аввалига сайтимиздан рўйхатдан ўтинг…» — «Кечирасиз, нима учун?» Шошириш ва чалкашлик назоратга олмоқчи бўлганларнинг қуроли, ҳаммасини тартиби билан ҳал қилиш эса уларни қуролсизлантиради.

Иккинчидан, танаффус қилинг. Агар осонлик билан розилик беришга мойил бўлсангиз, воқеа марказини усталик билан тарк этишни ўрганинг. Бунинг учун баҳоналар кўп: зудлик билан хожатга бориш, сув ичиш, чекиш, бировга қўнғироқ қилиш каби. Бироз ғалати ёки қўпол кўринсангиз ҳам майли. Баҳонада тинч шароитда вазиятни соғлом фикр билан таҳлил қилиб оласиз. Иш, мажбурият ёки харажатларга дарров розилик берманг: «Кечгача ўйлаб кўрай», «Эрим билан маслаҳатлашиб олай», «Қайд дафтарим уйда қолиб кетибди, эртага кўриб айтиб юбораман» денг. Унутманг: агар бунга жавобан одам жаҳлланса ёки кучлироқ босим ўтказса, бу фикрингиздан қайтишга сабаб бўла олмайди. Бундан ташқари, бу ҳаммасини тўғри бажараётганингиздан далолат: бошқалар сизга нисбатан ноҳақлик қиляпти. Сизнинг манфаатларингизни кўзлаган одам кутишга тайёр бўлади.

«Йўқ» дейишни ўрганинг. Одамлар кўпинча рад жавобини беришга андиша қилади, чунки улар севимли бўлмай қолишдан қўрқади. Аммо сизни фақат хизматингиз учун яхши кўрадиганлар керакми? Шунинг учун ўзингизни оқламасдан рад жавобини бериш учун машқ қилинг. «Кечиринг, йўқ», «Йўқ, хоҳламайман» ва «Йўқ, менга ноқулай» — мана шу учта сеҳрли ибора ҳеч қандай қўшимча фикрни талаб қилмайди. Илгари сиздан ҳеч ҳам рад жавобини эшитмаган инсонлар аввалига бунга хайрон қолишади ва жаҳли чиқади. Балки мулоқот доирангиз ҳам ўзгарар. Аммо бу ўзгаришларнинг бари яхшиликка бўлади.