Никоҳ шартномаси: шунчаки ҳисоб-китоб ёки оқилона ёндашувми? 2-Қисм

Албатта, никоҳ шартномаларига қарши бўлганлар кўп бўлиб, улар шартнома тарафдорларини манфаатпарастликда қоралайдилар. Бир томондан, уларни тушуниш мумкин: одамлар муҳаббат ва ўзаро ишончга асосланган мустаҳкам оила яратишни орзу қиладилар ва юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар, можаролар ва ажралишлар ҳақида ўйламайдилар.

Тарафдорлар, аксинча, буни ҳаётий зарурат деб билишади, айниқса бугунги кунда никоҳ қураётган одамни ҳимоя қилишнинг ўзига хос кафолати, деб ҳисоблашади. Шартнома ажрашиш пайтида одамлар ўртасидаги идеал бўлмаган муносабатларни тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради.

Бу ерда мақоланинг биринчи қисмини ўқишингиз мумкин.

Хусусият ва камчиликлари

Никоҳ шартномаси, аслида, фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг бир тури. Ҳужжат бундай битимларга қўйиладиган асосий талабларга жавоб бериши керак (имзоланиш шакли, томонларнинг хоҳиш-иродаси мазмуни ва ифода эркинлигида).

Ҳужжатнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг шартлари мавжуд бўлган ва келажакда никоҳ пайтида олишлари мумкин бўлган буюм ва қоидалар учун ҳам қўлланилиши мумкин.

Хўш, мазкур ҳужжатнинг қандай хусусият ва камчиликлари мавжуд?

  1. Никоҳ шартномаси кўпинча тортишувларда юз берадиган узоқ ва оғриқли мулк тақсимотининг олдини олади. У ажралиш жараёнини максимал даражада соддалаштиришни назарда тутади. Бундай ҳолда, шартнома ёрдамида ҳар қандай низони осонгина хал қилиш мумкин.
  1. Шартномада ажралишдан кейин турмуш ўртоқлардан қайси бири нимани олиши, шунингдек, уларнинг ҳар бирига қандай вазифалар юкланганлиги кўрсатилган. Бу қонуний кучга эга бўлган ҳужжат.
  2. Уни имзолаган ҳолда бир-бирини севадиган одамлар ўзлари ва бутун оиласи учун хавфсизлик ва барқарорликни кафолатлайдилар. Масалан, Ўзбекистонда аёл кўпинча эрининг уйида «прописка» қилинмайди. Ажрашган тақдирда, у қўлида боласи билан кўчада қолиб кетиши мумкин ва собиқ турмуш ўртоғи ҳатто алимент тўламаслиги мумкин. Агар аёл шуларни шартномада ҳисобга олса, у ўзининг ва фарзандининг келажагини таъминлайди. Бу шунингдек қариндошларнинг келинга муносабатига таъсир қилиши мумкин. Улар келинни уйга кетишгача олиб бормайди, чунки бу ҳолда яхшигина моддий зарар кўриш мумкин. Ўзбекистонда бу масала жуда долзарб, шунинг учун шартнома келинни ҳимоялайди.
  1. Томонларнинг ҳар бири тўйгача ўзига тегишли бўлган мулкини сақлаб қолиши мумкин. Тўйгача ўзига тегишли бўлган мулкни сотиб, бошқа мулк сотиб олса, у энди умумий мулклари ҳисобланади.
  2. Шартномада ҳар бир томоннинг мажбуриятларини ёзиб чиқиш мумкин. Масалан, ким коммунал тўловлар тўлайди, болалар боғча, мактаби ва бошқа ҳаражатларини ким кўтаради ва ҳ.

Камчиликлардан – ўша шартномани тайёрлайдиган юрист ҳаражатлари. Ва атрофдагиларнинг гап-сўзи.

Ҳужжатга қандай талабларни киритиш мумкин эмас?

Ҳужжат шахсий номулкий характердаги масалаларни тартибга солмайди.

Шунингдек ҳужжат эр-хотиннинг ҳуқуқдорлик ёки ишга лаёқатлилигини чеклай олмайди;

— партнёрларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун судга мурожаат қилиш;

— эр-хотиннинг болаларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

— турмуш ўртоқлардан бирини ўта ноқулай ҳолатга келтирадиган ёки оилавий ҳуқуқ нормаларига зид келадиган бошқа ҳар қандай шартларни ўз ичига олиш. Масалан, барча мол-мулкни томонлардан бирининг ягона эгалигига ўтиши мумкин эмас.

Суд шартномани Ўзбекистон Фуқаролик Кодексида назарда тутилган умумий асосларда бекор (қисман ёки тўлиқ) деб топиши мумкин.

Бунга нимани киритиш мумкин эмас?

  1. Маиший мажбуриятлари тўғрисидаги бандлар.
  2. Бола туғилганлиги учун мукофот белгилаш мумкин эмас.
  3. Шартнома ота-она ажрашганда болаларнинг яшаш масаласини тартибга солмайди. Ота-онанинг болаларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат болалар тўғрисидаги битимларда ёзилиши мумкин.

Расмий никоҳни рўйхатдан ўтказмаган, аммо шунга ўхшаш шартномани имзоламоқчи бўлган одамлар учун альтернативалар борми?

Қонунчиликда «фуқаролик никоҳи» деган тушунчанинг ўзи йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 13-моддасига мувофиқ Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

ЎзР Оила кодекси 18-моддасига мувофиқ, Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.

Фақатгина расмий рўйхатдан ўтган никоҳ қонунчилигимизда тан олинади. Фуқаролик никоҳида яшовчи эр-хотин бундай шартномани имзолай олмайдилар, чунки у эр-хотинлар (ёки никоҳни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилган шахслар) ўртасида тузилади ва никоҳ рўйхатдан ўтган кундан бошлаб қонуний кучга эга бўлади.

Бундай жуфтликлар учун битта альтернатива мавжуд – бошқа ҳар қандай фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш: олди-сотди, ҳадя ва ҳк.

Ҳулоса

Никоҳ шартномаси институтининг мавжудлиги никоҳга кирадиган ҳар бир инсон уни имзолаши шарт дегани эмас, қонун шунчаки бундай имкониятни беради.

Агар эр-хотиннинг мулки асосан ёш оилаларга хос бўлган истеъмол молларидан иборат бўлса, шартнома тузишга ҳожат йўқ. Бу ҳолда уларнинг муносабатлари эр-хотин мулкининг қонуний режими тўғрисидаги қоидалар билан тартибга солинади.

Шартнома тузиш ёки тузмаслик фақат сизнинг ихтиёрингизда. Юрист сифатида, мен фақат ҳужжат муҳаббатни синдирмаслигини, аксинча оилани мустаҳкамлашга ёрдам беришини алоҳида таъқидламоқчиман. Кўплаб жуфтликлар расмий рўйхатдан ўтмасдан яшайдилар ва оила бузилса, аёл деярли умумий мулкка ҳеч қандай эгалик қилолмайди. Бундай никоҳда туғилган болалар агар эркак ўз хоҳиши билан оталикни тан олмаган бўлса ёки у суд қарори билан белгиланмаган бўлса таъминот кафолатига эга бўлмайди.

Эҳтимолли ажримда, ҳужжат сизни кераксиз можаролардан ва узоқ давом этадиган суд жараёнларидан ҳимоя қилади, энг муҳими, ҳар бир оила аъзосининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Лайло Ахмедходжаева, адвокат

Самрин Мамедова