ФАРЗАНДЛАР МУАММОСИ — ОТА-ОНАЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ АКСИМИ?

Бола ўта инжиқ, асабий ёки индамас, ўқишни хоҳламайди… Кўпинча бундай вазиятда фарзандимга жиддий тарбия бериб қўймасам бўлмайди, деб ўйлаймиз. Аммо аслида тарбияни ўзимиздан бошлаш керак эканлигини англайвермаймиз.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: ҚАТТИҚ НАЗОРАТМИ ЁКИ ЭРКИНЛИК БЕРИШ?

Ҳар кимнинг берадиган тарбияси ўзига хос ва ҳеч ким хатолардан суғурталанмаган. Хатоларда айнан бировни айблаш нотўғри. Айбдорлик ҳисси на ота-онага, на фарзандга фойда беради. Бола ота-онанинг айбдорлигини сезиб қолса борми, буни ўз фойдасига буриб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Содир бўлган ҳодисани орқага қайтариб бўлмайди, шундай экан, афсусланишнинг кераги йўқ. Балки ота-она бироз ёшлик қилгандир, ҳозир эса ёшлик хатоларини бемалол тўғирласа бўлади. Диққатни ҳам шунга қаратиш керак.

Мутахассисларнинг айтишича, замонавий ота-оналар кўп ҳолларда энг сўнгги чорани қўллашга ўрганиб қолган. Кимдир боласини ўта интизомли қилишни истайди ва машқ ўргатувчи ролини ўйнайди. Аслида эса фарзандни аввало тушуниб олиш, йўналтириш ва ривожланиши учун фаол ёрдам бериш керак.

Яна бир тоифа ота-оналар болаликдан қатъий чекловлар босими остида улғайган. Улар болаларига тўлиқ эркинлик бераман деб, ҳеч қандай чекловлар қўймайди ва натижада фарзандларини инжиқ, қулоқсиз ва асабий қилиб қўяди. Уларга муаммо аслида болада эмаслигини англаб етиш, бераётган тарбияси нуқсонлардан иборат эканлигини тушуниш қийин. Унинг устига ҳар бир боланинг ўзига хос хислатларини ҳам инобатга олиш зарур.

Кейин ота-она билан фарзанднинг хулқ-атворлари ҳам бир-бирига мос бўлмаслиги мумкин. Масалан, фаол оналарнинг боласи бироз хаёлпараст ёки аксинча, оғир-босиқ инсонларнинг кичкинтойлари тўполончи бўлади.

БОЛА БИЛАН ТИЛ ТОПИШИШНИ ЎРГАНИНГ

Бу йўлда энг яхши усул, бу бола билан биргаликда ҳар икки томонга ҳам маъқул келган юмушни бажариш. Иш баҳонасида унга камчиликлари, хатоларини дўстона оҳангда тушунтирса бўлади. Афсуски ота-оналарнинг ўзлари болаликда керакли тарбияни ололмагани сабабли фарзандига очиқлик билан муносабатда бўлишга қийналади. Аммо фарзандининг тақдирига бефарқ бўлмаган катталар ўзларида бу хавотир ва қўрқувларини енга олишлари керак. Фақат унутмаслик лозимки, ҳаммаси силлиқ кетмаслиги ҳам мумкин. Бола ўзининг ёшига мос равишда ўзгаришларга қарши туришга ҳаракат қилади. Бундай вазиятда катталар вазминлик билан ижобий натижа сари интилсалар адашишмайди.

БОЛА ОТА-ОНА УЧУН КЎЗГУ

Баъзида боланинг муаммолари — бу оила муаммоларининг акси бўлади. Зеро, оилани бир тизим деб олсак, ундаги ўзгаришлардан биринчи навбатда энг заиф аъзолар, яъни фарзандлар азият чекади. Гарчи ота-оналар фарзандимнинг олдида уришмаяпманку, деган хаёлга борсаларда, аслида бола жуда сезгир. Муносабатларнинг таранглиги ҳам унга таъсир кўрсатади. Шундай экан, фарзандга қараб унинг уйидаги аҳвол, вазият ҳақида бемалол таҳмин қилиш мумкин.

Энг муҳими, ота-оналарнинг ўз хатоларини тан олишидир. Ушбу биринчи босқичдан ўтган ва ўзгаришни истаган ҳар қандай инсон фарзандига ҳам тўғри тарбияни бера олади.

Манба: https://www.psychologies.ru