ШАХСИЙ ТАЖРИБА: ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СУРУНКАЛИ ЧАРЧОҚ СИНДРОМИНИ ЕНГИБ ЧИҚҚАНИМ ҲАҚИДА

Бу мавзудаги расмий маълумотлар жуда ҳам ваҳимали кўринмайди. Масалан, МДҲ давлатларида сурункали чарчоқ синдромига 3,7% одам чалинган бўлса, яна 18,5%и хавф остида. Уларнинг аксарияти 30-40 ёшдаги инсонлар, 80% и эса аёлларни ташкил этади. Аммо шифокорларнинг айтишича, ушбу рақамлар аслида анча каттароқ. Чунки сурункали чарчоқ, уйқусизлик, асабийликка чалинган ҳамма инсонлар ҳам депрессияга тушгунга қадар мутахассисга мурожаат қилавермайди.

Психологик ёрдам ҳақидаги сайтлардан бирининг муҳаррири Наталия Капица бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.

СЧС нима?

Охирги йил деярли дам олиш кунларисиз ишлашга тўғри келди. Бу эса соғлиғимда ўз изини қолдирди. Айниқса, қишда умуман кучим қолмасди, уйқудан аранг уйғонардим. Бошим тинимсиз оғрир, бир пиёла чойни ҳам зўрға кўтариб ича олардим. Шифокорга боришга мажбур бўлдим, тўлиқ текширувлардан кейин ташхис ҳам тайёр бўлди: сурункали чарчоқ синдроми (СЧС).

СЧС – ижтимоий тармоқларда чиқадиган шунчаки чиройли атама эмас. Сурункали чарчоқ синдромида дам олсангиз ҳам чарчоғингиз кетмайди.

Касаллик тарихи 1984 йилда бошланган ва шифокор Поль Чейнига бориб тақалади. У 200 нафар одамда мушакларда чарчоқ, депрессия, ўзини ёмон ҳис қилиш каби белгиларни аниқлаган. Бугунга келиб бу синдром ҳар ўнинчи одамда бор. Мен ҳам улар орасига тушиб қолдим.

Ишимдаги жадвал билан миям бир сония бўлса ҳам дам олишга ҳаққи йўқ эди. Ҳатто уйқуга ётганимда ҳам ижтимоий тармоқларни бир текшириб, бунга зарурат бўлмасада, беш-олти гап ёзишга ёки келгуси кун съёмкалари учун режаларни қоралаб қўйишга ҳаракат қилардим.

Чарчоқдан ташқари менда хотира пасайиши, асабийлик, тез-тез шамоллаш, лимфа безларининг яллиғланиши, уйқу бузилиши каби аломатлар кузатиларди.

Ташхис қўйиш

Мана икки йилдирки, психотерапевтга қатнайман. Бир куни азбаройи чарчоқдан ишга етиб боролмаганим учун шифокорга бормасам бўлмаслигини англаб етдим. Шифокор гормонал бузилишлар, темир моддаси танқислиги ва ҳамроҳ касалликларнинг ҳаммасини текшириб чиқди. Шундан кейин СЧС ташхисини қўйиб, дорилар билан даволай бошлади.

Даволаш

СЧС комплекс давони талаб қилади ва у ҳар бир бемор учун алоҳида танланади. Терапиянинг асосий вазифаси: марказий асаб тизимидан зўриқишни йўқотиш, уйқуни меъёрга солиш ва астениянинг бошқа барча симптомларидан ҳалос қилиш.

Пробиотиклар, энтеросорбентлар, седатив ва тинчлантирувчи воситалар – дориларим рўйхати шундай эди. Балки ўзгаларда булар эмас, бошқача дорилар бўюрилиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, массаж, мануал терапия курслари, бассейн ва психотерапия ўтказиларди.

Таҳминан бир ойча ўтиб бироз енгиллашдим, аммо даволаниш икки йилга чўзилди. Терапия вақтида фойдали одатлар кундалигини тўлдиришни бошладим. Об-ҳаво шароитидан қатъи назар сайр қилардим, уйқудан 1,5 соат олдин гаджетларни четга суриб қўярдим ва душанбадан жумага қадар ишлаш режимига ўргандим.

Яна менга китоблар, тузли хона ва қора шоколад ёрдам берди.

Шифокорларнинг фикрича, энг муҳими, вақтида мутахассисга мурожаат қилиш. Мабодо етарли дам олиш кунларидан кейин ҳам чарчоғингиз ўтмаса, куч-қувват қўшилмаган бўлса, бу сиз учун огоҳлик сигналлари бўлиши керак. Бу муаммога эътибор бермаслик бора-бора тушкунлик ва жисмоний толиқишга олиб бориши мумкин.

Манба: https://beautyhack.ru