СОБИҚ ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ МУНОСАБАТЛАРНИ ТИКЛАШНИ ХОҲЛАЯПТИ, АЖРИМДАН КЕЙИН БУНИНГ ИЛОЖИСИ БОРМИ?

Муносабатлар тугади, аллақачон нуқта қўйиб бўлгансиз. Қалб оғриқлари эсдан чиқди, ҳаммаси яхши. Аммо кутилмаганда собиқ турмуш ўртоғингиз пайдо бўлиб, ҳаммасини бошидан бошлашни илтимос қиляпти. Инсонлар осонликча ўзгармайди, аммо биз бунга ишонишни истаймиз. Қарор қабул қилишдан олдин эса яхшилаб ўйлаб кўринг.

ВАЗИЯТНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНГ

Ажралганингизга анча бўлди. Қарор қабул қилиш осон кечмаган, аммо сиз ўзингиз учун шундай хулосага келгансиз. Аввалига қийин бўлган, кейин сал яхшироқ, ҳозир эса ҳаммаси аъло даражада. Ниҳоят, ҳаётингизни изга солганингизда, яна у учради.

Кинотасма орқага айланиб, яна ўша даврлар қайтиб келяпти. Хотиралар, табассум, яқинлик ҳисси, муҳаббат. Юрагингиз яна оғрияпти. Сизга хиёнат қилишган, ёлғон гапиришган, ҳаётингизни заҳарлашган. Аммо собиқ умр йўлдошингиз негадир уларнинг барини осонликча унутиб қўйибди, шекилли: “Кел, ҳаммасини бошидан бошлаймиз”, – деяпти. Сизни “Наҳотки ўзгарган бўлса? Иккинчи имкониятни берсаммикан? Балки ҳаммаси бошқача бўлар?” деган саволлар қийнаяпти.

Кўпчилик сиз каби нега яна битта имконият бермадим экан, дея виждон азобида қолади. Аммо “ўтмиш сизни чақираётганда, унга жавоб берманг, у сизга янги нарса беролмайди” деган нақлни ҳам унутманг.

НИМАНИ ЭСДАН ЧИҚАРМАСЛИК КЕРАК?

1. Шунчаки ажралиб кетмадингиз ахир

Бундай қарор бирпаста келиб қолмайди, жиддий сабаб бордирки, сиз ажралиш йўлини танлагансиз. Биргина собиқ турмуш ўртоғингизнинг хоҳиши етарлимикан? Жуфтини чин дилдан яхши кўрган инсон уни йўқотмаслиги учун бор кучини сарфлайди.

2. Жуфтингиз ўргарармикан

Нега у бирданига ярашишга қарор қилди? Соғиндими ёки ёлғиз ўзи зерикдими? Ўша вақтда ҳам муаммолар ҳақида гапиргансиз, қандай натижага олиб келган? Вазият ўнгланишини қанча кутдингиз, аммо у ўзгармади. Энди ўзгарармикан? Умид қилса бўлармикан?

3. Ёлғизлик сизни қўрқитяпти

Ёлғизлик сизни даҳшатга соляптими? Аммо баъзида ёлғиз қолиш фойда беради. Бировнинг гапи учун мажбуран қадам ташламоқчи бўлсангиз, шошманг. Тақдир мени жуфт билан бошқа сийламайди, деб ўйласангиз бироз адашасиз. Яна азобли муносабатларни такрорлашдан кўра, ҳозирча ёлғиз қолиб турган маъқул.

НАТИЖА ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Бу дунёда ҳамманинг ўз жуфти бор ва у ягона инсон бўлмаслиги мумкин. Такроран бахтини синаб кўриб, унга эришганлар қанча. Қадрингизни биладиган ва сизни чиндан сева оладиган бошқа инсон бор. Ҳаёт яна қандай совғаларни тайёрлаб қўйганини эса сиз билмайсиз.

Манба: https://www.psychologies.ru