ҲАЙЗДА МУНТАЗАМ ТАРТИБ БУЗИЛСА: 8 ТА САБАБИ ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ УСУЛЛАРИ

Шифокор-гинекологлар огоҳлантиради: ҳайз мунтазам келмаяптими, демак, аёл организмида ўзгаришлар кетяпти. Бунга одатда стресс, парҳез ва нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа сабаблари ҳам бор. Улар ҳақида чет эллик акушер-гинеколог Надин Хамани маълумот беради.

– Ҳайз цикли – аёл саломатлигининг аксидир. Ҳар бир аёл ҳаётида бир марта бўлса ҳам цикл бузилиши рўй беради, аммо ўзгаришлар мунтазам тус олса, вазият жиддийлашиши мумкин. Шунинг учун махсус тақвим тутишни ва шифокорга вақтида мурожаат қилишни маслаҳат берамиз.

Ҳаммамиз ҳар хилмиз ва шунга қараб ҳайз цикли 21 кундан 35 кунгача давом этади, гоҳида бу муддатларда 2-3 кунга фарқ сезилиши мумкин. Аммо жорий ойдаги циклингиз 21 кун, унгача эса 35 кунни ташкил этган бўлса, демак, нимадир жойида эмас.

Мунтазам бўлмаган ҳайзнинг асосий сабаблари

1) Стресс ва юқори жисмоний юкламалар

Мия – организмимиз назоратчиси, шу жумладан гормонал тизимнинг ҳам. Агар ташқаридан хавотирли сигнал келиб тушса, авлодни давом этириш фаолияти эмас, “”омон қолиш” вазифаси ишга тушади ва цикл бузилади. Стресс ҳиссий ва жисмоний бўлиши мумкин. Меъёрдаги жисмоний юклама организм учун фойдали экани шубҳасиз. Лекин интенсив машғулотларни бошлаган бўлсангиз, организм уни стресс сифатида қабул қилади. Ушбу фонда адреналин ва кортизол гормонлари ишлаб чиқарилади ҳамда ҳайзнинг мунтазамлиги учун жавоб берувчи, циклни бошқарувчи гормонлар фаолияти сусаяди.

2) Овқатланиш тартибининг бузилиши

Бунга кескин вазн йўқотиш ва семириш, меъёрда бўлмаган парҳез тутиш каби ҳолатларни киритиш мумкин. Оч қолиш, организмда озиқлантирувчи моддаларнинг танқислиги ҳам стресс сифатида қабул қилинади. Бундан ташқари, ёғ тўқимаси эстрогенларни ишлаб чиқаради, унинг танқислиги аёллар гормонининг камайишига олиб келади. Семизликда ортиқча эстроген кузатилади, бу ҳам меъёрни бузади. Ортиқча вазнга эга аёлларда хайз циклининг бузилиш ҳолатлари 70% га етади.

3) Гормонал ўзгаришлар

Гормонларнинг ҳар қандай мувозанатсизлиги цикл бузилишига олиб келади. Биринчи навбатда бунга поликистоз тухумдонлар синдроми, тухумдонларнинг муддатидан олдинги етишмовчилиги, гиперпролактинемия, шунингдек, қалқонсимон без ва буйрак ости безларидаги ўзгаришлар кабилар киради.

4) Дорилар қабули

Кўпинча гормонал препаратлардан кейин цикл бузилиши содир бўлади. Бу каби препаратларни назоратсиз қабул қилиш, нотўғри танланган терапия ёки шошилинч контрацепция гормонларнинг табиий ишлашига таъсир қилиб, цикл бузилишига сабаб бўлади.

5) Шамоллаш, ЎРВИ

Касаллик вақтида организм инфекцияга қарши курашиш учун кўп қувват сарфлайди, шу сабабдан цикл бузилиши мумкин. Кичик тос органлари яллиғланиш касалликларида ва жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларда цикл бузилиши билан бирга ҳайз табиати ҳам ўзгаради.

Муҳим!

Аёл ҳаётида номунтазам ҳайзга сабаб бўлувчи, аммо муаммо ҳисобланмаган 3 та давр бор:

6) Ўсмирларда цикл шаклланиши

Ушбу давр биринчи ҳайздан кейин 1-2 йил давом этади.

7) Туғруқдан кейин ҳайз тикланиши

Бу даврда эмизиш учун пролактин гормони фаол ишлаб чиқарилади ва бошқа гормонларга тўсқинлик қилади. Эмизиш тўхтагандан кейин цикл бир неча ой ўтиб тикланади.

8) Климакс

40 ёшдан кейин жинсий гормонлар ва уларнинг фолликуляр заҳираси камаяди. Овуляция қисқариши ҳисобига циклда ўзгариш рўй беради.

Ҳайз цикли бузилишини четлаб ўтса бўладими?

1) Циклдаги ўзгаришларни аниқ билиш учун тақвим тутинг.

2) Фойдали ёғлар, витаминлар ва микроэлементлар бор таомларни меъёрда истеъмол қилинг.

3) Уйқуни тартибга солинг. Уйқусизлик организм учун стрессдир.

4) Фаол ҳаёт тарзини олиб боринг.

5) Ярим йилда камида бир марта шифокор-гинекологга кўриниб туринг.

6) Ўз-ўзингизни даволаш билан шуғулланманг.

Манба: https://beautyhack.ru