Қандай қилиб назорат қилиш одатидан халос бўлиш мумкин?

Нима учун биз назорат қилишни яхши кўрамиз? Чунки ҳаммамиз қўрқамиз. Бунга кутилмаган ҳодиса, хавфли воқеалар олдидаги қўрқувимиз сабаб.

Назоратнинг иккинчи сабаби, бу ўзига ишонишга бўлган эҳтиёж. Ҳаракатларимиз натижаси олдиндан маълум бўлганда, ўзимизни хотиржам сезамиз. Масалан, ресторан ёки кафега борганингизда, номаълум таомни танлашга иккиланасиз, унинг ўрнига таниш овқатга буюртма беришни афзал кўрасиз. Учинчи сабаб ҳам бор ва у олдинги сабабларни тўлдириши ёки мутлақо алоҳида бўлиши ҳам мумкин. Назорат қилиш истаги ички хавотирни енгиш усули сифатида намоён бўлади. Ташқи оламдаги тартибсизликни йўқ қилишни истовчи инсон аслида ички тартибсизлик билан аёвсиз кураш олиб бораётган бўлади.

Агар ички хавотирингиз ортиб бораверса, сиз оддий назоратчи эмассиз, балки ҳақиқий мукаммалликсевар инсонсиз. Топширилган вазифани ҳеч ким сиздай уддалай олмаслигига ва ҳатто ишнинг пачавасини чиқаришига ишончингиз комил. Сиз бировга умуман ишонмайсиз. Агар фарзандларингиз бўлса, уларга ишонмаслигингиз туфайли, болаларингиз азият чекади. Шундай бўлса, тўхтанг. Ўзингизга бир нечта саволларни бериб кўринг.

Назоратни қўлдан бой берсангиз, нимани йўқотасиз? Агар меҳмонлар сизнинг режангиздагидай жойлашмаса, нима рўй беради? Агар Италияга саёҳат бекор бўлиб, Испанияга кетишингизга тўғри келса-чи? Тайёрлаб қўйган кўйлагингиз қолиб, шим кийишга тўғри келса, нима бўлади? Бундан дунё остин-устун бўлиб кетадими? Ёки байрам кечаси тўхтаб қоладими, ёки таътил бекор бўладими? Бутун кўринишингиз биргина шим билан бузилмайди ва сизни ҳеч ким ёмон кўриб ҳам қолмайди.

Ўзингиздан бир сўраб кўринг: сизга назорат қилиш нима беради? Бу саволга жавоб топгандан кейин бир эслаб кўринг-чи, неча фоиз ҳолатларда ишлар режалаштирганингиздай кетган. Аслида назоратнинг ўзи йўқ. Назорат фақат хаёлларимизда бўлади. Мукаммалликка интилиш — сизни тўғри йўлдан адаштиради, ривожланишни тўхтатади, янгиликка интилувчанликни йўқотади.

Сизга энг яхши маслаҳатимиз: ҳаммасини ўзингиздан узоқлаштиринг. Бу билан режалардан воз кечинг, демаймиз. Атрофдаги оламга ишонинг ва оз бўлса-да, оқим билан бирга сузишга ҳаракат қилинг. Хавотирлансангиз, уни енгинг. Йога, цигун билан шуғулланинг ёки мутахассисга мурожаат қилинг. Тушунинг, барча муаммоларни ёлғиз ўзингиз еча олмайсиз, уларнинг бир қисмини бошқаларга ҳам ишониб топширинг.

Ҳақ эканингизни исботлашдан тўхтанг. Борлиқни борлигича қабул қилишни ўрганинг, инсонларни ҳам шу жумладан. Сиздан сўрашмаяптими, маслаҳат беришдан тийилинг. Ёнингиздаги қиз тўлачадан келган бўлиши мумкин, буни таъкидлаш шарт эмас. Қолаверса, қизнинг ўзи бу ҳақда жуда яхши билади. Агар унга сизнинг нуқтаи назарингиз зарур бўлса, бу ҳақда албатта сўрайди. Ҳар сония назорат қилишни бас қилинг ва воқеалар ўз-ўзидан содир бўлишига қўйиб беринг. Сўнгги сонияда рўй берган ҳодисаларнигина қабул қилинг, мана шу дамда ҳаракатларингиз наф бериши мумкин. Мукаммал оламнинг ўзи йўқ, фақат унга бироз яқинлашиш мумкин холос.