Cabin fever: Иложсизликдан ёлғиз қолганимизда, нима учун ўзимизни бахтсиз ҳис этамиз

УШБУ ҲИССИЁТЛАР КЎПЧИЛИККА ТАНИШ БЎЛСА КЕРАК: касаллик сабаб бир ҳафта уйда ёлғиз ўтирганимиздан кейин, ҳатто севимли уй жиҳозларимиз ҳам асабийлаштира бошлайди. Ушбу феноменни cabin fever деб аташади, яъни одам бир бинода кўп вақт давомида қолиб кетиши натижасида унда хавотир, безовталик ҳолатлари пайдо бўлади. Бир бинода қолиб кетганингизда, онгингиз сизга ушбу иншоатдаги муҳит организмингиз учун ноқулайлик туғдираётганини уқтиради, — дейди мухатассислар. Яъни эркинлигингиз чекланганлиги сизни ноқулай аҳволга солади.

Сabin fever ҳолатини оддий чарчоқдан фарқлаш учун қуйидаги белгиларга эътибор беринг: бинода диққинафас бўла бошлайсиз, диққатни йиғиш қийинлашади, лоҳас ёки лоқайдсиз, сабабсиз асабийлашаверасиз. Аммо ўзингизга ўзингиз ташхис қўйишда эхтиёт бўлинг, чунки чарчоқ ва асабийлик ортида баъзида тушкунлик ҳам яширин бўлиши мумкин. Уни эса психотерапевт, невролог ва эндокринологсиз тўлиқ даволаб бўлмайди. Агар доимо асабийлашсангиз, ҳаётга қизиқиш қолмаса, йиғлоқи бўлиб қолсангиз, иштаҳангиз тушса ёки кўтарилса, уйқусизлик безовта қилса, тушкунлик ҳолати ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.

Cabin fever ҳали охиригача ўрганилмаган феномен: уни ўрганиш мақсадида саксонинчи йиллар ўртасида тадқиқот ўтказилган. Тадқиқотда Миннесотанинг 17 ёшдан 84 ёшгача бўлган ўттиз беш нафар фуқароси иштирок этди. Иштирокчиларга ушбу феноменни қандай тушунасиз, деб савол беришди. Улар жавоб сифатида кўнгил тўлмаслик, хавотир, безовталик, зерикиш, оддий шароитдан қочиб чиқиб кетиш истаги, каби ҳолатларни кўрсатиб ўтишди. Кўпчилик бу муаммоларга қарши мустақил тарзда ёки дўстлари, яқинлари ёрдамида курашишга ҳаракат қилган ва фақат саноқли одам мутахассисга мурожаат қилган. Албатта, биргина тадқиқот билан умумий хулоса ясаш мушкул, лекин одамларнинг шикоятлари ҳаётда Cabin fever борлигига ишора қилади.

Сabin fever ҳолатига тегишли яна бир мисол, бу Шимолий қутбда кўп вақт давомида ишлайдиган одамлар тушадиган ҳолат. Уни яна «қутбдаги телбалик» деб аташади: об-ҳаво шароити ва яккаланиш инсоннинг руҳий аҳволига таъсир қилади. Жанубий Калифорния ва Британиянинг Колумбия университетлари олимлари шундай хулосага келишди, яъни қутб экспедициясига чиқадиган 40 % дан 60 % гача одамлар тушкунлик, уйқу бузилиши, асабийлик, ҳамкасблари билан зиддиятга бориш каби ҳолатларга тушиб туради. Уларнинг 5 % ига психотерапия талаб этилади ёки дори билан даволаш зарур. Бу ерда яккаланишдан ташқари яна бошқа омиллар ҳам таъсир қилади: баъзиларнинг тун билан кун алмашинувига кўникиши қийин бўлади. Баъзиларда клиник тушкунлик ривожланади. Яна бошқалар ҳар куни бир хил шароитдан зерикади.

Худди шундай вазият бошқа соҳа вакилларида ҳам учраши мумкин. Масалан, кон ишчиларида. 2010 йилда Чилида 33 нафар тоғ-кон ишчиси икки ярим ойдан ортиқ вақт давомида авария сабаб шахтада қолиб кетди: улар кўп асабийлашишди, бир-бирига жаҳл қилишди ва қутқарувчиларнинг илтимосларини рад этишди. «Чорасиз ҳолатда қолиш ҳатто қоронғу шароитда ишлашга ўрганган кончиларни ҳам хавотирга солган. Бу уларнинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир қилган», – дейди мутахассислардан бири.

Action for Children хайрия ташкилотининг ўтган йилда ўтказган тадқиқотларига кўра, сўровномада иштирок этган 52% ёш ота-оналар ёлғизликдан азият чекиши маълум бўлди: кўпчилиги оғир молиявий аҳвол ва бола туғилишидан олдин бўлгани каби, уйдан тез-тез чиқиб кета олмаслик сабабли, бошқалардан ажралиб қолганини ҳис қилади. Ёлғиз қарияларга ҳам осон эмас. Тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, айнан ёлғизлик ҳисси соғлиқда муаммоларга сабаб бўлади. Чунки у ҳаёт сифати ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатади.

Олимларнинг айтишича, ёлғизлик билан тушкунлик орасида алоқа мавжуд. Масалан, уч юзга яқин британиялик болалар орасида ўтказилган тадқиқотга кўра, болалигида (5-9 ёшда) ўзини ёлғиз ҳис қилганлар кейинги ҳаётида кўп тушкунликка тушганлиги маълум бўлган. Қолаверса, ёлғизлик суицид ҳодисаларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ёлғизлик субъектив ҳиссиёт, чунки барча ёлғиз одамлар ҳам ўзини ёмон ҳис қилавермайди. Ижтимоий яккаланиш, бу одамнинг жамоага қўшилмаслигини назарда тутади, ёлғизлик эса яккаланишни субъектив тарзда қабул қилишдир. Яъни бу вазиятда сен ҳар қанча ижтимоийлашувни истасанг ҳам, ҳақиқий ҳаётда бу содир бўлмайди. Қолаверса, яна шундай ҳолатлар борки, атрофида одамлар кўп бўлса ҳам, ўзини ёлғиз ҳис этадиган инсонлар бор.

Демак, ёлғизликка қарши курашиш чораларини албатта, излаш керак. Яшаш тарзи ёки фаолият турини алмаштириб кўриш мумкин: кўпроқ сайр қилинг, янги лойиҳани бошланг ёки уй жиҳозларингиз ўрнини алмаштиринг, яъни фаолроқ ҳаракат қилишга ундайдиган юмушларга эътибор қаратинг. Экспертлар овқатланишни тартибга солишни маслаҳат беришади: одамлар ёлғизликда оғир овқатларни кўп еб қўяди. Ёғли ва оғир таомлар эса одамни ланж қилади. Яна бир зарарли одат, кўп қаҳва ичиш, бу ичимлик хавотирни кучайтиради.

Шунингдек, атрофдагиларга эътиборлироқ бўлиш тавсия этилади: ёлғизлик билан бўлиб, ёнгинангизда нима рўй бераётганини ўтказиб юборманг. Зеро, сиз ўзингизни бахтли ҳис қилишингиз мумкин бўлган давралар бисёр. Энг муҳими, cabin fever даволанадиган ҳолат, унинг белгиларини ўз вақтида аниқласангиз бас.