ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Ташқи кўринишингиздан кўнглингиз тўлмаса, нима қилиш керак?

Ташқи кўринишга оид фикр-мулоҳазалар йилдан йилга, ёшдан ёшга, даврдан даврга қараб ўзгариб боради. Айниқса, модадаги ўзгаришлар бунга кўпроқ сабаб бўлади. Кўпчилик аёл-қизлар замонавий журналлардаги муқоваларни безаб турадиган машҳурларга ўхшашга ҳаракат қилади. Аммо ҳамманинг ҳам танаси, юз кўриниши бекаму кўст бўлавермайди ва ҳатто спорт, соғлом овқатланиш каби чоралар оёқ, қўллар, юзларни исталгандай ўзгартира олмайди.

Одатда ташқи кўринишдан қониқмаслик чўққиси ўсмирлик даврига бориб тақалади. Аммо олимларнинг айтишича, бу хусусият бола 2-3 ёшга тўлгандаёқ бошланади. Яъни ўзидан кўнгли тўлмасликнинг илк белгилари пайдо бўлади ва бундан бола уялади. Бунга биринчи навбатда ота-оналарнинг, атрофдаги одамлар, тенгдошларнинг танқидлари, эътирозлари сабаб бўлади. Бола эрта ёшидан ана шундай муҳитда улғайса, унда мен атрофдагилар кўз олдида кўркам эмас эканман, деган фикр пайдо бўлади. 5 ёшидан бошлаб у семизлигидан шикоят қила бошлайди, 7-8 ёшга бориб, синфдошлари томонидан ёғилган кескин танқидлар натижасида руҳан тушкунликка тушади.

Мактаб йиллари давомида ўзидан қониқмаслиги ортади, ўзига берадиган баҳоси тушиб кетади. 9-10 ёшдаги қизларнинг 40% -70% и танасининг қайсидир қисмидан норози бўлади. Ўсмирлик даврини ҳатто мутахассислар ҳам энг хавфли давр деб ҳисоблайди. Калака қилиш, камситиш, ОАВларнинг таъсири аҳволни яна-да мураккаблаштиради.

Балки сиз бу даврдан аллақачон ўтгандирсиз. Аммо эртага ота-она бўласиз ва болангизнинг тарбиясида бугун тилга олинган жиҳатларни ўтказиб юбормаслигингиз керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аввало оиладаги камситиш ҳолатлари болага кучли таъсир ўтказади. Айниқса, боланинг ўзига баҳо беришида салбий фикрларни пайдо қилади. У катта бўлганида, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим ўрин эгаллайдиган хислатларни танлашда адашади. Ўзига ишониш, алоқага киришувчанлик, юмор ҳисси, қийинчиликларга қарши кураш каби хусусиятларни эгаллаши қийин бўлади. Қолаверса, мослашувчанлик, дунёқарашнинг кенглиги, истиқболдаги режалар бобида иккиланиш ҳисси устун туради.

Аёллар учун ташқи кўринишидаги энг катта муаммо, бу вазн билан қомат. Кейинги ўринда бурун, терисининг ранги каби хусусиятлар туради, лекин аёл-қизлар орасида буларнинг ҳаммасидан кўнгли тўлмайдиганлари ҳам топилади. Энг ёмони, ташқи кўринишдан қониқмаслик ўзини ҳурмат қилиш ҳисси билан чамбарчас боғлиқ. Яъни бири салбий томонга ўзгарса, иккинчиси ҳам пастга қараб тушиб кетаверади. Қизиғи, бунда инсоннинг қандай кўринишда бўлиши умуман аҳамият касб этмайди, одамдаги ички қониқмаслик сезгиси биринчи ўринга чиқади. Ҳатто атрофдагиларнинг ижобий фикрлари ҳам қатъий тушунчани ўзгартиролмайди. Шу тариқа бутун олам сизга қарши туриб курашса ҳам, сизнинг ички таассуротларингизни ўзгартириш мушкул бўлади.

Одамлар ташқи кўринишидан қониқмаслиги натижасида турли усулларга мурожаат қилади. Ёқмаган аъзосини ўзгартиради, ана ундан кейин, балки охирги дақиқада психологик оламини ўзгартириш ҳақида ўйлаб қолади. Ваҳоланки, руҳий дунёни ўзгартириш истаги биринчи ўринда туриши керак. Яъни тафаккурни янгилаш, миядаги салбий фикрлардан халос бўлиш каби. Одамлар бировга ўзи ҳақида сўзлаб берар экан, кўнгли тўлмайдиган жиҳатлар ҳақида гапираётиб, уларни ўзгартириш истагини билдираверади. Қизиғи, ташқи кўринишини қабул қилган тақдирда ҳам ниманидир ўзгартириш истаги йўқолмайди ва одамлар спорт залларига боришда давом этади ёки даволовчи шифокорини тинч қўймайди. Баъзида бундай ҳаракатлар фойда ҳам беради. Соғлом турмуш тарзини олиб бориш, соғлов овқатланиш одати кимга халал берган, айтинг-чи?

Унутманг, ўз устингизда ишлашни бошладингизми, буни тўхтатмаслигингиз керак. Қолаверса, ҳар қандай шифокор ёки мутахассис сизни йўналтиради холос, асосий меҳнатни эса ўзингиз бажарасиз. Аммо яхши янгилик ҳам бор, яъни одам 30 ёшидан кейин ўзидан кўнгли тўлмаслик одати секин-аста сўна бошлайди.

Яна бир нарсага эътиборни қаратмоқчимиз — бу пластик жарроҳлик. Қандай сабаб билан унга мурожаат қилишингиздан қатъий назар, бир нарсани инобатга олишингиз керак, энг оддий операция ҳам асоратларни ва кутилмаган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.