Анчадан бери давом этган яна бир оилавий низо аёлнинг ўлими билан якунланди

Дарё мухбирининг хабар беришича, хотинини чавақлаб ўлдирган самарқандлик эркак лезвия билан ўз жонига қасд қилди.

Хабарда ёзилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи эркак турмуш ўртоғини ўтин майдалаш учун мўлжалланган болта билан уриб ўлдирди. Сўнгра лезвия билан қўл томирини кесиб, ўз жонига ҳам қасд қилди.

2020 йилнинг 7 августидан 8 августига ўтар кечаси «Ўрта Хўжасоат» маҳалласидаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлади. Ўт ўчириш гуруҳи ушбу хонадонга етиб бориб, алангани сўндирганидан сўнг, ҳовлидан аёл кишининг мурдаси чиққан.

Ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳи ташкил этилиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, ҳовлининг ўрта қисмидаги йўлакдан топилган мурда бошининг юқори қисмидан тўртта ва ўнг қўл билак-тирсак қисмидан битта санчиб кесилган, суяк соҳалари парчаланган ҳолда топилган. Жасаднинг шахсига аниқлик киритилганда, у шу хонадон бекаси эканлиги маълум бўлган. Хонадон кўздан кечирилганда қуриб битказилмаган ҳожатхона ичкарисидаги темир бочкадан иккала қўлларининг билак қисми кесилган, кийимлари ва танаси қон билан беланган, ўнг қўлининг бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасига лезвия ушлаган, ҳушсиз ҳолдаги эркак киши топилган. Аниқланишича, у марҳуманинг эри бўлган.

Олиб борилган терговга қадар текшириш давомида эркак олдиндан давом этиб келган оилавий низо оқибатида расмий ажрашмаган, аммо бир рўзғорда яшамаган турмуш ўртоғини ёғоч дастали ўтин майдалаш учун мўлжалланган болта билан бош қисмига тўрт маротаба, ўнг қўл билак-тирсак қисмига бир маротаба уриб, чавақлаб ўлдирган. Сўнг жиноят изларини яшириш мақсадида ҳовлидаги елим идишда бўлган бензинни яшаш хоналарининг ички ва ташқи томонларига сепиб, ўт қўйиб юборган. Жиноят қуроли ҳисобланган болтани ҳовли тўридаги ўтинлар орасига яшириб, ўз жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

________________

#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #ЗўравонликҚурбонлари #Жиноят