Қачонгача аёллар бир-бирини дўппослаб юради

“24 июль куни 26 ёшли эркак ўзининг 20 ёшли таниши (аёл) билан учрашган вақтида бу ҳолатни унинг турмуш ўртоғининг дугоналари кўриб қолиб, телефон орқали бу ҳақда эркакнинг аёлига хабар бериб, уни чақиришган. Аёлни ушлаб олиб, турли хил уятли сўзлар билан хақорат қилиб жанжал қилишган ва танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Ушбу жанжал вақтида эркак рафиқасининг дугоналаридан бири ўзининг уяли телефон аппарати орқали видеотасвирга олиб, уни “telegram” мессенжери орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармасининг хабарида.

 

Нега бу вазиятда яна аёл азият чекмоқда? Нега аёллар эркак билан гаплашмасдан, дарҳол қизга ташланди? Ҳар доим аёл “ўзи айбдор, эркак фариштами”?

 

Эркак қул эмаски, уни хоҳиш-истакларига қарамасдан аёл оиласидан олиб чиқиб кетса. У ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир. Бошқа аёллар билан мулоқот қилиш ёки қилмаслик эркакнинг танлови. Ҳеч ким бу одамни бошқаси билан учрашишга мажбурламади, у ўзи бу танловни амалга оширди.

 

Маҳалла, оила институти ва “маънавиятчилар” ҳар доимгидек жим. Улар статистикани бузмаслик учун ажралишнинг олдини олиш керак бўлганда гапиришлари мумкин, акс ҳолда бу «мамлакат имиджига» путур етказади.

 

Энг ёмони, бу воқеалар болаларнинг кўз ўнгида содир бўлмоқда. Энди улар бундай ҳатти-ҳаракат меъёрда деб ўйлашади ва эртага ҳудди шундай йўл тутишади.

 

Июнь ойида эса Хоразмда бир аёлнинг аёвсиз калтаклангани ҳақидаги воқеа кўпчиликнинг ғазабини келтирди. Тўрт аёл улардан бирининг ўғлининг ноқонуний аёлини урарди (ўша аёлнинг ўғли калтакланган аёл билан 2016 йилдан бери яшайди, турли хабарларда ёзилишича, йигитни у севган қизга уйлантиришмагани учун у тўйдан кейин хотини устига ўша аёл билан шаръий никоҳда яшаб келган). Бир эркак эса бу ҳаракатлар ва “самосуд”ни видеога олди.

 

Аёллар, эрингиз юриб кетса, “оилангизни бузган аёл” билан эмас, эрингиз билан гаплашинг. Бу бўлмаса, бошқаси. Ё эрингиз юрган ҳар бир аёлни тутиб, сочини калга олиб юрасизми? Ўзингизни ҳурмат қилишни, ишончли, ўзингизга тенг эркак билан ҳаётингизни боғланг. Севимли инсонингизнинг ҳар бир қадамини пойлаб юриш зарурати бор экан, сизга бундай эркакнинг нима кераги бор? Шунчаки эри бор деган гап учунми? Шу билан бахтли бўлиб қоласизми? Ҳаётингизга назар солинг, қанча муҳим лаҳзалар борки, сиз уларни қаердаги пасткашликларга алишиб юрибсиз!