Кўпинча аёллар золим эрларидан кетолмайдиларки, фарзандларини боқа олмасликдан қўрқишади. Алимент ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Даромадлар тўғрисидаги маълумотни қасддан сохталаштирадиган эркаклар бор – улар камроқ алимент тўлаш учун кичик иш ҳақини кўрсатадилар. Дилафруз худди шу муаммога дуч келди.
Дилафруз – 3 нафар вояга етмаган болаларнинг онаси (қиз ва икки ўғил). Ҳозир у икки нарса учун курашмоқда – ўз соғлиги ва адолат учун.
Аёлни 2002 йилда турмушга беришади. Дилафруз рўзғор ва болалар билан шуғулланар, лекин турмуш ўртоғига бизнесида ёрдам бериш учун ҳам вақт топарди. Биргаликда улар пойтахтда овқатланиш пунктини очишади. Ҳозир бу таниқли тармоқ. Эр-хотин бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятли бизнес-лойиҳаларни ишга туширишган. Эри умумий ишларини бошқа шахсларга расмийлаштираётганини Дилафруз етти ухлаб ҳам тушида кўрмаган.
Бу ҳам етмагандай, Дилафрузнинг айтишича, унинг онаси 2003 йилда ёшларга уй-жой олишда ёрдам берган – уй олиш учун ўз маблағларининг катта қисмини беради. Куёв эса уйни ўз онасига расмийлаштиради (2010 йилда Дилафрузнинг қайнонаси уй-жойни ҳадя шартномаси бўйича ўғлига қайта расмийлаштиради). Кейинчалик, аёлнинг айтишича, эр-хотин иккита қўшни уйни сотиб олиш имкониятидан фойдаланиб, ўз участкаларини кенгайтирдилар ва асосий уйга қўшимча иморатлар қуришди. Дилафруз ана шу уйлардан бирида рўйхатдан ўтган, аммо асосий уйнинг ҳудудини кенгайтириш учун эски уйлар бузилгандан сўнг, аёл пропискасини йўқотади. Уйлар учун кадастр ҳужжатлари мавжуд, аммо уйнинг ўзи йўқ.
Кейинчалик Дилафруз эри ўз хаёти билан яшаётгани ва болалар билан унга унинг хаётида жой йўқлигини англайди. Оилада низолар бошланади. Бир марта эр ҳатто унга қўл кўтаради. Айни пайтда аёл саломатлигида муаммолар пайдо бўлади – шифокорлар Дилафрузда бош мия саратонини аниқлашади.
Дилафруз бир нечта операция, кимё ва нур терапиясининг 30 сеансини бошидан ўтказди, унга ногиронлик берилди. Лекин касаллик билан курашиш аёлнинг ҳаётида ягона уруш эмас. Айни дамда Дилафруз мулк учун ҳам курашмоқда. Эри билан никоҳлари расман бекор қилинди. Эри бошқа аёл билан яшамоқда, болаларни эса Дилафрузга қолдирди. Аёлнинг айтишича, у жуда кичик ойликни расмийлаштириб, арзимаган алимент тўламоқда. Ва ҳозирги пайтда фақат болаларнинг хусусий мактабдаги ўқиши учун тўловларни амалга оширмоқда.
Биргаликда орттирилган мол-мулклари – уй, иккита нотурар иморат (Хамид Олимжон майдони ва Нукус кўчасида жойлашган), иккита машина ва тадбиркорлик даромадидаги улушни тинч йўл билан тақсимлаш имкони бўлмади. Дилафруз номига Ҳамид Олимжон майдонидаги иморат расмийлаштирилганди. Аёлнинг сўзларига кўра, ажримдан сўнг у мазкур жойни ижарага бериб, бу унинг ягона даромад манбаи бўлган, шу пулга Дилафруз ўзи ва болаларини боқиб келган.
Бундан аввал эр-хотиннинг ажрим масаласини кўриб чиққан судья аёлнинг собиқ эрини тўлиқ қониқтирадиган қарор қабул қилган. Суд турар-жой биносини тақсимлашни рад этиб, Дилафрузнинг собиқ турмуш ўртоғига уни қониқтирадиган турар-жойлардан бирини топширади ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган барча даромадларни эркакда қолдиради.
Дилафруз кейинчалик мурожаат қилган прокуратура ҳолатни ўрганиб, аёлни қўллаб-қувватлайди ва биринчи инстанция суди қарорига протест келтиради.
Шаҳар судининг хулосасига кўра, турмуш ўртоқларнинг ҳар бири учун турар-жойдаги тенг улушлар тан олинди. Ҳамид Олимжон майдонидаги нотурар жой бўлган бино (Дилафруз учун ягона даромад манбаи), аёл ихтиёрига қайтариб бериш, эркак Нукус кўчасидаги бино билан таъминланиб, иккита объект нархидаги фарқ аёлдан ундириладиган бўлди, шунингдек, аёлнинг бизнесдан дивидендларнинг ярмини олиш ҳуқуқи тикланди. Ваниҳоят адолат қарор топди, дерсиз. Асло!
2021 йилнинг январида аёлнинг собиқ эри Олий судга кассация шикоятини беради. Олий суд инстанцияси янги ҳукм чиқаради: турар жой ва Ҳамид Олимжон майдонидаги нотурар жой биносига эркак мутлақ эгаси ҳисобланади.
Аёл ўз онаси билан ўз улуши учун курашишда давом этмоқда, ким билсин бу сафар қонунчилик қандай ҳулоса бераркан…