Ушбу видеопарчада ўз ташқи кўринишидан рози бўлмай, уни ўзгартиришга уринаётган аёллар танқид остига олиниб, Яратгандан рози бўлмаган аёл эридан рози бўладими, дея кулгу қилмоқчи бўлинган.
Соч бўяш, қош териш ва шакл бериш муолажалари, киприк эктириш, филлер (кўпчилик ботекс деб атайдиган муолажа), мэйк-ап, пуш-ап (кўкрак ва бўксани шишириш муолажаси), тўхтовсиз туғруқлар…
Нима деб ўйлайсиз, булар аёл кишига қанчалик керак? Қанчалик фойдали ёки қанчалик зарарли?
Албатта, туғруқлардан бошқа барча гўзаллик муолажаларининг зарарларини санаб кетишингиз табиий.
Мутахассисга мурожаат қилсангиз, битта туғруқ аёл кишидан ярим соғлигини, ярим сочларини, бир нечта тишини, хотира кучининг маълум қисмини олиб кетиши ҳақида янаям аниқроқ маълумот оласиз. Регенерация (қайта тикланиш) жараёни камида 4 йилни ташкил этади, шунда ҳам ёш улғайгани сари, бу жараён янада секинлашади. Энди, ўзбек оилаларини кузатинг, туғруқлар орасидаги фарқ неча йилни ташкил этаркин?
Савол туғилади: Хўш, унда буларнинг барчаси нега керак? Улар зарар эканини била туриб, нега аёллар ўзини хавфга қўйиб, сохта гўзалликка бунча интилишади? Ким учун керак? Жавоб аниқ: Турмуш ўртоғига чиройли кўриниш, тез-тез ўзгариб, унинг кўнгли бошқага кетиб қолмаслиги пайида бўлиш, «ҳар кун бир хил овқат еган эркак зерикиб қолади-ку» ахир? Бир сўз билан айтганда, оилани сақлаш учун аёллар ўлиб-тирилиб ҳаракат қилади, ўзини аямай, кетма-кет туғруқларга рози бўлади. Мақсад – сал бўш қўйса, ўзини бошқаролмай, «ҳаловатини кўчадан қидирадиган», ўзини, ўз танловини, ўз қарорларини ҳурмат қилмайдиган ЭР деган яратиқни оилада тутиб туриш, оилани САҚЛАБ ҚОЛИШ!
Эримга лаби шишган аёллар ёқаркан… Эримга уёғи катта, буёғи катта аёллар ёқаркан, интернетда шунақа аёлларнинг расмларига лайк босиб ўтирипти… Ўзингга қарамасанг, эрим бошқага кетиб қоламан, деяпти… Шу сафар ўғил туғмасанг, онангникига жўна… Қўшним эрингни ушлаб қолмоқчи бўлсанг, бола билан боғлаб ол, деяпти…
Таниш гаплар, шундай эмасми? Аёл оилани сақлаш учун «кўзи эшитган, қулоғи кўрган» ҳамма нарсани қилади, нима қилиб бўлсаям, оилада бутунлик бўлсин, хотиржамлик ҳукм сурсин.
Тўртта болани туққандаям, эри ташлаб кетгани учун ўзини ўлдирганам аёл бўлди, эри боқмаётгани учун болалари билан ўзини сувга, поезд остига ташлаганам аёл бўлди. Нима, уларнинг оилани сақлаб қолиш учун қилган шунча ҳаракатлари ҳавога учдими?! Қаерда хатога йўл қўйилди?!
Менда ҳақли савол туғилди: ЭРлар, сиз ҳам оилани сақлаб қолиш учун нимадир қиласизми? Ҳеч йўқ бармоғингизни қимирлатасизми? Видеопарчада кўтарилган мавзу: аёлим мендан рози бўлсин, деб нимадир ҳаракат қиласизми?
Кўп кузатаман: эримга чиройли кўринай, деб, нақ Барби қўғирчоғи бўлиб олган аёллар бор. Эри билан бирга кўриб қолсам, Барбининг ёнида қорни осилган, семириб, ҳар қаёғи ҳар қаёққа тарвақайлаб кетган, ҳатто соч-соқолини тузукроқ тарашламайдиган бобо кўз олдимда гавдаланади.
Аёлингиз Яратгандан норози эмас, аксинча, сиз ЭРлар Аллоҳнинг яратиғига шукр қилмаяпсиз, Аллоҳ яратганича қолишларига имкон бермаяпсиз…
Алия ТЕМУРИЙЗОДА