Ўнг юзингга урганга чап юзингни тутиб берма!

Бир аёл эрининг хиёнатига чидолмай ўз жонига қасд қилибди. 4 нафар фарзанди қолиб кетибди. Эр бўлмиш “сабр қилсанг қайтиб келардим-ку”, деб уввос солармиш. Демак кўпгина эркакларимиз қайтиб келса, аёл шўрлик яна ҳеч нарса бўлмагандай кутиб олишига ишонади ва шу ишонч туфайли хотиннинг муҳаббатини суистеъмол қилганча хиёнатга ёки зулмга қўл уради. Демак муаммо биз – аёлларда, қайтиб келган эркакни кечиришимизда. Демак оммавий равишда қачонки қизлар хиёнаткор ва зулмкор эрни кечиришни бас қилсалар, бу нохушликларга, зулмкорликларга чек қўйилади. “Ўнг юзингга урганга чап юзингни тутиб бер” деган гапни нақадар ёмон кўраман.
Хиёнатга, зулмга сабр қилманг аёллар. Ўлим охирги чора эмас. Ўлим учун қидирган имкониятингизни, ўша арзимас эрдан кетишга, ундан озод бўлиб ҳаётингизни бошқатдан бошлашга, ўқиб, ўрганишга, ўз устингизда ишлашга сарфласангиз болаларингизнинг келажаги, аниқ биламан, чиройли бўларди. Энди-чи? Тириклигингизда болларингизни қадрламаган, оиланинг муқаддаслигини ҳис қилмаган, хотинга садоқат, вафо деган туйғуларни унутган эркак, сиз ўлганингиздан кейин оталик масъулиятини ҳис қилармиди?
Болаларим учун чидайман деманг, сизнинг кўз ёшларингизни кўриб ўсаётган болалар отасини яхши кўради, деб ўйлайсизми? Бир бор сўраб кўринг, “шу ота сизларга керакми”, деб. Мен ичадиган ва хотинини хўрлайдиган оиладаги ўсмир болаларнинг “шу отам ўлса қутулардим”, деганларини эшитдим. Она эса ҳамон ўша хўрликларга отасидан безор болалари учун яшаб юрибди, қани мантиқ?! Тарбиясиз, ахлоқсиз эркак бу сизнинг муаммоингиз эмас. Сизнинг ўзингизнинг жонингизни фидо қилишга, жонингизга қасд қилишингизга арзимайди. Ҳеч эшитмадим, хотинининг зулмидан ўз жонига қасд қилган эркакни, ҳеч эшитмадим – келиннинг золимлигидан ўзини осган қайнонани. Демак, келин жабрдийда, келинлар қадрсиз.
Демак биз ўша қадрлаб келаётган қадриятларимизда хатолик бор, менталитетимизда қусурлар бор.
Эрига, ота-онасига, қайнона-қайнотасига фақат МЕҲНАТЛАРИ билан қадр топишига ишониб яшаётган ўзбек аёллари! Нега келиннинг меҳнатлари, сабри, шукри учун қадрлашингиз керак. Уларнинг хиёнатга сабрсиз, зулмга шукрсиз ҳолатларида бахтли бўлишлари, қадрланишлари мумкин эмасми? Ўзбек аёллари қачонгача бахт учун бадал тўлашлари керак. Бадалсиз бахтга эришишлари мумкин эмасми?! Курашишлар учун сарфлаган кучини, миясини болаларининг илм олишлари, мотивация бериш учун сарфламайдими. Эрни асраб қолиш, хиёнатга, зулмга чидаш каби руҳиятидаги оғирликлар ўрнига қалбидаги лим лим қувончи ва бахти билан болаларига чиройли ҳаётни, чиройли орзуларни улашса бўлмайдими? Аламзада, ўқсик, кўз ёшлари лим лим бўлган она болларига қандай мотивация бўла олади.
Ёш оналар болани кўпайтирсам эрим мендан кетиб қолмайди деб соғлиғидан айрилади. Эсингизда бўлсин, худбин, ахлоқсиз, тийиқсиз эркак 10 та бола туғсангиз ҳам ташлаб кетади бир куни. Илтимос, қайтади деб кутманг шундай пайтда. Қайтиб келса, киритманг бошқа уйингизга ҳам, қалбингизга ҳам. Хиёнат, зулмни кечирманг, аёллар. Қачонлардир қайтиб келса киритмаслигингизни билган эркак ўйлаб қадамини босади. Сизнинг ҳам ташлаб кетишингизни билган эркак сизни меҳнатларингиз учун эмас, ИНСОН эканлигингиз учун қадрлай бошлайди. Ўз қадрини билиш ғурурли бўлишдан бошланади. Ғурурли бўлинг. Сизга хиёнат қилган, сизга зулм қилган, сизнинг ҳуснингиз учун, сизнинг меҳнатингиз учун сизни қадрлаётган эрдан кетинг, қайтиб келманг.
Оналар “эрингга артист бўл”, “ўзингга қараб юр”, “меҳнатдан одам ўлмайди”, деб қизларингизни золимлар, қурбонлик учун тарбияламанг. Сочи қоралигида бошқача севган, сочи оқлигида яна бошқача севган, хотини озғинлигида бошқача севган, семирганида бошқа озғин аёлга кетиб қолиш билан қўрқитган эрга эшикни кўрсатиб қўйинг: Мархамат, денг, сенсиз ҳам яшай оламан денг ва яшай олишингизни кўрсатиб қўйинг, ўз устингизда ишланг, ўқинг, изланинг, ўзингизни борингизча бировлар учун эмас ўзингиз учун яхши кўринг.
Чидам ва сабр жуда оғир юк. Қанча асаблар, соғликлар ва йўқотишлар орқали мукофот ваъда қиладиган таъмагир чидам ва сабрнинг мукофоти керакми сизга? Вақтинча иши юришмаётган ёки бемор ва ҳатто имконияти чекланган, яъни ногиронлиги бор, аммо меҳрибон эрга ШУКР қилинг, борича қабул қилинг, уни бахтли қилинг. Фақат ЗУЛМ ва ХИЁНАТГА чидашга мажбур эмассиз. Зулмкор ва хиёнаткор эркакдан кетиб бугун ўз устида ишлаган, ўз меҳнатлари билан болаларини оёққа қўйган, ўзини осмаган, ўзини поезд тагига ташламаган қанчадан-қанча аёлларимиз бор. Эри ялиниб келса киритмаган мағрур аёлларимиз, сизга таъзимдаман. БУГУН СИЗ ТИРИКСИЗ, БОРСИЗ, БОЛАЛАРИНГИЗНИНГ БАХТИ ҲАМ СИЗНИНГ БОРЛИГИНГИЗ, СИЗНИНГ СОҒЛОМЛИГИНГИЗ. Сиз яшаяпсиз ўша золимсиз, хиёнаткорсиз. Ўша хиёнаткор ва зулмкор эрга чидаш АЗОБИдан, менимча, эрсиз яшаш АЗОБИ енгилроқ.
Барно СУЛТАНОВА