ЖАВОБСИЗ СЕВГИ

Жавобсиз севги дардига мубтало бўлган инсон учун энг қийини, бу сизни яхши кўрмасликларидир. Шунга қарамай ҳеч қачон берилмайдиган жавобни кутиб яшашнинг кераги йўқ. Ушбу поёни йўқ доира ичидан чиқиб олиш учун катта ирода ва жасорат керак. Кўнглингиз эгаси сизники эмас ёки у аллақачон бошқаси билан бахтли. Сиз эса ҳақиқатни англашни истамайсиз.
Шахсий камолотга етган инсон хаёлотга берилмайди. Лекин ҳамон ички оламингиз улғаймаган бўлса, сиз орзулар уммонига ғарқ бўлиб яшайверасиз. Жавобсиз севги сизни кўплаб йўқотишлар сари чорлайверади. Сўнгги дақиқагача умид қилиб чарчамайсиз.
Қопланмайдиган инвестициялар
Севги – бу танланган объектга сарфланадиган инвестициялар, яъни орзу ва ниятларингиз маълум бир шахсга қаратилади. Инсонга қанчалик кўп фикр ва ҳисларимизни бағишлар эканмиз, унинг биз учун аҳамияти ортиб бораверади.
Биз унинг ижтимоий тармоқларини кузатамиз, у ҳақда суриштирамиз, сўроқлаймиз, учрашув ҳақида орзу қиламиз, хаёлимизда гаплашамиз. Шу тариқа митти уруғга тенг ҳиссиётларимиз гуллаб турган дарахтга айланади. Лекин бу дарахтимиз мева солармикан?
Агар орзуингиздаги шахс муносиб жавоб бериб, сизга инвестиция киритишни бошаса, албатта соғлом муносабатлар пайдо бўлади. Агар акси бўлса, жавобсиз севги азобида қоласиз.
Ўзини ўзи алдаш
Истаганча инвестиция киритишингиз мумкин: ҳақиқатни тан олиб тўхташнинг ўрнига, умид қилиш ва режалаштиришдан тийилмайсиз. Ўзи нимага умид қиласиз?
Ҳар доми ҳам вазиятни тўғри баҳолай олмайсиз. Шунинг учун стандарт қолиплар ортида яширинасиз: «севги учун кураш», «ҳақиқий севги тўсиқларни енгади», «яхшиликка ишониш керак» каби. Бир томонлама йўлдан кетишда давом этаверасиз.
Яна баҳоналар топишга ҳаракат қиласиз. Эътибор бермаяптими, вақти йўқдирда. Уялаётгандир, балки ҳисларини билдиришни билмас. Токи у инсон бизни яхши кўрмаслигини англаб етгунимизча шу тарзда давом этади.
Англаб етгач, яна саволлар қуйилиб келаверади: «Нега мени севмайди?» Жавоб ҳам тайёр: чиройли эмасман, бойлигим йўқ, қоматим келишмаган, ақлим етмайди, омадсизман. Ва сиз қачон чиройлироқ бўлсам, бойлигим кўпайса, қоматимни яхшиласам, у менга эътибор беради, деган хаёллар билан яна ўзимизни алдайсиз. Қарабсизки боши берк кўчалардан чиқа олмай қоласиз!
Ўзимизни пастга уриш орқали, биз кўпинча ўзгаларга бошқариш имконини берамиз. Натижада бировларнинг эҳтиёжларига жавоб бериб яшашга тўғри келади. Шахсий истакларимизни нарига сурамиз. Аммо яхшиликча берилмаётган ҳисларни мажбуран олиб бўлмайди. Вазифамиз нима учун севилмадим деган саволга жавоб топиш эмас, балки “суймаганга суйкалмаслик”, муносиб жавоб бермаган инсонни тинч қўйиш.
Севмаган, севмайди ва сева олмайди
Қарама-қарши жинс вакилларини қувноқ, ёрқин, қувватга тўла, кўзлари ёниб турадиган жуфтлар қизиқтиради. Сиз эса жавобсиз муҳаббат ортидан буларнинг барини йўқотгансиз. Хўш, энди қандай қилиб севилишингиз мумкин?
Қарамликдан чиқинг
Ўзингизни ўзингиз муносиб баҳоламайсиз, мақтовга муҳтожсиз, мустақил куч топа олмайсиз, ёлғиз ўзингиз бахтли бўлолмайсиз, муаммоларингиз ечимсиз қолади, яъни сиз ҳар томонлама бировга қарам бўласиз. Аслида мана шундай аҳволда туғиламиз. Лекин ҳаётдаги мақсадимиз қарамликдан чиқиб, мустақил яшашга ўрганиш. Бутун умримиз ушбу кўникмага боғлиқ.
Ўзингизга инвестиция киритинг
Бировга куч сарфлашдан олдин, ўзингизга куч сарфланг. Бировнинг орзуидаги, диққат-эътиборидаги инсонга айланинг. Ўзингизни муносиб баҳоланг, ҳиссий қувватингизни тикланг, муаммоларни мустақил ҳал қилишга ўрганинг. Ана шунда соғлом муносабатларга тайёр бўласиз ва сизга албатта эътибор беришади. Ниҳоят муҳаббатингиз ўз жавобини топади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди