ЎЗ ҚАДРИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

Атрофдан ўз қадрингни бил, деган сўзларни кўп эшитамиз. Бир қарашда буни уддалаш осондай гўё. Аммо кўп ҳолларда ўзимиз билмаган ҳолда қадримизни тушириб юборамиз. Хўш, нима учун? Қадр-қимматимизни ошириш учун қандай чоралар кўрмоғимиз лозим?

Ҳар бир инсон ўз ризқи, ўз қадри билан дунёга келади. Аммо афсуски буни ҳамма бирдек тушунавермайди. Сабаблардан бири – бу салбий, қийноққа солувчи ички кўрсатмалар бўлиб, улар ўз қадримизни ҳис қилишга тўсқинлик қилади. Нафақат тўсқинлик қилади, балки қадр тушунчасини унутишимиз учун барча чораларни кўради.

Келинг, яхшироқ англаб етишингиз учун бир вазиятни кўриб чиқамиз: корхона раҳбари Олим билан Бунёднинг олдидан ўтиб кетаётиб, уларга хўмрайиб назар ташлади. Буни кўрган Олим: «Демак, бошлиғимиз мендан норози, кўнгли тўлмаяпти», деган фикрга борди. Бунёднинг эса парвойи фалак, унингча, раҳбарининг маъноли қарашлари унга тегишли эмас, “биров билан келишолмай қолгандир-да”, деб ўйлади.

Олим билан Бунёднинг орасидаги фарқ қандай? Вазият бир хил, лекин фикрлар турли.

Автоматик фикрлар

Ҳар гал кайфиятимизни бузадиган ҳодиса рўй берганда, миямизда автоматик фикрлар туғилади. Гоҳида бундай ўйлар салбий бўлади. Салбийликнинг асл сабабини топа олмаймиз. Ушбу фикрлар шунчалик тез рўй берадики, биз уларни бошқаришга улгуролмай қоламиз. Табиийки, баҳолашга ва мантиқ излашга ҳам фурсат қолмайди. Асосий хавф ҳам мана шунда: автоматик фикрлар кайфиятимизга ва қадр-қиммат ҳиссимизга кучли таъсир қилади.

Ушбу ўй-фикрлар натижасида хаёлимизга ёмон тасаввурлар келади, энг қизиғи, уларга сабаб ва исбот изламаймиз ҳатто. Олимнинг хаёлини айнан шундай салбий ўйлар чўлғаб олди. У бошлиғининг тушкун кайфияти сабабини излаб ўтирмади ҳам, исботланмаган тахминга асир бўлиб қолди.

Ички кўрсатмаларни ўзгартириб, бошқача кўз билан қаранг

Когнитив терапия психология йўналишларидан бири бўлиб, тушкунлик ва ўз қадрини тушириш билан боғлиқ ўй-фикрлар устида ишлайди. Бир пайтлар автоматик фикрларга ўрганганимиз каби, улардан воз кечишни ҳам ўрганиш мумкин. Замонавий когнитив терапия соғлом ва асосли фикрларга суянган ҳолда ички кўрсатмларни ўзгартиришни назарда тутади. Терапия усули қуйидагича:

Хато фикр: «Мен учун муҳим ва қадрли бўлган инсон, мени ҳам қадрлаши ва ардоқлаши шарт»

Соғлом фикр: «Ҳаммага ёқиш учун бор кучимни сарфлашим шарт эмас. Биров мени ёқтирмаяптими, буни фожеа, деб қабул қилиш нотўғри. Ўзимни қадрлашимни ўзгалар белгилаб бермаслиги керак. Атрофдагиларни ҳурмат қилган ҳолда, ўзимни қадрлайман».

Хато фикр: «Ҳамма нарсани уддалашим шарт, биров мақташи учун ўзимни ўққа-чўққа солишим керак. Шунда қадрли бўламан. Агар шу мақсадларимга ета олмасам, демак, мен яхши инсон бўлолмайман».

Соғлом фикр: «Қўлимдан келганини бажараман, лекин энг яхши бўлишга интилмайман. Хатоларга йўл қўйишим мумкин, мукаммал кўринмасам ҳам майли. Ишимни ўз вақтида, энг муҳими кўнглимдагидай бажаришни истайман. Хато қилишим, омадсизлигим, мен арзимайдиган одамман, деган тушунчани бермайди. Муваффақиятга эришиш учун таваккал қилиш керак, йиқилишдан қўрқмаслик лозим».

Хато фикр: «Салбий воқеа рўй беришига тайёр туришим керак»

Соғлом фикр: «Балки қўрқувни енгиш учун хавф билан юзма-юз келиш керакдир. Аммо доимий салбий воқеаларни кутиб яшаш нотўғри. Хавотир ва нотинчлик ҳақида ўйлайвермаслигим керак. Улар яхши яшашимга ҳалақит беради. Ҳатто энг ёмон воқеа содир бўлса ҳам, мен уни енгиб ўтаман».

Хато фикр: «Ҳақиқатга юз келишдан кўра, қийинчиликлар ва муаммоларни четлаб ўтишни афзал кўраман»

Соғлом фикр: «Ҳаёт фақат ўйин-кулгидан иборат эмас. Яхши натижага эришиш учун машаққатлар довонидан ошмоғим лозим. Ялқовлик қилмасдан, қийинчиликларни енгиб яшашга ҳаракат қилишим керак. Қолаверса, осон эришилган бахтнинг қадри бўлмайди».

Ўз устингизда ишланг

Олтин ўрталиқ деган тушунча ҳам бор. Мабодо янглиш фикрларингизни соғлом фикрларга ўзгартира олмасангиз, меъёрни топишга ҳаракат қилинг. Бу ҳам сиз учун бир ечим. Фикрларингиз устида ишлаш учун куннинг бир қисмини ажратинг. Баъзи бир тадқиқотларга кўра, бунинг учун ярим соатнинг ўзи етарли. Барча фактларни йиғинг, муқобил йўлларни изланг, сизни хавотирга солган ўйларни қоғозга туширинг. Сўнг уларни таҳлил қилиб, тегишли чораларни кўринг. Хаёлингизда ёмонлик эмас, яхшилик бўлсин. Демак, ўз устингизда ишланг ва ижобий фикрланг. Ўз қадрини билиш бахтга эришишнинг ягона йўли эмас, албатта. Аммо ҳаётимизда муҳим йўналишларни белгилаб берувчи омил. Қадр-қиммат тушунчаси кўп нарсага таъсир қилади. Эътибор беринг, у ташқи омилларга эмас, балки ички ҳолатингизга суяниши керак.