ВЕРБАЛ ЗЎРАВОНЛИК

Сўкиш, мазах қилиш, қўпол сўзларни эшитганимизда гоҳида бефарқ ўтиб кетамиз. Баъзилар учун бундай иборалар оддий сўзлашув услубига айланган. Аслида эса бу вербал зўравонлик дейилади ва жисмоний зўравонликдан кам бўлмаган зиён етказади. Сурункали таҳқирлашлар қалб оғриғини келтириб чиқаради. Хафагарчилик эса руҳий ва жисмоний ўзгаришларга олиб келади.
Вербал зўравонлик қурбонлари кўпинча бунга чидаб яшайди ва ўзига нисбатан ишончи камаяди. Баъзилар қўполлик қилиб, кейин яхши гапирсам ҳаммаси унут бўлади, деб хато ўйлайди. Бундай фикр бора-бора меъёрга айланади ва хафа қилувчи инсон вербал зўравонга айланиб қолади. Қурбон инсон яқинининг бу ҳаракатларини оқлашдан ва ўзини тинчлантириб, чидаб яшашдан ўзга чора топа олмайди.
Вербал зўравонлик турли кўринишларда намоён бўлади. Уларни билиб олишингиз учун қуйидаги мисолларни келтирамиз.
1. «Кайфият кушандаси»
Кайфият кушандалари табассумингиз, хотиржамлигингизни кўра олмайди. Шунинг учун қулай фурсат туғилди дегунча, асабингизга тегишга ҳаракат қилади. Мабодо кўз ёш тўкадиган бўлсангиз, у хурсанд бўлади.
2. Лақаб қўювчилар
Агрессорлар ҳар қандай лақабларни ўйлаб топишга уста бўлади ва бу юмушни яхши кўради. Шу орқали одамларни бошқаришни ва уларга оғриқ етказишни мақсад қилади.
3. Сўзсиз ҳақлик
Вербал зуғум қилувчилар ҳеч қачон кечирим сўрамайди: чунки улар доим ҳақман, деб фикрлайди.
4. Айбловлар ёмғири
Айб қўювчилар ҳар нарсадан айб топиб, дакки беришга уста бўлади. Уларнинг мақсади, инсон айбдор бўлса-ю, бир поғона пастга тушса.
5. Пичинглар
Агрессорлар энг нозик жойларни топишни билишади ва айнан шу оғриқли нуқта ҳақида пичинг қилишади.
6. Бировнинг устидан кулиш
Улар кўпинча бировларнинг қизиқишлари, хоббилари устидан кулиб юради. Оқибатда одамлар юмушларидан андиша қилади, тўғри йўлидан адашади.
7. Қадрсизлантириш
Вербал зўравонлар бировнинг меҳнатини пастга уришни яхши кўради, ҳар қандай ютуқни тан олмайди, одамларнинг қадрини тушириб, уларни саросимага солади. Мақсад ўзининг қадрини ошириш.
8. Ниқоб тақиш
Зуғум қилувчилар буни ҳеч қачон ошкора амалга оширмайди. Вербал зўравонлик кўп ҳолларда яширинча, тор доирада бўлиб ўтади. Қурбон синфнинг қоронғу бурчагида, ишхонадаги хоналарнинг бирида ёки оила хонадонининг бир чеккасида зўравоннинг шивир-шивирини эшитишга мажбур бўлади.

Вербал зўравонлик қурбонлари жамоат жойларидан четлаша бошлайди, оммага аралашмай қўяди. Шу тариқа вербал ҳужумлардан ҳимояланади. Улар одамлар орасида хавотир ола бошлайди. Агар сиз юқоридаги ҳолатларга дуч келсангиз ёки шундай вазиятга тушган инсонни сезиб қолсангиз, вербал зўравонликка индамай турманг. Албатта ҳимоя чораларини кўринг.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/verbalnoe-nasilie-kak-ranyat-slova/