ХАВОТИР КУЧАЙГАНДА ЙЎЛ ҚЎЯДИГАН ХАТОЛАРИМИЗ

Хавотирга нисбатан жавобимиз кўп ҳолларда вазиятни янада чуқурлаштиради. Аслида эса муаммо ечимига хизмат қилувчи муносабат кўрсатишни ўрганишимиз керак. Лекин қанчалик ҳаракат қилсакда, хавотир вақтида юрагимиз тез уради, шошқалоқликдан ўзимизни йўқотиб қўямиз. Фикрлар яшин тезлигида чалкашади, саросимага тушамиз.
Бу ҳолатда мия организмга “ур ёки қоч” деган сигнални юборади. Ҳар бир одамнинг шу сигналга яраша жавоби бор. Лекин улар кўпинча хато бўлиб чиқади.

1. Хавотирдан қутулиш ҳаракати
Бу стратегия умуман ишламайди, қанчалик истасакда, хавотирдан шунчаки қутулишнинг иложиси йўқ. Қўрқув ва хавотир азалдан инсоният тақдирига битилган ҳислар ҳамда улар авлоддан-авлодга ўтиб келади. Ваҳима муҳим нарсага диққатни қаратадиган сигнал. Бундай пайтда мияда кортизол гормони кўпаяди ҳамда организмга “ур ёки қоч” деган буйруқ берилади. Айрим ҳолатларда сигнал ёлғон бўлиб чиқиши мумкин, шунинг учун уни йўқотиш вазиятни мураккаблаштиради.

2. Таскин излаш
Хавотир кучайганда одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари учун йўл излайди, яъни таскин топишни истайди. Хавотирни кўпинча қочиб қутулиш қийин бўлган таҳдидлар келтириб чиқаради. Ҳаётнинг ўзи хавфларга тўла. Ногаҳон йўл-транспорт ҳодисасига учраш ёки жиноят қурбонига айланиш мумкин. Муаммоларимизга бир хил ечим топиб бўлмайди. Бировлардан таскин топишни истаганимизда, хавотиримиз янада кучайиб кетиши ҳеч гап эмас.

3. Ҳаяжонланиш ва хавотир олиш
Хавотир келганда, албатта ҳаяжонланамиз. Миямизда турли таҳминлар пайдо бўлади. Бунинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин. Ушбу ҳолат тезда ўтиб кетса яхши, аммо қайталанаверса, салбий оқибатларга олиб келади. «Нега қўнғироқ қилмади? Жавоб берармикан? Нима қилдим экан-а? Ёқмаса-чи? – деган шубҳа-гумонлар билан ўзимизни қийнаганимиз қолади.

4. Вазиятдан қочиш
Хавотир натижасида яшириниб, қочиб кетгимиз келади. Кўнгилсизлик рўй берган жойдан узоқлашамиз, ундан қочиб юрамиз. Хавотир эса асло йўқолмайди. Вазиятдан узоқлашиб балки вақтинчалик таскин топармиз, лекин ўша вазият билан яна тўқнаш келганда қўрқув кучайиб бораверади. Энг яхши йўл, қийин бўлса ҳам, муаммо билан юзма-юз келиш. Шунда қўрқув чекинади.

5. Ҳеч қайси стратегия иш бермаса, хавотирни яна қандай енгиш мумкин?
Хавотирни зўрлаб йўқотишнинг иложиси йўқ. Ундан қочиш иш бермайди. Демак, хавотирни қабул қилишга мажбурмиз. Уни кузатишимиз керак. Ўзаро муносабат ўрнатиш лозим. Таҳдидни соғлом ақл билан баҳолаб, ҳаракатлар режасини тузиш зарур. Баъзида хавотир янги ютуқлар сари ундаши ҳам мумкин. Чунки у бизни тўхтаб қолишга қўймайди. Мабодо хавотир тафаккур қилишга бермаса, бироз танаффус қилиш тавсия этилади. Шунда вазиятга бошқача назар ташлаш имконияти пайдо бўлади.

Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/chetyire-oshibki-kotoryie-myi-dopuskaem-kogda-nas-presleduet-trevoga/