Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари боласини калтаклаётган ва мушукларни ўлдираётган эркакни хавфли деб ҳисобламадими?

Nemolchi.uz» таҳририятига қуйидаги мазмундаги хабар келди: «Илтимос, менинг хабаримни ёритинг.

Мен Ахмадиев Шамилнинг хотиниман. У мушукларни сотиб олиб, уйда ўлдиради, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳеч қандай чора кўрмаяпти. 14.06.2023 й. ўртамизда низо келиб чиқди. У менинг ишга чиқишимга қарши, ваҳоланки ўзи 6-7 ойдан бери ишламайди, менинг паспортим, телефонимни олиб қўйиб, уйдан ҳайдади. Эшикни қулфлаб олди, болаларимиз эса у билан ичкарида қолди. Мен қўшниникига кириб, 102 га қўнғироқ қилдим, улар бир соатдан кейингина келишди. Шунда ҳам участка нозирини юборишди. Эслатиб ўтаман, бу ҳолат биринчиси эмасди. Мен болалар учун қанчалик ҳавотир олганимни тасаввур қилолмайсиз. У сал аввал, яъни 10 июнь куни 11 ойлик ўғлимизни калтаклаганди, милиция ходимлари эса боланинг калтаклангани бўйича иш қўзғатмади!

Ички ишлар органлари ходимлари билан гаплашганда эрим қанчалик хавфли эканини айтсам ҳам мени эшитишмайди, ҳеч қандай чора кўришмаяпти, у касал, ҳайвонларга ўта шавқатсиз, ўлдириб, кечаси аҳлатга ташлайди. Бизнинг уч нафар фарзандимиз бор, бундай ҳолатда яшаш биз учун хавфли. Илтимос, мени қонуний равишда ҳимоя қилишга ёрдам беринг».

Аёл ёзаётган гаплар ҳақиқат бўлса, ички ишлар органларининг ҳаракатсизлиги жиноят! Вояга етмаган болани қийнаш, ҳайвонларга нисбатан ваҳшийларча муносабат бўйича нега иш қўзғатилмади? Нега бу шахс ҳалигача очиқда қолмоқда? У нафақат мушуклар, балки ўз оила аъзолари учун хавф туғдирмоқда.

Ўзбекистон ИИВ дан мазкур иш тафсилотларини аниқлаш ва ўз назоратига олишни сўраймиз. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари нафақат ишни ўрганиш, балки аёл ва унинг фарзандлари хавфсизлиги таъминланиши борасида тегишли чора кўришига ишонамиз.

Нигина Худайбергенова