Тошкентдаги мактаблардан биридаги психолог потенциал педофил бўлиши мумкин

Тошкент шаҳридаги 158-мактаб ўқувчиларининг ота-оналари Nemolchi.uz таҳририятига мурожаат қилиб, мактаб психологи Гасанов Азад Элдарович уларнинг қизларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этгани ҳақида хабар беришди. Уларнинг аризаларидан парчалар:

  • «Мен Миробод туман 158-сонли мактаб 3-синф ўқувчисининг онасиман. 06.04.2022 й. қизимнинг телефонида Гасанов Азад Элдаровичдан смс-хабарини кўриб қолдим <…>. Сўроқ қилганимдан кейин қизим <…> психолог уларни кўп бора дарсдан 2-3 талаб олиб чиққанини айтди. Илк бор унинг хонасига чиқишганида ҳаммаси яхши эди, у тестлар ўтказди. Кейинги сафарларда эса у қизларнинг турли жойларини ушлаб олар, силар ва ҳатто интим жойларини силаган. Ота-оналарга ҳеч нарса айтмасликни таъкидлаган. <…> Қизим психолог 3-синфнинг кўплаб қизларига шундай ҳатти-ҳаракатлар қилгани, лекин улар ота-оналарга айтишга қўрқишларини айтди. Айрим ота-оналарнинг рақамларини билганим учун уларга дарҳол қўнғироқ қилдим. Бу рост экани аён бўлди. Айрим ота-оналар эса бундан ҳамон хабарсиз».
  • «Мен 5-синф ўқувчисининг онасиман. Қизимдан мактаб психологи Гасанов А.Э. дарс пайти болаларни ўз хонасига олиб чиқиб, сексуал характердаги суратларни кўрсатиб, уларни яхшилаб томоша қилиб, нима кўришаётганини айтишни сўраганини билдим. <…> Қизим у ерда яланғоч аёл тасвирланганини айтди».
  • «Гасанов хонасига 3 нафардан қизларни олиб чиқарди. Бир кун ручкаси ерга тушиб, уни кўтармоқчи бўлганида гўёки билмасдан қизимнинг оёғига қўли тегиб кетади ва уни силай бошлайди. Қизим қўрқиб синф хонасига югуриб чиқиб кетади ва бошқа унинг хонасига кирмади».
  • «3-синф ўқувчиси онасининг сўзларига кўра, Гасанов А.Э. қишки таътилда унинг рухсати билан қизни уйдан олиб кетиб, музейга олиб борган. Музейга таксида орқа ўриндиқда кетишаётганида уни белидан қучоқлаб олади. Музейдан чиқиб онасига айтмасдан Қибрайдаги уйига олиб кетади. Йўлда таксида уни қучоқлаб кетади. Қибрайдаги уйида қизга тегажоғлик қилади. Қиз қўрқиб уни ўпмаслигини сўраганида эркак уни ҳали яхши таниб олса, ўзи унга рухсат беришини айтади. Гасанов уйидагиларга ҳеч нарса айтмасликни тайинлайди».

Ота-оналарнинг сўзларига кўра, мактаб раҳбарияти ошкораликка йўл қўймаслик учун ўқитувчини ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатишади:

  • «Мен қизимдан нега синф раҳбарига айтмаганини сўраганимда, ўқитувчиси мактаб ичида содир бўлган воқеаларни уйга етказмаслик кераклигини айтган экан».
  • «158-мактаб директори Т.А.Грибанова бизни тинглаб, мактаб рейтинги тушиб кетмаслиги учун жанжал келиб чиқишини истамагани учун бу муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишни таклиф қилади. Психолог Туман халқ таълими бўлимидан юборилганини айтиб, улар орқали бу муаммони ҳал қилмоқчи эканини айтди. Биз ички ишларни чақиришни ҳарчанд сўрамайлик, турли баҳоналар билан уни ишдан бўшатишларини, даволанишга муҳтожлигини ва ҳоказоларни важ қилади. Гасанов ҳеч нарсани инкор этмади. Аммо яқинда билдикки, директор Гасановни модда билан эмас, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатибди».

Натижада мактаб директори вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторларни чақириб, ота-оналарнинг сўзларига кўра, уларни Ички ишлар вазирлиги ходимлари сифатида кўрсатган. “Кейинчалик бизга Гасанов А.Э. руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилгани ҳақида хабар берилди. Бизга қўнғироқ қилишларини айтишди. Орадан бир соат ўтгач, улар бизга қўнғироқ қилиб, психолог билан гаплашиш учун болаларимиз билан ички ишлар бўлимига суҳбатга таклиф қилишди. Психолог туман ички ишлар бўлимидан бўлади, деб ўйлагандик, лекин мактаб психологи Нозима таклиф қилинган экан. Мен нима учун ички ишлардан махсус психолог юборилмаганини сўрадим. Менга бизнинг болаларимиз бошқа психологдан қўрқиб, ҳеч нарса айтмасликлари мумкин, деб айтишди», дейди оналардан бири.

Ота-оналарнинг қайд этишича, болалар суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Гинекологик курсида қизларни икки катта ёшли эркак кўрикдан ўтказди: “Биз у ерда янаям кўпроқ руҳий жароҳат олдик. Болам тинмай йиғлади, психолог хонасидаги воқеалар етмагандек, ўтказган текширувлари ётган устига тепгандай бўлди. Илтимос, бизга ёрдам беринг, мактаб директоридан ҳам, ички ишлар бўлимидан ҳам жавоб ололмадик. Ҳамма жим, у даволаняпти дейишади, ҳолос. Биз ҳатто терговчимиз кимлигини ҳам билмаймиз”.

Ўзбекистон ИИВ га саволлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноят қурбонлари ва гувоҳлари болалар билан боғлиқ масалаларда адолатли судлов бўйича асосий тамойилларига мувофиқ:

  • Жабрланувчи ва гувоҳ болаларга нисбатан муносабат уларнинг алоҳида вазияти ва бевосита эҳтиёжлари, ёши, жинси, соғлиғини ҳисобга олган ҳолда ҳамда уларнинг жисмоний, руҳий ва маънавий дахлсизлигини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, суд жараёни давомида ғамхўрлик ва эътиборга асосланиши керак. (10-модда);
  • Одил судловни амалга ошириш ва жабрланувчи ҳамда гувоҳ болаларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш жараёнида боланинг ёши, истаклари, тасаввурлари, жинси ва бошқа омиллар ҳисобга олиниши керак (16-модда).
  • Жабрланувчи болалар, уларнинг ота-оналари ёки васийлари ва қонуний вакиллари имкон қадар тезроқ муайян ишнинг бориши ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисида тегишли маълумотларни олишлари керак (20-модда).
  • Жабрланувчи болалар ва гувоҳлар, шунингдек, зарур ҳолларда уларнинг оила аъзолари тегишли тайёргарликдан ўтган, жумладан, тиббий ва психологик ёрдамдан ўтган мутахассислар томонидан кўрсатиладиган ёрдамдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак (22-модда).
  • Мутахассислар болаларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тартиб-қоидалардан фойдаланишлари керак, жумладан, болалар учун махсус суҳбат хоналарини тақдим этиш ва суҳбатлар сонини чеклаш, хусусан, видеоматериалларни ёзиш орқали (30-31-моддалар).

Нега 9 ва 11 ёшли болалар “яшил хона”да эмас, терговчи хонасида сўроқ қилинди? Масалан, Ички ишлар вазирлигида вояга етмаганларни сўроқ қилиш учун махсус хона мавжуд. Унинг очилишида вазир ўринбосари шундай деган эди: “Биз вояга етмаганларнинг жиноий судлов жараёнида иштирок этаётганларида саросимага тушишлари ёки стресс ҳолатида бўлишига йўл қўймаслигимиз керак”.

  • Нега болаларни мактаб психологи сўроқ қилган? Ота-оналарнинг айтишларича, психолог қизларга улар уйда етарлича меҳр кўрмаганлари учун ўша Гасановнинг айтганларини қилишган эмиш. Бу ўша айтилган “махсус ўқитилган мутахассисларми”?
  • Нега болалар сўроқ қилинганда видеога олинмади? Сўроқ натижаларини болаларни қайта-қайта сўроқ қилмаслик учун ишлатиш мумкин эди.
  • Нима учун гинекологик курсида текширув икки эркак томонидан ўтказилган?
  • Нега 10 кун ўтса ҳамки, ота-оналар тергов қандай кетаётгани ҳақида хабарлари йўқ? Қайси модда билан жиноий иш қўзғатилган?
  • Нега давлат жабрланганлар руҳияти учун салбий оқибатларни камайтириш бўйича ҳеч қандай чора кўрмади, улар ўз фожеаси билан ёлғиз қолди, уларга ҳатто психологик ёрдам ҳам таклиф этилмади?

ИИВ, Адлия вазирлиги, Сенат, депутатларга савол

Таърифланган номақбул ҳатти-ҳаракатлар ЎзР Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилиниши мумкин (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш – уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.) Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси (порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, намойиш қилиш) қўлланилиши мумкин.

129-модда бўйича санкциялар 2021 йил декабрида кучайтирилган. Қизиғи шундаки, янги таҳрирда ушбу моддада такрор содир этилган жиноят учун жазо назарда тутилмаган. Яъни, сиз чексиз номақбул ҳатти-ҳаракатлар содир этиб, жамоат ишлари ёки қисқа муддатли жазо билан қутулишингиз мумкинми? Шунингдек, моддада икки ёки ундан ортиқ вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳатти-ҳаракатлар содир этилган бўлса, қўшимча жазо назарда тутилмаган.

Бундай жиноятлар учун 360 соатгача жамоат ишлари ёки ўта оғир ҳолларда икки йилгача қамоқ жазоси етарлими? Таққослаш учун, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 135-моддасида бир нечта вояга этмаганларга нисбатан одобсиз ҳаракатлар учун 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 20 йилгача муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш назарда тутилган. Такрорий жиноят учун эса 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилади.

2022 йилнинг февраль ойида Nemolchi.uz бош муҳаррири адлия вазири Русланбек Давлетовга биринчи марта содир этилган бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш режалаштирилганми ва у педофилларнинг очиқ реестри ҳақида қандай фикрда эканлиги ҳақида савол берди. Вазир амалиётда аҳлоқсиз ҳатти-ҳаракатлари фарқланади, шунинг учун жарима ва бошқа жазо турлари кўзда тутилган. Бу ҳатти-ҳаракатларнинг жамоат хавфини ҳисобга олган ҳолда, шунчаки жавобгарликни кучайтириш керак эмас, албатта, лекин биз буни ўрганмоқдамиз, деб жавоб берди. Вазир реестрни бутунлай қўллаб-қувватлашини айтиб, судланганлик муддати тугаши, судланганликни олиб ташлаш ҳақида ўйлаш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ЎзР Меҳнат кодекси 2022 йилги янги таҳрирда ҳам вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг келажакда болалар билан ишлашини тақиқламайди. Шу сабабли, Гасанов А.Э. кейинчалик бошқа мактабга ва бошқа таълим муассасасига ишга кириши мумкин (Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонуннинг 44-моддасига мувофиқ мактабгача таълим муассасасида ишлаш бундан мустасно). Кўпи билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасига кўра, 5 йилгача ўқитувчилик фаолияти тақиқланиши мумкин. Аммо таълим муассасалари ходимларни ишга олишда тегишли маълумотларни сўрашлари шарт эмаслиги сабабли, буни назорат қилиш қийин.

Таққослаш учун, Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 351.1-моддасига кўра, «вояга етмаганларни ўқитиш, тарбиялаш, ривожлантириш, уларнинг дам олиши ва реабилитациясини ташкил этиш, тиббий ёрдам, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар, ёшлар спорти, маданият ва санъат соҳасида судланган, шунингдек жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ишлашига йўл қўйилмайди (айрим истиснолардан ташқари).

Ўзбекистон Меҳнат кодексида бу моддаларнинг аналогларига ўхшаш моддалар ҳам йўқ. Улар қачон пайдо бўлади? Қачон бизда педофиллар очиқ реестри юритилади? Тергов ҳаракатларида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари қачон ҳимоя қилинади? Давлат вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларга қарши қатъий курашни қачон бошлайди?