«Токсик» муносабат белгилари: жуфтингиз сизга фақат оғриқ бераётганини қандай англаб етиш мумкин

Қандай муносабатлар токсик, деб аталади? Инсонларни бахтли қилмайдиган, руҳан бойитмайдиган алоқаларга шундай ном берилади. Улар психологик муаммоларни келтириб чиқаради ва ҳатто жисмоний нуқсонларга ҳам олиб келади. Одамлар бундай муносабатлардан чиқиб кетиш учун йиллаб вақт сарфлайди, уларнинг токсик эканлигини англаб олиш ҳам осон эмас. Хўш, бу борада қандай хавотирли белгиларга эътибор бериш керак?

Зараркунанда. Сиз туну кун чумоли каби меҳнат қиласиз, жуфтингиз эса болалик орзуларини амалга оширади, кўнгилхушлик қилади, ҳаётидан мамнун ҳолда моддий аҳволни мутлақо ўйламайди. Жуфтингиз ким билан яшаяпти ўзи, сиз биланми ёки яратиб бераётган шароитларингиз билан: унга юқори даромадли ишни ташламоқчи эканингиз ва ижодий иш билан шуғулланмоқчилигингиз ҳақида айтиб кўринг. Ёки барча ишга улгура олмаётганингиздан шикоят қилинг. Қани, бу гапларни у қандай қабул қиларкан? Албатта, қизишиб кетиши тайин.

Устидан кулиш ва доимий низолар. «У ақлли инсон, шунчаки ҳазил қилишни яхши кўради» дея оқламоқчи бўласиз турмуш ўртоғингизни. Аммо бу қўпол ҳазиллар сизнинг ҳаётингизни заҳарлаб бораверади. Нейрофизиологларнинг фикрича, доимий ижтимоий стресс организмда икки хил протеиннинг ортиқча ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Улар ўз навбатида яллиғланиш ва моддалар алмашинуви бузилишини келтириб чиқаради. Жуфтингиз ёки қариндошларингиз билан доимий келишмовчиликлар тушкунлик, юрак касалликлари ва ҳатто онкологик хасталикларга олиб келиши мумкин.

Муаммолар ҳақида оғиз очолмайсан. Турмуш ўртоғингиз ўзгаришни истамаса, демак, оиладаги шароитдан унинг кўнгли тўқ. Аммо сиз ноқулайликларни сезсангиз, демак, муносабатларингизда муаммо бор. Токи иккингиз ҳам бирдай қулайлик сезмас экансиз, тўлақонли иттифоққа эришиб бўлмайди. Бундай муносабатлар борган сари тушунмовчилик, зиддиятга тўлиб боради ва охири боши берк кўчага олиб кириб қўяди.

Нафрат ва бахтсизлик. Токсик муносабатлар замирида инсоннинг ўзига нисбатан нафрати ортиб боради: чунки олдингизда сизни ҳар доим танқид қилиб, фақат ёмон томонларингизни кўрсатадиган инсон бўлса, албатта ўзингизга берадиган баҳоингиз тушиб кетади. Демак, қобилиятсиз, хунук, эпсиз аёл эканман, деган тушунча пайдо бўлади. Баъзида руҳиятимиз бизга фожиавий йўлда эканимизни айтмоқчи бўлади. Тадқиқотчилар анорексияга учраган бир гуруҳ қизларни ўрганиш асносида, уларга қандайдир «ички овоз» йўл кўрсатишини аниқлашди. Бу овоз уларнинг даволанишига тўсқинлик қилади ҳамда ғамгин мавзуларга бошлайверади. Психологлар ушбу овознинг табиатини яхшироқ ўрганиш мақсадида, бемор қизларнинг хатлари, кундаликлари, смс хабарларини таҳлил қилишди. Аниқланишича, ички овоз қизларнинг атрофдаги одамлар билан мулоқотига кўпроқ муносабат билдиради. Бундан келиб чиқадики, психик ўзгаришлар энг аввало, атрофдагилар таъсирида рўй беради.

Келажак қоронғу. Кўнгилдагидай муносабатларда барқарорлик ва ўзига ишонч ҳисси устунлик қилади, яъни сиз ойда бир уйда бўладиган ҳарбий мухбирнинг рафиқаси бўлсангиз ҳам, келажак учун бирга режа қилишга фурсат топа оласиз. Аммо токсик муносабатларда бундай эмас. Сизларни умумий келажак ёки ҳозирги замон эмас, балки ўтмиш бирлаштиради, ҳали ҳам бирга эканингиз сабабини ўтмишдаги ёрқин хотиралардан излайсиз. Келажагингизни тасаввур қилсангиз, қоронғуликдан бошқасини кўрмайсиз, ҳатто бундан қўрқасиз, бу эса заҳарли муносабатларнинг энг муҳим белгиларидир.

Ёлғизликдан қўрқиш. Аллақачон боши берк кўчага кириб қолганингизни тан олсангиз-да, лекин айро яшашни истамайсиз. Чунки ёлғизликдан қўрқасиз. Айнан шу қўрқув туфайли, аёл ҳам, эркак ҳам ҳаётини барбод қилувчи заҳарли муносабатларни давом эттиради. Токсик муносабатлар қаҳрамони бўлган инсон ўз жуфтининг қўрқувларини жуда яхши билади, шуни била туриб, назоратни ўз қўлига олади. Қолаверса, янгидан-янги талабларни қўяди. Унга боғланиб қолганингизни қанчалик кучли ҳис қилса, ўзини шунчалик худбин тутишда давом этади.