Токсик муҳитда эканлигингизни билдирувчи 5 белги

Токсик муҳитни қандай аниқлаш мумкин

ПСИХОЛОГИЯДА «ТОКСИК» СЎЗИНИНГ маъноси анча мужмал берилган. У ўз қадр-қимматини аста-секин пасайтирадиган зарарли таъсирни англатади ҳамда уни англаб етиш қийинроқ. Тажовузкорлик — эса ҳар доим заҳарли бўлмаслиги мумкин. Агар бирор бир инсон сизга бақириб, қўпол муомалада бўлса, бу ёқимсиз, қўрқитадиган ҳис бағишлайди. Сиз: «У менга бақирди», «У қўпол муомалада бўлди», дейишингиз мумкин.

Токсик таъсир қилиш усуллари одатда пассив-тажовузкор табиатга эга. Ушбу тажовузкорликни аниқлаш қийин, чунки у анча билинмасдир. «У мени мақтаб қўйди, аммо бу мақтовдан ўзимни камситилгандай ҳис этдим» дейиш қийинроқ. Бунга жавобан: «Нимага бунча безовта бўляпсан!» дегингиз келади.

Алоҳида инсон билан муносабатлар токсик бўлиши мумкин. Баъзида бутун бир гуруҳ ичида муҳит токсик бўлади: муассаса, иш жамоаси, дўстона жамоа, оилавий муҳит каби. Афсуски, токсик муҳит таъсиридан ҳимояланиш қоидаси битта — максимал даражада орадаги масофани камайтириш. Қайси нуқтада зарарли таъсир камайганини сезсангиз, шу масофагача бориш керак. Токсик муҳитни аниқлаб олиш йўлларини ўргатамиз.

  1. 1. Номаълум қоидаларга риоя қилмасликда айблашади

Энг оддий ва ҳаммага тушунарли бўлган мисол — давлат муассасасининг ҳушёр қўриқчиси ёки ишчиси. Оёқ кийимда кирганингиз учун гап эшитасиз, ваҳоланки, киришда бахилалар йўқ эди ва ҳеч қандай огоҳлантирувчи ёзув ҳам осилмаган. Сиз кўринмас тўсиқни босиб ўтдингиз ва аниқланишича, «Қўриқланадиган ҳудудда бўлиб қолдингиз?!»

Худди шу вазият дўстлар даврасида, оилада ёки ишда ҳам содир бўлиши мумкин. «Мижоз билан қандай гаплашдингиз?» — «Барча одамлар каби, нима эди?» Суҳбатдан кейин ушбу инсон алоҳида эътиборни талаб қилувчи муҳим шахс эканлиги маълум бўлиб қолади. Аммо бу ҳақда сизни олдиндан огоҳлантиришмаган, чунки «Ахир ҳамма буни билади-ку!». Балки муҳим маълумотни ўтказиб юборгандирсиз ва буни ҳамкасбларингиз сезмай қолишгандир. Аммо бундай вазиятлар такрорланаверса, демак, нимадир бўлаётгани аниқ.

Қоидалар фақатгина ҳаракатларга эмас, балки алоқа усуллари, суҳбат мавзулари, мулоқот қоидаларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Кечагина ҳамма шу мавзуда ҳазиллашганди, аммо бугун сиз ҳазил қилганингизда, ёмон нигоҳларни сездингиз. Атиги бир кунда бу мавзу тақиқланиб қолибди, сиз эса буни тушунмай халаксиз. Афсуски, бундай вазиятда бирор сабабни аниқлаштириш қийин. Савол берсангиз, ҳайрон нигоҳларни учратасиз, билишингиз керак эди, дея киноя қилишади, энг ёмони, аниқ қилиб тушунтиришмайди, гуруҳ қоидаларини ошкор этишмайди.

  1. 2. Табиий эҳтиёжларингиз, турмуш тарзингиз устидан кулишади ва муҳокама мавзусига айлантиришади

«Ичмайсизми? Ошқозонингизда яра бўлса, нима қилибди?»; «Уйга кетишингиз керакми, ҳали эрта-ку. Болаларингиз кутиб туради!». Диабети бор одамга ширинлик ейишни таклиф қилаётган «дўстлар» ёки антибиотик қабул қилаётган инсонга коньяк қуйиб бераётганлар шундай важ кўрсатишади: «Намунча ноз қиласиз, аслида яшашнинг ўзи зарарли!»

Дўстларингиз ёки қариндошларингизнинг яшаш тарзи сизникидан фарқ қилади, деб ўйласангиз адашасиз. Гап бунда эмас. Мисол учун, вегетарианлар гўшт ейдиган одамлар билан дўст бўлиши мумкин, ичкилик ичадиганлар эса ичмайдиганлар билан. Аммо соғлиқ, парҳез, турмуш тарзингиз ва эҳтиёжларингиз бобида ҳеч ким сизга босим ўтказиши керак эмас. Қолаверса, сизга зарар келтирувчи таклифлардан хам огоҳ бўлишингиз лозим: масалан, чекмайдиган инсонга тамаки маҳсулотини таклиф қилиш, панкреатит касаллиги бор инсонни ёғли, аччиқ таом ейишга ёки спиртли ичимликларни ичишга ундаш.

  1. Қоидалар ҳар қадамда ўзгаради ва сиз доимо уларга мослашишингиз керак. Аммо ҳеч ким сизга мослашмайди

Жамоа билан шаҳар ташқарисига саёҳатга чиқишларингиз ортга сурилаверса, ишда муддатлар ўзгараверса, сизни лойиҳадан лойиҳага алмаштираверишса, бир ишни тугата олмасангиз, бу ҳали унча қўрқинчли эмас. Энг катта масала, сиз билан ҳеч кимнинг ҳисоблашмаслигидир ва бу қоида ими жимида эълон қилинган, сиз жамоа қоидаларига мослашиб юраверасиз.

Бир қарашдан одатий ҳолга ўхшайди, аслида эса ундай эмас. Ишлаш қулай бўлган жамоаларда ҳар кимнинг эҳтиёжи инобатга олинади. Соғлом муҳит ҳукмрон бўлган оила, жамоа ёки компанияда сизга пешвоз чиқишларини биласиз, сиз ҳам кези келганда ёрдам қўлини чўзасиз, кўнглингиз хотиржам ва қурбонликлар кам бўлади. Аммо яхши ишламайдиган жамоада ўзингизни югурдак инсондай ҳис этсангиз, демак нимадир жойида эмас.

  1. Сиз учун муҳим қадриятларингиз таъқибга учрайди

Ёдда тутинг! Қадриятлари сизга мос келмайдиган ҳар қандай жамоа, муҳит ёки инсонлар заҳарли бўлавермайди. Диндорлар ва диндан узоқда бўлган инсонлар, либераллар ва консерваторлар, исботланадиган тиббиёт тарафдорлари ва муқобил амалиётларни севувчи шахслар ўзаро дўст бўлиши мумкин. Аммо бир шарт билан: улар ўзаро фарқни ҳурмат қилади, ўзгани қайта ишонтиришдан узоқда, бошқанинг қадриятларига менсимай қарамайди. Фарқни эса четга суриб туради: «Бу ерда ҳар хил бўлсак-да, балки бошқа томонлама мос келармиз» дея.

Бундай дўстлик учун яна мос келиш хусусияти зарур. Аммо буни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Бундай дўстлик катта сабр, тушуниш ва эътиборни талаб қилади: муносабатларга асабийлик, нафрат, манманлик аралашиб қолмаганми, деган саволга жавоб беришади. Муносабатларни давом эттириш учун ҳамманинг кучи етавермайди. Барча фарқларда ҳам буни уддалаш осон эмас. Бунда куч, сабр ва дунёқарашларни тўғри баҳолаш зарур. Керак пайтда эса узоқлашишни ҳам билиш лозим. Ўзаро ҳурмат ва ўз вақтида узоқлашиш ҳам яхши йўл.

Токсик сценарий — бу муҳим қадриятингизга ҳужум уюштирилиши, сиз эса чидашга мужбурсиз. Сиз диндор инсонсиз, ҳамкасбларингиз эса динни масхараловчи ҳазилларни айтишади, ваҳоланки, бу сизга ёқмаслигини олдиндан айтиб қўйгансиз. Бошқа сиёсий қарашларга эга инсонлар орасида атайлаб сиз билан баҳс боғлашади. Умумий сценарий таҳминан шундай: сизни ўткир эмоционал ҳаяжонга солишади, оғриқли мавзуларга тортишади, иштирокчилар сизнинг қийналишингизни томоша қилиб туришади.

  1. 5. Шахсий чегараларингиз бузилганини айтсангиз, ўзингизни айбдор қилишади

Бир танишингиз қўполлик қилди ва бу ҳақда дарров ўз фикрингизни айтдингиз. Аммо шу дамда жамоанинг бошқа иштирокчилари сизни уялтиришади, «сизга бошқача муомала қилиш керакмиди» дея яна ўзингизга кечирим сўраттиришади. Бошлиғингиз сизга бақирганда, ҳамкасбларингиз айбингиз учун уялгандай бўлиб, бошлиқни қўллашади, худди унинг бақирганига сизнинг хатоларингиз айбдор.

Бундай вазият тез-тез такрорланиб турса, хавотирли белги ҳисобланади. Нима мумкину, нима мумкин эмас, деган фикрлар сизларда кескин фарқ қилади. Соғлом муҳит ҳукмрон бўлган гуруҳда икки инсон орасидаги зиддиятга ёки аралашмайдилар (агар зиддият кичик бўлиб, гуруҳнинг умумий манфаатларига зид бўлмаса), ёки ҳар икки томонни тинглаб, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Сабабини аниқлаштирмасдан туриб, тажовузкор инсон томонига ўтиб олиш, бу таъқибнинг белгиси. Бу меъёрий мулоқотда бўлиши мумкин эмас.