ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Қандай қилиб ёлғизликни енгиш мумкин

БАЛКИ ҲОЗИР ЎЗИНГИЗНИНГ ШИНАМГИНА ХОНАДОНИНГИЗДА фарзандларингиз ва турмуш ўртоғингиз билан бирга ўтириб, шукрки, ёлғизлик менга тегишли эмас, деб ўйлаётгандирсиз. Аммо бу ҳаётда “катта гапириб бўлмайди”. Ҳозир ишлари 100 фоиз яхши бўлган инсонлар, эртага кутилмаганда ёлғиз бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ёлғизлик дарди не-не инсонларни синдирган. Унинг вайронкор кучи инсоният бахтига соя солади. Шунинг учун ҳам психологлар ёлғизликни енгиш йўлларини излаш билан оввора.

Ёлғизлик — жуда оғир мавзу. Анчайин оғриқли ва ҳаммага таниш. Кимдир уни яхши билади, кимдир ёмон. Аммо деярли барчамиз ундан вақтинчалик бўлса ҳам қочишга ҳаракат қиламиз. Баъзилар эса бутун умр давомида хавотирли фикрлар, тушларни ҳайдаб солиш эвазига, ёлғизликдан халос бўлишга ҳаракат қилади. Ёлғизликка кўникишнинг ягона усули (уни бутунлай енгиб бўлмайди) — бу уни тан олиш, англаб етиш ва ҳис қилиш. Ёлғизлик уч хил бўлади: шахслараро, шахснинг ичида ва экзистенциал. Биринчи турида дўстлар камайиб кетади, муҳаббат ришталари узилади, жамият билан алоқаларга дарз кетади… Бир қарашдан у бошқа турларга қараганда, энг оддийси ҳисобланади.

Энг мураккаби — шахснинг ичидаги ёлғизлик. Бу вазиятда одам шахсий ҳисларини тарк этиб, бировларнинг таъсирига тушиб қолади, ўз индивидуаллигини йўқотади. Балки ота-онангиз ўйлаш ва қарор қабул қилиш истагидан сизни маҳрум қилгандир. Балки шундай яшаш орқали оқим бўйлаб сузиб бориш қулайроқдир.

Ниҳоят, энг охирги тури экзистенциал — унга бутун инсоният чалинган, аммо буни сезишни ҳам, тан олишни ҳам истамаймиз.

Хўш, юқоридаги турлар нечоғли муҳим? Шахснинг ички ёлғизлиги билан экзистенциал ёлғизликда омма ичида сингиб кетишни истаймиз, дўстларимиз ёки жуфтимизга қарамлашиб қоламиз. Турмуш ўртоғимиз билан йиллаб яшасак-да, ўзимизни ёлғиздай ҳис этаверамиз. Демак, «узоқ ва бахтли ҳаётнинг ўзи сароб экан-да». Чунки бундай муносабатлар сиз учун ягона илинжга айланади, аммо унинг ичида хавотир билан яшайсиз. Бир кун муносабатлар ҳам якун топади, одамлар бу дунёга устун бўлолмайди. Бир куни бу дунёдан ёлғиз кетишга тўғри келади. Зеро, фақат эртак қаҳрамонлари биргалашиб ҳаётни тарк этади.

Нима учун биз ўзгаларга мослашишимиз керак?

Олдимизда мудом бир савол туради – ёки жамиятга қўшилиш, ёки ёлғиз қолиш. Айнан шу дилеммани тўғри ечиш орқали, ёлғизлик чегарасидан чиқиб кетамиз, хавотир ва қўрқувдан халос бўламиз. Лекин инсон аввало ўзлигини англаши керак. Бунинг учун эса унга ўзини яккалаш жуда муҳим. Демак, ёлғизликнинг фойдаси ҳам бор экан. Инсон шахсий қизиқишлари, эҳтиёжлари, одат ва иллатлари, кулгу ва кўз ёшлари, бахт ва бахтсизлигини англаб етиши учун, ёлғизликда қолиши керак. Бу нарсаларни биз одатда ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун мослаштиришга ҳаракат қиламиз. Кимнидир хафа қилмаслик учун, истакларимиздан воз кечамиз, севимли инсонларимиз хурсандчилиги учун халоватимиздан айриламиз, фарзандларимиз учун эса ўзимизни қурбон қиламиз. Аёлнинг табиати шундай.

Ёлғизлик эса инсонга ўзини топишга ёрдам беради. Натижада асл муҳаббат қандай эканлигини билади, тўғри сева олиш, муносиб эъзозлаш, ҳурматлаш каби тушунчаларни янгитдан кашф этади. Ўзига жабр қилмасдан туриб, атрофдагилар учун яшашни ўрганади. Ёлғизликда ёрдамга келадиган энг кучли туйғу бу меҳр-муҳаббат. Айнан муҳаббат ёлғизлик дардини енгишга ёрдам беради, севимли инсонингиз қўрқувларга қарши туришга ундайди, сиз бировга қарам бўлмайсиз, турли баҳоналарни ўйлаб топмайсиз, эшитишни ўрганасиз ва ўзингизни борлигингизча қабул қиласиз.

Шундай экан, ўзига хосликдан воз кечиб бўлмайди, айнан у бизни бошқалардан ажратиб туради. Фақат шу йўл орқали биз ёлғизликда бахтли бўла оламиз, фақат шу йўл орқали биз ҳақиқий муҳаббатни ҳис этамиз ва севимли бўламиз. Кимгадир мослашишга ошиқманг, ўз “мен”ингизни топинг.